ШҲТ: “Суриядаги ИШИДчи жангариларнинг 90 фоизи Афғонистонда”. Бу даъволарда асос борми?

ИШИД Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раисининг иддао қилишича, "Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтишган".

Жумахон Ғиёсовга кўра, "бу жангарилардан 80 фоизи Россия, Марказий Осиё ва Хитой фуқаролари бўлишади".

Муовиннинг иддао қилишича, "улардан 4500 нафари Афғонистон шимолига сафарбар этилишган".

Унинг айни мазмундаги сўзларидан Тожикистоннинг мустақил Asia-Plus ахборот агентлиги иқтибос келтирган.

Аммо Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси муовинининг бу баёноти аллақачон халқаро таҳлилчилар орасида қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлиб улгурган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатлашган таҳлилчилар ҳам бу даъволарни жиддий савол остига олишмоқда.

Уларнинг айтишларича, "Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти терроризм масаласи ҳақида кўп гапиради. Исломий жангариликнинг Марказий Осиё ва Хитойга таҳдидини бўрттириб кўрсатишга мойил".

Бундан сал аввал Халқаро Инқироз Гуруҳи икки мингдан тўрт мингтагача марказий осиёлик "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилишаётганини айтиб чиққан.

Аммо Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг "маҳв этилгани"га оид баёнотлар ортидан кечган вақт давомида бу жангариларнинг тақдири нима бўлганига оид аниқ маълумотлар шу пайтга қадар имконли эмас.

Таъкидлаш жоиз, гуруҳнинг мағлубиятига оид хабарлар манзарасида ўртага чиққан савол ҳам - ИШИД катта сондаги жангариларининг қаерга ғойиб бўлишганига оид бўлган.

Бугун бу саволга, ҳатто, ИШИД сафларида жанг қилган жангариларнинг ўзлари ҳам жавоб бера олишмаётгани эътироф этилганди.

'Расмий Тошкент ҳануз Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва иттифоқчиларидан хавотирда'ми?

'Толибон Тожикистон билан чегарага аксарияти Марказий осиёлик 7 минг жангарисини ташлади'

Энди Марказий Осиё ва Россия учун 'таҳдид' бироз аридими?

Анжуман ва иддаолар

Расмий Душанбе куни-кеча "Терроризм ва зўравон радикализмга қарши кураш"га бағишланган йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган.

Айни шу анжуман арафасида Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинларининг қўмондони ҳам шунга яқин мазмундаги бошқа бир баёнот билан чиққан.

Ражабали Раҳмон, "Толибон Тожикистон билан чегарага аксарияти Марказий осиёлик 7 минг нафар жангарисини ташлаган"ни иддао қилганди.

Аммо унинг бу даъволарини халқаро ҳарбий таҳлилчилар анчайин эҳтиёткорлик билан қарши олишганди.

Худди шу манзарада Суриянинг Россиядаги элчиси Риёд Ҳаддаднинг худди шу ахборот агентлигига билдиришича, расмий Дамашқ назорати остида бўлган ҳудудларда бирор бир хорижий жангари қолмаган.

"Улардан барчаси бу минтақаларни аллақачон тарк этиб бўлишган".

1999 йилда асос солинган, Ироқ ва Сурия ҳудудларида ўзининг исломий халифатини барпо этган ва ўтган йили деярли пароканда этилган ИШИД гуруҳи сафларидаги хорижий жангариларнинг сони 25000 дан 40000 тагача нисбат бериб келинган.

Ўзбекистонлик жангарилар

ИШИДга қўшилган ўзбекистонлик жангариларнинг сонларига оид энг сўнгги маълумотлар ўтган йили Американинг "Soufan" тадқиқот маркази томонидан эълон қилинган.

Марказнинг рўйхатида Ўзбекистон "1500 нафар жангариси" билан 8-ўринни эгаллаб, юқори ўнликдан жой олган.

"3500 жангариси" билан Россия пешқадамлик қилган бу рўйхатда Ўзбекистон унга кирган ягона Марказий Осиё давлати бўлган.

Устига устак, "Soufan"нинг янги ҳисоботи ва рўйхати Яқин Шарқда ИШИД жангари гуруҳи мағлуб этилганига оид хабарлардан саноқли ойлар ўтиб эълон қилинган.

Аммо ўшанда тадқиқот маркази ортга қайтган ўзбекистонлик жангарилар борасида ўзларида бирор бир маълумот йўқлигини эътироф этганди.

Шундай экан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси муовини ўз баёнотида қанчалик ҳақ бўлиши мумкин?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Лондондан халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерс ва Ироқ, Покистон, Афғонистон бўйича "Free Press Unlimited" дастури мувофиқлаштирувчиси Ян Маквильямга мурожаат қилди:

Ян Маквильям: Тўғри, ҳозир ИШИД сафларига ёлланган Марказий осиёлик ва рўсийзабон ҳудудлардан бўлган бошқа жангариларнинг Сурияни тарк этиб, ўз минтақаларига қайтишдан бошқа чоралари йўқ. Бу рост. Аммо 4500, менимча, анча бўрттирилган рақам. Чунки ИШИД сафларига қўшилган Марказий осиёлик жангариларга оид рақамлар бундан анча кам. Дейлик, ИШИД гуруҳи ўзига янги жангарилар ёллашга зўр берган 2016 йилни олайлик. Ўша йили ИШИД сафларига ёллаган Россия ва Марказий осиёлик, жумладан, ўзбекларнинг тахминий сонлари 3-3500 га нисбат берилган. Шундай экан, улар барчасининг бирдек Афғонистонга қайтишлари эҳтимоли ҳақиқатдан йироқ. Суриядан қайтаётган Марказий осиёлик жангарилар эса, ўз она Ватанларига бора олишмайди. Шу боис ҳам, уларнинг аниқ борар манзиллари Афғонистон бўлади. Чунки Афғонистон узоқ йиллар давомида Марказий осиёлик жангарилар учун хавфсиз бошпана вазифасини бажариб келган. Ҳали Шўролар Иттифоқи қулаб, Марказий Осиё давлатлари ўз мустақилликларини қўлга киритган 90-йиллардан бошлабоқ, турли миллатчи ва исломий гуруҳлар ўз йўлларини шимолий Афғонистонга қараб солишган. Беқарор Афғонистон уларга жон сақлашлари учун имкон берган. Ва бу жангарилар ҳалигача Марказий Осиё билан алоқаларини узмасликка ҳаракат қилиб келишади.

Пол Рожерс: Тилга олинган рақамлар аксарият таҳлилчилар хаёл қилишганидан кўра анча катта. Аммо ИШИД сафларидаги хорижий жангариларнинг яхшигина қайта уюшишга муваффақ бўлишгани бор гап. Орада кечган вақт давомида ИШИД сафларидаги хорижий жангариларнинг сони 25000 дан 40000 тагача нисбат бериб келинган. Шу пайтгача улардан аксарияти ўлдирилган. Бу жангарилар ИШИДга қўшилиш учун дунёнинг 100 га яқин давлатидан Яқин Шарққа келишган. Яқинда эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, улардан олти мингга яқини ўз уйларига қайтишган. ИШИД сафларида жанг қилган Россия ва Марказий осиёлик жангариларнинг сонлари ҳам салмоқли бўлган. Катта рақам. Аммо у бошқа манбаларда келтирилганларидан кескин фарқ қилмайди. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ИШИД сўнгги йилларда Афғонистонда бемалол қайта уюша олиш даражасида яхшигина фаоллашган. Демоқчи бўлганим, бу рақамларга эҳтиёт билан ёндашиш лозим эса-да, кенг маънода, улар бир қадар ҳақиқатга яқин, назаримда.

Би-би-си: Ҳам Ироқ, ҳам Сурия ҳукумати ва ҳам турли халқаро коалицияларнинг сўнгги йиллардаги давомий ҳарбий амалиётлари остида бунча сондаги хорижий жангарилар қандай қилиб Яқин Шарқдан Афғонистонга қайтиш ва уюшишга муваффақ бўлган бўлишлари мумкин?

Пол Рожерс: Агар, ИШИДнинг моҳиятига назар ташланса, гуруҳ деярли мағлуб этиб бўлинган. Бугунга келиб исломий халифати назорати остида бўлган ҳудудлардан ҳам сиқиб чиқарилган. Аммо гуруҳ бир қанча янги тактикаларни ўзлаштирган. Таъбир жоиз, партизан бир кучга айланган. Ўзлари "олисдаги душман", дея атовчи Ғарбдаги ҳужумларни рағбатлантиришга ўтган. Бундан ташқари, Миср, Синай ярим ороли, Ливия ва сўзсиз, Афғонистонда фаолият юритувчи жангари гуруҳларни қўллашга киришган. Филиппиннинг жанубий Марави шаҳри ҳам бундан мустасно эмас. Умуман олганда, биз ҳозир ИШИДнинг ўтиш, ўзгариш жараёнига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо бу жараённинг асосий қисми Афғонистонга қаратилган. Чунки Афғонистоннинг каттагина ҳудудлари деярли афғон ҳукуматининг назорати остида эмас. ИШИД эса, бу каби минтақаларни жуда ёқтиради. Бу жангариларнинг ҳаракат йўналишлари турлича. Бир нарсани ёддан чиқармаслик керакки, ИШИД дунё бўйлаб ўзига хос дастакка эга. Ортга қайтаркан, бу жангарилар турли йўллардан фойдаланишади. Улардан аксарияти Сурия ёки Ироқдан Туркия шарқига ўтишади. Ўша ердан йўлларини минтақага қараб солишади. Кейин чегара кесишув нуқталарида пора бериш даражасида пуллари ҳам бўлиши мумкин. Шу боис ҳам, бир давлат ҳудудидан иккинчисига ўтишлари қийин бўлмаслиги мумкин. Тўғри, улардан айримлари қўлга ҳам тушишади. Аммо ИШИД ярим жангарилари нисбатан осон ҳаракатланишади.

Би-би-си: Агар, вазият шундай бўладиган бўлса, у ҳолда, бу яқин йиллар назарда тутилганда, буларнинг барчаси Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги учун нимани англатади?

Ян Маквильям: Бу масалада бир нарсани ёддан чиқармаслик керак. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти терроризм масаласи ҳақида кўп гапиради. Исломий жангариликнинг Марказий Осиё ва Хитойга таҳдидини бўрттириб кўрсатишга мойил. Хитой Шинжон минтақасидан кетиб, ўз йўлларини ё Марказий Осиё давлатлари ва ё Афғонистонга қараб солган мусулмон уйғур бўлгинчиларидан хавотирда. Чунки улар Хитой ҳукуматига қарши. Шу боис ҳам, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти бу мавзуга ҳали кўп диққат қаратади. Узоқ келажак назарда тутилса, ҳа, ростдан ҳам Афғонистондаги беқарорлик Марказий Осиё учун таҳдид бўла олади. Бу ҳақда ортиқча гап бўлиши мумкин эмас. Афғонистондаги бу каби вазиятдан барча Марказий Осиё давлатлари ҳам бирдек хавотирда. Ўз ўрнида, ИШИД сафларидан омон қолиб, Афғонистонга қайтган Марказий осиёлик жангарилар хусусида ҳам шундай деса бўлади. Лекин уларнинг аксарияти ёшлардан иборат. Бундан ташқари, Афғонистонда қийин шароитда жон сақлашади. Улар ўз давлатларига қайтишса, хавфсизлик хизматлари томонидан ҳибсга олинишлари ва қамоққа ташланишларини яхши билишади. Шу боис ҳам, ўз давлатларига қайта олишмайди. Афғонистонда ИШИД ўз истеҳкомларига эга. Аммо Толибон билан бир-бирларига душман. Шу боис ҳам, ИШИДга Афғонистонда осон эмас. ИШИД яксон этиларкан, уларга Яқин Шарқда ҳам енгил бўлмаган. Кўп оғир кунларни бошларидан кечиришган. Шу боис ҳам, Афғонистонга қайтган бу жангарилардан аксарияти бундан буёғига ўйлаб қадам босишлари ҳам мумкин. Балким, узоқ муддат назарда тутилганда, ИШИД ғоясига содиқ айримлари Марказий Осиё учун муайян хавф-хатар туғдиришлари мумкиндир. Аммо жорий пайтда улар Афғонистонда жуда қийин аҳволда. Устига устак, уларни Марказий осиёлик масъуллар ҳам ўз назарларидан қочирмасликлари тайин.

Би-би-си: Агар, орада кечган бир неча йил ичида Яқин Шарқдан олинган хабарларга таянилса, ўзбекистонлик жангарилар ҳам Ироқ ва ҳам Суриянинг қатор шаҳарларида жанг қилишган.

Шу пайтгача Сурия ва Ироқ ҳудудида фаолият олиб бораётган ўзбек жангариларининг учта гуруҳи маълум бўлган.

Булар эса, "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти дея кўрилган.

Ироқда жанг қилган ўзбекистонлик жангариларнинг сўнгги тақдирлари борасида аниқ маълумотлар имконли эмас.

Марказнинг янги ҳисоботида айтилишича, ИШИД Ироқ ва Сурияда мағлубиятга учраб бораркан, камида 5600 нафар жангари ортга - ўз мамлакатларига қайтишган.

Марказга кўра, ўтган икки йил ичида 33 давлат ИШИД сафларида бўлган фуқароларининг ватанга қайтишганини маълум қилишган.

Аммо Ўзбекистон томони ҳозирча бу хусусда жим ва қанча жангарининг ортга қайтганига оид расмий маълумотлар матбуотга ошкор қилинмаган.

Бошқа мамлакатларга оид рақамлар номаълум эканини инобатга олиб Soufan маркази, қатор мамлакатларнинг хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари катта мушкулликларга рўпара келмоқдалар, дея хулоса қилганди Американинг бу тадқиқот маркази.

90-йиллар бошларида Ўзбекистонда асос солинган, аммо қарийб йигирма йилдирки, Покистон ва Афғонистонда фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Исломий ҳаракати 2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирган.

Ҳаракатнинг сўнгги йилларда Афғонистоннинг қатор шимолий вилоятларида фаолият олиб бораётгани кузатилади.

Расмий Тошкент сўнгги бор "Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир"ини ўтган йил август ойида изҳор этган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek