'Ўзбекистон қамоқхоналарида журналист қолмади'ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Навоийшунос олим Акром Малик интернетда "Абдуллоҳ Нусрат" тахаллуси билан танқидий мақолалар чоп этиб келган

АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш Қўмитаси (CPJ)га кўра, Ўзбекистон қамоқдаги энг сўнгги журналистларни озодликка чиқарган.

CPJ Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насриддиновларнинг озод этилишини олқишлаган.

Акром Малик: бегуноҳни жиноятчига айлантиришнинг "ўзбекча" усули

Ташкилот эндиликда мамлакат "матбуоти ҳибсдан озод этган экан, ҳукумат журналистларнинг мустақил ва эркин фаолият олиб боришлари учун зарур қадамларни қўйиши керак", деб айтган.

Конституциявий тузумга тажовузда айбланган ва Ўзбекистон жиноий қонунчилигига биноан 20 йилгача қамоқ жазосига юз тутган журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насриддиновлар 7 май куни Тошкент шаҳар суди залидан озодлика чиқарилган.

CPJ Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён 7 нафар журналистнинг қамоқдан озод этилганини урғулаган.

Ташкилот баёнотида айтилишича, "Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насриддинов Ўзбекистоннинг қамоқдаги энг охирги журналистларидир".

Аммо маҳаллий фаолларга кўра, бу маълумот унчалик тўғри эмас. Яна бир журналист - Акром Малик 2016 йил 22 июлида МХХ томонидан ҳибсга олиниб, 6 ой судсиз, ҳукмсиз ушлаб турилган.

Акром Малик 2017 йилнинг 13 январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3- қисмининг "А" ва "Б" бандлари, 244 "1" моддаси 3-қисмининг "А, "В", "Г", 244 "2" моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Суд ҳукми шундай сўзлар билан бошланади: "Акром Маликов Ўзбекистон Республикасида таъқиқланган "Ўзбекистон халқ Ҳаракати" лидери Муҳаммад Солиҳ билан амалдаги конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга очиқ ойдин даъват қилиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган матреалларни тарқатиш..." билан машғул бўлган дейилади.

Акром Малик интернетда "Абдуллоҳ Нусрат" тахаллуси билан амалдаги тузумни ағдаришга чақирувчи мақолалар чоп этиб келгани айтилган. 2018 йил январида Кассацион суд Акром Малик устидан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирган. Ўтган ой Акром Малик Навоийдаги 64/29-сонли қамоқхонадаги ҳодиса сабаб кўзи кўрмай қолгани хабар қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters Staff
Image caption CPJ Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насриддиновларнинг озод этилишини олқишлаган

Аммо яқинлари бу хабарни рад этганлар.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, яқинлари қўрқитилган.

Акром Малик тақдирини яқиндан ўрганган журналист ва ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқуловага кўра, Акром энг аввало ёш навоийшунос олим ва катта иқтидор эгаси.

Акром Маликов 2017 йилнинг 13 январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159-моддаси 3- қисмининг "А" ва "Б" бандлари, 244 "1" моддаси 3-қисмининг "А, "В", "Г", 244 "2" моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилган.

"Шундай бир шахсни бор йўғи Муҳаммад Солиҳ шериятига шайдо бўлганлиги сабаблигина турли уйдирмалар билан 6 йлига озодликдан маҳрум этишди. Қизиғи шундаки, Акромга оид суд ҳукми юзасидан жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида роппа роса 1 йилу бир ой ўтгач, 2018 йилнинг 23 февраль куни касассия шикояти кўриб чиқилди. Афсус, дастлабки суд ҳумки ўзгаришсиз қолдирилди. Ваҳоланки, Акром Малик барча тенгқурларига ўрнак бўладиган ёш олим эди. Шу сабаб ҳам кейинги йиллар давомида Акром Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг экранидан тушмасдан келарди. У ёзган шеърлар, мақола ва ҳикоялар, Навоий ижодига оид илмий рисолаларининг ўзи катта бир алоҳида мавзу.Акром Маликов интернет саҳифаларида Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида ёзилган долзарб мақолалари орқали танилган эди", - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Қамоқдан мактуб

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, 2018 йилнинг 20 апрель куни ўзини Акром Маликнинг "энг яқин қариндошларидан бириман" деб таништирган шахс унга "Акром Маликнинг кўзига оҳак кириб кетиб, кўзлари кўрмай қолибди" деган ташвишли хабарни етказган.

"Мен Сурхондарё сафарида бўлганлигим сабабли бу мавзуни ўша куниёқ ёрита олмадим. Сафардан қайтгач, Акромнинг яқинларидан бири такрор ташвишли қўнғироқ қиларкан, ёш олимнинг кўзлари кўрмай қолганидан яна огоҳлантирди. Табиийки, мен ушбу манбага таянган ҳолда ёш Навоийшунос олимнинг тақдиридан ташвишланиб хабар тарқатдим.

Мен 2 маротаба Пискентда, Акром улғайган хонадонда бўлганман.

Ота-онасидан ўзимга керакли маълуомтларни ололмаганлигим сабабли ҳам бу сафар Пискентга эмас, Бўка туманига, Акромнинг 80 ёшли бувиси Оқхолмомо истиқомат қилаётган Равот маҳалласига йўл олдим.

Биласиз, қишлоқда бегона кишини дарров ажратиб олишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy

Кимдир Акромнинг отасига бизнинг ташрифимиз ҳақида хабар берибди ва зудлик билан етиб келган Акромнинг отаси менга Оқҳолмомо билан гаплашишимизга изн бермади....

Мен ҳамроҳим, ҳуқуқбон Ааъзам Турғунов билан умидсиз бўлиб қайтишни истамаганлигимиз учун ҳам йўл-йўлакай Пискентга, Акромнинг онаси ҳузурига кирдик.

"Икки ойларча илгари Акромжонимнинг кўзи ростанам оғриганди, кўзига нимадир кирмаган, шамоллатиб қўйган экан. Дўхтирда ётиб, даволатди. Ҳозир яхши бўлиб кетган. 12 апрель куни биз Акром билан узоқ муддатли учрашувга бордик. Отаси, мен, укаси бирга эдик. Бир кеча Акром билан тунаб қолдик. Ҳозир аҳволи яхши. Қамоқхона маъмурияти унга жуда яхши муносабатда бўлаётган экан. Ҳатто уни ишдан озод қилиб қўйишибди. Қанча истасанг, шунч адам ол дейишибди. Ўғлим хурсанд эди.

Биз ўзи 13 апрель куни эрталаб қайтгандик. Акром бизга хат ёзиб юборибди", деди мен билан суҳбатда Акромнинг онаси.

"Ўша хатни кўрсам бўладими?" деб сўрадим Акромнинг онасидан.

Бердилар, кўрдим, ўқидим....

Мен Акром Маликнинг дастхатини билмайман, аммо хатдаги руҳ уникига ўхшаб кетарди.

Бироқ мен хат охиридаги санани ўқиб, иккиланиб қолдим.

Хатга 13 апрель деб ёзилган эди.

"Нега, сизлар ўзи айнан ўша куни унинг олдидан қайтгансизлар-ку? Акром ўша куниёқ мактуб битибдими ортингиздан?" сўрадим ажабланиб.

"Ҳа, - деди Акромнинг онаси, - Биз қайтишимиз билан ўғлим шу хатни ёзиб жўнатибди, почта орқали келди" деб жавоб қилди.

Акромнинг онасини сўзлари ниҳоятда содда ва самимий эди...

Уларга жуда-жуда ишонгим келди...

Ҳуқуқбон Турғунов билан Акром ўз қўли билан ёзганлиги айтилаётган хатни олиб Тошкентга қайтдик", - дея ҳикоя қилади Малоҳат Эшонқулова.

Унинг сўзларига кўра, Акром Маликнинг яқинлари унинг ҳибсга олиниши ва қамалиши тафсилотлари ҳақида матбуотга гапиришни истамаганлари учун ҳам ёш олим ва блогернинг тақдири ҳақида кенг жамоатчиликка унча кўп нарса маълум эмас.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, афтидан, расмийлар Акром Маликнинг яқинларини "қанча жим юришса, шунча яхши бўлади" деб ишонтиришган.

Бироқ ҳозиргача яхши бўлгани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek