Тошкент ИИББ терговчиси айбланувчининг қарийб 20 минг долларини олгани учун қамоққа олинди

Маҳкамаси давом этаётган Насиба Узоқованинг 20 минг долларини терговчиси олиб қўйган Фото муаллифлик ҳуқуқи Surat Ikramov
Image caption Маҳкамаси давом этаётган Насиба Узоқованинг 20 минг долларини терговчиси олиб қўйган

Тошкент шаҳар ИИББ терговчиси Солиҳ Раҳмонов ўзи тергов қилган диндорларнинг 20 минг долларга яқин пулини ўзлаштиришда айбланиб ҳибсга олинган. У "Ҳизбут таҳрир" фирқасига аъзоликда гумонланиб қўлга олинган Насиба ва Умида Узоқоваларнинг уй олиш учун йиғиб қўйган пулини мансабини суиистеъмол қилган ҳолда тортиб олгани айтилмоқда.

Солиҳ Раҳмоновга Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168 - моддаси: Фирибгарлик, 206-модда: Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 209-модда: Мансаб сохтакорлиги каби айблар қўйилган.

Айни дамда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида маҳкамаси давом этаётган ва Солиҳ Раҳмонов томонидан тергов қилинган Умида Узоқова собиқ терговчисининг ҳибсга олингани ҳақида март ойида бохабар бўлганини айтади.

"Кунини эслай олмайман, аммо Солиҳ Раҳмоновни тергов қилаётган ИИВ ходими мени Тошкент шаҳар прокуратурасига чақиртирди. Борсам у ерда мени Солиҳ Раҳмонов билан юзлаштиришди. Раҳмонов менинг номимдан ҳаммадан узр, сўранг, сизларнинг пулларингизни мен олган эдим, мени шайтон йўлдан урибди, деб айтди", дейди Умида Узоқова.

Солиҳ Раҳмоновнинг Умида Узоқовага юзлаштирув чоғида маълум қилишича, Насиба Узоқова ва унинг ўғли Муҳаммадамин Абдураҳмонов ҳамда қизи Умида Узоқоваларнинг иши бўйича Тошкент ИИББда дастлабки суриштирув ишлари олиб борилаётганда ва иш ҳали Солиҳ Раҳмоновга оширилмаган вақти оиланинг 20 минг доллар пули борлигидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бохабар бўлган.

Масъул Солиҳ Раҳмоновга бу оиланинг уйини сотиб, уй олиш учун тўплаб қўйган пули борлиги ҳақида айтган ва уни ҳам олиб келиб берайликми, деб сўраган. Бироқ Раҳмонов унга бу пулларнинг терговга алоқаси йўқлигини айтиб, рад қилган.

Би-би-сида Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ва масъуллари қўнғироқ ва мурожаатларга жавоб бермагани учун Солиҳ Раҳмоновнинг ушбу даъвосини расман тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Солиҳ Раҳмонов тергов давомида Умида Узоқовани уй қамоғига чиқариш вақти, яъни 2017 йилнинг 28 ноябр куни бу пулларни олиш фикри келиб қолганини айтган.

Бу ҳақда у Умида Узоқова билан Тошкент шаҳар прокуратрасида юзлаштирилган пайтда айтиб берган.

"Шундан кейин 6 декабр куни одамларини пулни олиш учун тоғамнинг уйига юборган. Унгача менга телефон қилиб тоғамнинг телефон номерларини олди. Нимага олаётганини айтмаганди", дейди Умида Узоқова.

Умида Узоқова тоғаси Сайфулла Саидхўжаевнинг уйидан пулни олиб кетганлар ИИВ ходимлари ёки Солиҳ Раҳмоновнинг танишлари эканлиги ҳақида маълумоти йўқлигини айтади. У ушбу одамлар билан юзлаштирилмаган. Уларни пулни олаётганда ўзларини терговчи Солиҳ Раҳмоновнинг ёрдамчиларимиз деб таништиришган.

Би-би-сига бу одамларнинг ҳам қўлга олингани ҳақида маълумот бор.

"Гумондорнинг 20 минг долларига МХХ ҳам кўз олайтирган"

Солиҳ Раҳмонов юзлаштирув чоғида оиланинг 20 минг долларига бошқа ички ишлар ходимлари ҳам кўз олайтирганини айтган.

Хусусан, Насиба Узоқова ва унинг фарзандларини ушлаган ва уларнинг даъво қилишича, қийноқларга тутган Тошкент шаҳар ИИББ ва МХХ тезкор ходимлари ҳам пулни олишга ҳаракат қилган.

Бироқ терговчи Солиҳ Раҳмонов улардан олдинроқ "улгириб қолган",

Раҳмоновнинг Умида Узоқова билан юзлаштирув чоғида айтишича, Узоқоваларнинг пулини олишга қоши ва пешонаси ўртасида тиртиғи бор МХХ тезкор ходими ҳам ҳаракат қилган.

"У ўзини бизга ҳеч қачон таништирмайди. Аммо пешонасининг тепасида шрами бўлгани учун биз уни шрам деб чақирамиз. Раҳмоновнинг айтишича, айнан ўша шрамли тезкор ходим тоғам яшайдиган маҳаллага ўзининг одамини қўйган бўлган. У маҳалла раисларидан тоғам ҳақида сўраб маълумотлар йиққан ва тоғамнинг уйини кузатувга олган бўлган. Бироқ Солиҳ Раҳмоновнинг одамлари улардан олдинроқ пулни олиб кетиб қолган. Шрамли одам улгурмаган", дейди Умида Узоқова.

Раҳмонов пешанасида тиртиғи бор тезкор ходимнинг исмини айтмаган, бироқ унинг МХХ (ҳозирги ДХХ) тезкор ходими эканлигини айтган.

Солиҳ Раҳмонов ўзлаштирмоқчи бўлган пул Насиба Узоқованинг уйини сотиб олиб қўйган пули бўлган. Уй топиб сотиб олгунча сақлаб туриш учун акаси Сайфулла Саидхўжаевга омонат сифатида бериб қўйган бўлган.

"У пуллар 20 минг доллар бўлган. Улар уни тоғамнинг қўлидан тўлиқ олиб кетишган. Лекин терговчининг ёрдамчиларимиз деб акт тузган одамлар қоғозга 19800 доллар деб ёзган экан. Лекин аслида у одам 20 минг доллар олган. Нима учун ҳужжатда 200 долларни яшириб қолишганини мен тушунмадим", дейди Умида Узоқова.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek