Россия: Владимир Путин янги президент - Марказий Осиёни олдинда нималар кутмоқда?

Мирзиёев Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Россиянинг амалдаги президенти Ўзбекистонда ҳокимият алмашганига унча кўп бўлмаган, расмий Москва ва Ғарб ўртасидаги алоқалар деярли издан чиқиб бўлган, айни шу воқеълик манзарасида минтақада геосиёсий танглик янада кучайган бир манзарада бугун расман ўзининг янги ваколати ижросига киришади.

Кремлдаги тантанали қасамёдга келтириш маросимига қарийб беш минг киши йиғилди.

Путин Бош вазир ва президент мақомида Россияда, 18 йилдирки, қудратда.

Худди шу манзарада мухолифлари ва танқидчилари орасида бугун унинг бошқарувини шоҳлик ва ёки императорликка қиёс бераётганлар ҳам озмунча эмас.

Расман Россия янги президенти сифатида қасамёд келтиришидан 2 соат 20 дақиқа ўтиб, Путин Бош вазирликка маъқуллаши учун Дмитрий Медведевнинг номзодини Давлат Думасига киритган.

Россиянинг янги президенти унгача Медведевнинг амалдаги ҳукуматини истеъфога чиқаришга ҳам улгурган.

Янги президенти Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон янги ҳукумати Россия билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кучайтирган.

Томонлар ҳарбий, савдо-иқтисодий, энергия соҳасида ҳамкорликка зўр беришларини ошкора ва расман баён қилишган.

Минтақавий таҳлилчилар эса, айнан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни назарда тутиб, Ўзбекистон янги ҳукумати ўзининг Россия билан ташқи сиёсатида ҳам геосиёсат эмас, энг аввало геоиқтисодга эътиборини қаратишини айтишмоқда.

Бошқа томондан, Россия Ўзбекистоннинг мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида энг катта сондаги фуқаролари меҳнат муҳожирлигида банд бўлиб келаётган дунё давлати бўлади.

Биргина расмий рақамларда бугун Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларнинг сони бир миллиондан ортиқроққа нисбат берилади.

Ўзбекистон-Россия: янги санкцияларнинг рубль, сўм, мигрантлар - иқтисодга таъсири қандай бўлади?

Россия ва Ўзбекистон қўшма ҳарбий машқлар ўтказади

Марҳум президенти Ислом Каримовнинг бошқаруви остида Ўзбекистон минтақада ўз манфаатларига эга қудратларга нисбатан беқарор ташқи сиёсат юритиб келган, асосан қўшилмаслик ва масофа сақлаш сиёсатига урғу берган.

Ўзбекистон янги ҳукуматининг Россия билан алоқаларидаги бу каби ўзгаришлар ва Владимир Путиннинг яна бир бор Россия президенти ваколатининг ижросига киришиши, бошқа томондан, президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама алоқаларини кучайтиришга қаратилган стратегияси манзарасида кузатилмоқда.

Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, Россия бўладими ва ёки АҚШ, дунёнинг бу икки ядровий қудрати билан бирдек манфаатли ташқи сиёсат олиб боришларини баён қилган.

Аммо Ўзбекистон ва Россия президентлари ўзаро ташрифларини узоқ куттириб ўтирмаган бир манзарада, 2017 йил январь ойида расман президентлик ваколатининг ижросига киришган Шавкат Мирзиёевнинг Америкага давлат ташрифи фақат шу яқин ҳафталар ичида кутилмоқда.

Расмий Вашингтон яқин-яқингача Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон билан муносабатларида энг аввало демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласини устивор, деб билган.

Шундай экан, буларнинг барчаси манзарасида Владимир Путиннинг янги президентлик ваколати ижроси даврида минтақани олдинда нималар кутмоқда?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.

Сиз Владимир Путиннинг янги президентлик ваколати ижросидан нималарни кутаяпсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek