Мирзиёевнинг янги қарори деҳқоннинг косасини оқартирмайдими?

Кетмончи Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонлик экспертлар фермер хўжаликлари бўйича 26 апрел куни чиққан Президент Мирзиёев қарорини танқидий кутиб олишди. Уларга кўра, ушбу қарор фермерларнинг қарамлигини оширади ва мулк ҳуқуқи бузилишига янада кўпроқ йўл очиб беради.

Тошкентда фаолият юритувчи Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази эксперти Юрий Наумовнинг ced.uz сайтига ёзишича, Президент қарори билан қишлоқ хўжалигида мислсиз ваколатларга янги назорат органи тузилди.

"Қарорга кўра, барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурий ҳисобланади. Уларга тушумдан 0,8 ва 0,5 фоизи миқдорида қўшимча солиқ жорий этилаяпти. Буни нимагадир аъзолик бадали деб аташибди", деб ёзади эксперт.

Мутахассис Юрий Наумовга кўра, янги тузилган кенгашга фермерлардан ерларни тортиб олиш ҳуқуқи берилган.

Қарорда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг тегишли ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини тугатиш қандай тамойиллар асосида амалга оширилиши аниқ кўрсатилмаган.

"Амалда ҳар қайси фермер ёки деҳқон туман кенгаш қарамлигига тушиб қолади. Шунинг учун ҳам фермерлар эндиликда ўз маблағ ва меҳнатини ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга йўналтириш учун камроқ рағбатга эга бўлади", деб хулоса қилади у.

Мутахассис ердан фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқини бекор қилиш фақат ва фақат суд орқали амалга оширилиш кераклигини таъкидлаган. Йўқса, бу тўғридан-тўғри коррупцияга ва жойларда ўзбошимчаликка йўл очади.

Айни дамда Ўзбекистонда ҳокимиятга тўлиқ қарам бўлиб қолган фермерлардан уларнинг ерларини турли сабаб ва баҳоналар билан тортиб олиниши ҳолатлари кўп учрайди. Бу ҳақда маҳаллий интернет нашрларда ҳам ёзила бошлади.

Аксар ҳолатларда фермерлар ҳокимиятнинг ушбу қарори ҳақида на суд идоралари ва на ҳукуматга арз қилиб ижобий натижага эриша олмайди.

Юрий Наумовнинг ёзишича, қарорда тузилажак кенгашнинг ваколатлари кўрсатилган, бироқ кенгашдан фермерлар қандай наф кўради деган масала умуман очиб берилмаган.

Бундан ташқари, кенгаш ўз вазифасини бажармаган ҳолатдаги мажбуриятлари ҳам кўзда тутилмаган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, фермерлар кенгаши жамоат ташкилоти сифатида тузилиб, фермерларга муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериш, уларнинг манфаатларини давлат органлари олдида ҳимоя қилиши керак эди.

Бироқ қарор чиққанидан сўнг кенгашнинг ваколатлари вазирлик ва ҳокимиятлардан кўра кўпайиб кетди.

"Негалиги номаълум. Давлат идораларининг вазифаларини такрорлашга нима зарурат туғилди, бу ҳам тушунарсиз", дейди у.

Мутахассис қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини фаол жорий қилиш кераклигини айтади.

"Агробизнес ҳам бошқа бизнес каби бизнес. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун ресурслар ва тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулоти учун эркин бозорни яратиш лозим. Модомики фермерларга нимани етиштиришни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилар экан, улар ўзларига маъқул, наф келтирадиган экинни танлайди. Шу йўл билан ўзига ва давлатга максимал фойда келтиради", дейди Юрий Наумов.

Эксперт Юлий Юсупов ҳам ўзининг Facebookдаги саҳифаси ушбу қарорга қисқача фикр билдирган.

У Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг қонунчилик билан ҳаддан ташқари тартибга солинган тармоғи эканлигини айтган

"Бу тармоқда бозор механизмларини жорий қилиш жуда секин кечмоқда. Бундай ҳаракат кўп ҳолатларда "бир қадам олдинга, икки қадам орқага" тамойили бўйича кетаяпти. Охирги қарор маъмурий аралашувни кучайтириш ҳамда мулк ҳуқуқи бузилиши кўлами кенгайиши сари ташланган жуда хавфли қадамлардан биридир", дейди у.

Фермер хўжалигини юритиш Ўзбекистонда энг оғир соҳалардан эканлиги айтилади.

Ўзбекистондаги деярли барча фермер хўжаликларининг давлатдан қарзи бор.

2014 йили Ўзбекистон фермерлар кенгашидан масъулнинг Би-би-сига айтишича, мамлакатда фаолият юритаётган 73 минг фермер хўжалигининг барчаси давлатдан қарздор.

Ҳосили кам бўлган айрим жойларда фермерлар ҳокимият ва прокуратура томонидан қўрқитиш ва таҳдидлар остида ерини ташлаб кетолмайди.

Жиззахлик баъзи фермерларнинг ундан қутилиш учун Россияга қочиб кетганлиги тўғрисида Би-би-сида маълумотлар бор.

Яқин яқингача ҳокимият томонидан босим ва таҳдидлар сабаб айрим фермерларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ҳам учраб турарди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида фермерчилик соҳасидаги бу каби камчиликларни бартараф этиш учун жиддий бел боғлаганини таъкидламоқда.

Пахта харид нархлари оширилди. гектаридан 15 центрдан кам ҳосил берувчи далаларга пахта экиш тақиқланди.

Пахтанинг эгаси бўлиши учун кластер асосида пахта етиштириш учун тажрибалар ўтказилмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek