Иккинчи хотин ҳикояси: "Масжидга ёрдам сўраб бориб, домлага никоҳландим."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Akhmedova
Image caption Ҳикоя қаҳрамони маслаҳат сўраб масжидга борган ва домла билан танишган.

Ҳаётда биринчи хотин бўлиб, биринчи эримдан азоб кўрдим. Лекин, энди иккинчи эримга иккинчи хотин бўлиб на эримдан, на кундошимдан, азоб уёқда турсин, бир озор кўрмадим.

Биринчи эримнинг иккинчи хотини ҳийла-макр билан орамизни бузиб, ажрашишимизга сабабчи бўлди. Иккита қизимга ҳам кўзи қиймади.

Мен ундан меҳрни, эътиборни тенг беришни сўрамадим. Ҳафтада бир кун ёнимга келинг, дедим. Иккинчи хотини унинг бошини айлантириб, иложи борича қўйнидан чиқармасди. На болаларига тўлиқ меҳр берди, на менга.

Бора-бора унга бўлган муҳаббатим нафратга айланди. Кўрганда, нафратланиб, жеркиб бошладим.

У менга қанчалик сохта илтифот қилмасин, мен унга қўлимнинг учини ҳам ушлатгим келмай қолди. 4-5 ойлаб эрим билан қўшилмасдим, чунки орани ўзи шунчалик очиб юборган эди. Лекин, иккинчи хотини билан деярли ҳар кун "яшар" экан.

Кечалари йиғлаганимдан ёстиқларим ҳўл бўлиб, тонгда туриб таҳажжуд намозни ўқиб, Аллоҳдан йиғлаб нола қилиб жуфти ҳалолни сўрардим. Аллоҳим, менга шундай умр йўлдош бергинки, ҳурматимни жойига қўйиб, қаттиқ севмаса-да ўрта меъёрда севиб, болаларимга меҳр берсин, мени уриш уёқда турсин, овозини баланд қилиб уришмасин, деб ёлворардим.

У эрим уриб ҳамма жойимни кўкартириб ташларди.

Аллоҳим, шундай умр йўлдош берки, бадавлат бўлмасин дердим. Чунки эримнинг пули кундан-кунга кўпайиб, кўзи ҳеч нарсани кўрмай, босар-тусарини билмай қолганди.

Югурдиклари орқали менга ҳамма нарса учун пул юборарди, лекин ўзи ёнимизга келмасди.

Аллоҳим, менга шундай эр бергинки, мен биринчими, иккинчи ё учинчи хотин бўлишимдан қатъий назар, мени севсин, менга меҳр берсин, кундошларим бўлса, менга озор беришмасин, деб нола қилганман.

Шу айтганларимни Аллоҳ эшитиб, 2012 йил рамазон ойларида менга иккинчи турмуш ўртоғимни йўллади. Сиқилиб юрган кунларим маслаҳат сўраб масжиддаги домлага боргандим. Шу домлага кейин никоҳландим.

Домла танишганимиздан бир ойдан кейин мени ўзига иккинчи хотин қилиб никоҳлаб олди. Ҳижобга кирдим.

Лекин, у менга бир шарт қўйди. Биринчи хотиним билан бир ой яшайсиз, унга ёқсангиз, оламан, деди.

Мен бу гапини эшитиб, ҳайратда лол қолдим. Шундай аёллар ҳам бормикан, деб ўйладим. Бор экан.

Эрим ниҳоят мени уйига олиб кетди. Қўп қаватли домда уч ёш фарзанди билан яшашарди. Уйига киряпман-у, ҳаяжондан дир-дир қалтирайман.

Кундошим илк кечамизда бизга жой солиб берди.

10 кун ҳам ўтмай, кундошим, бу аёл менга ёқди, розиман, никоҳлаб олинг, деди.

Бу аёлни мен кундошим ҳам дейолмайман. Кундош - қўпол сўз. Бу аёл менга ўз онамдан ҳам, укамдан ҳам кўп меҳр кўрсатди.

Бир ҳолат юз берди. Мен кўчиб кирганимнинг бешинчи кунида қаттиқ грипп бўлиб ётиб қолдим. Жуда оғирлашдим. Кундошим менинг ҳамма ёқларимни, ҳатто авратларимни ювиб таҳорат қилдириб, энди ўтириб бўлса ҳам намоз ўқиймиз деди.

Бу бир кичик воқеа, холос. Бу кундошим менга жуда кўп меҳр-илтифот кўрсатди.

Никоҳлаб олишдан олдин эрим ҳам, кундошим ҳам менга бир гапни айтган: биз сизни баҳоли қудрат боқамиз, оч қолдирмаймиз, қўлимиздан келганча меҳр берамиз, кам бўлса, рози бўлинг.

Аллоҳнинг олдида гуноҳкор бўлмайлик, қанча бола туғсангиз, шунча туғинг, дейишди. Лекин, биздан қурбимиз етмайдиган нарсани сўраманг, биздан рози бўлинг, деганида рози бўлганман.

Чунки, мен уйи жаннатга айланган бундай оилани умримда аввал кўрмагандим.

Бу эримдан икки ўғил фарзанд кўрдим. Кундошим болаларимни менга қўшилиб боқди.

Иккинчи хотинлик сабр ва эр берганига қаноат қилишни англатар экан. Ҳеч ким ҳам икки оилани тенг олиб боролмас экан. Лекин, иккинчи хотин сабр қилиб, борига қаноат қилиши керак экан.

Биринчи хотинига тилла олиб берди, менга олиб бермади деб урушиб, эрни ўртада гангитиб қўймаслик керак. Шундагина эр ишини бемалол қилиб, иккинчи хотин олганига пушаймон емай, Аллоҳ розилиги билан баҳоли қудрат боқади.

Менинг фикримча, иккинчи хотин олиш фақат бой эркаклар учун эмас, балки ўртача топадиган ё камбағал эркаклар ҳам олса бўлади. Фақат иккинчи хотини у олиб берган озиқ-овқат ва кийим-кечагига қаноат қилса, бўлди.

Иккинчи эримга никоҳланганимда, унинг ҳовлиси йўқ эди. Ҳозир бор. Сени олганимга, Аллоҳ менга уй берди, дейди менга.

Ҳозир тўрт фарзандим бор: биринчи эримдан 2 қизим ва иккинчи эримдан 2 ўғлим бор. Аллоҳга шукур, ризқлари мўл.

Ҳамма нарса бисёр дейолмайман, лекин энг асосийси менинг меҳрибон эрим ёнимда.

"Мирзиёев ҳам кўпхотинлиликни йўқотолмайди"

Иккихотинлилик учун жаримага тортилдими?

Иккинчи хотинга никоҳ ўқиган мулла жазоланади

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek