Бир кунлик огоҳлантириш билан аҳолини кўчириб чиқариш қайси қонунга мос?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Khotamjon Toxtayev
Image caption Уй эгаларига кўчиб чиқиш учун етарли вақт берилмаган.

Андижон шаҳри марказидаги Пушкин кўчаси аҳолиси ўз уйлари бузилиши муносабати билан коллеж ётоқхоналарига кўчиб чиқишлари буюрилди.

Андижон ҳокимияти оилаларга 7 май куни имзоланган "Огоҳлантириш хати"ни берган ва 8 май куни уйларни бузишни бошлаган.

Пушкин кўчаси 6-уйда яшовчи Ҳотамжон Тўхтаевнинг айтишича, 93та хонадонда яшовчи оилалар 5 ой давомида коллежда яшашлари айтилган.

Тўхтаев Фейсбукдаги Халқ билан мулоқот саҳифасида қуйидаги арзини ёзиб қолдирди.

"Ассалом алайкум ҳурматли фейсбукдошлар. Кеча Андижон шаҳри Пушкин қўчасида вилоят ҳокими бошчилигида мажлис бўлди. Мажлисни асосий мақсади снос буйича. Тўғри, шаҳримиз обод бўляпти, гуллаб яшаняпти. Аммо, вилоят ҳокими бир кунда ўз уйларимизни ташлаб бизга шаҳар чеккасида икки сотих икки хонали уй курилишини айтди. Бизга уйлар қурилгунча 93 хонадон коллеж ётоқхоналарида ётиб туришни айтди. Тунда кадастр ва ички ишлар ходимлар, ҳокимят вакиллари ухламай уйма-уй юриб рўйхатга олиб чиқишди. Саҳар тонгда шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматулаев бошчилигида 1000 одам келиб уйларни бузиш бошланди. Уй эгалари коллеж ётоқхоналарига чиқиш керак экан. 5 ойдан кейин шаҳар чеккасида 2 сотихли 2 хонали уй қуриб берар экан. Биронта уйга кириб уйни баҳоламади ёки бирон шартнома қилинмади. Шу тўғрими, менинг мулкимга бошқа инсон эгалик қиладими? Нега биз шаҳар чеккасига бориб яшашимиз керак? Нега биз уй битгунча коллеж ётоқхонасида ётишимиз керак? Нима учун? Президентимизнинг снос бўйича чиққан қонун, фармонлари ким учун?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Khotamjon Toxtayev
Image caption Ҳотамжон Тўхтаевга кўра, 30-40 хонадон бузилди.

Ҳотамжон Тўхтаевнинг ёзишича, огоҳлантириш тунги 01:30да берилган.

"30-40та хонадонни бузиб бўлди. Бизга ошиқча бир метр ҳам жой керак эмас. Шу уйимизни баҳолаб пулимизга яраша уй берсин шаҳар ичидан. Шу бизни талаб. Мен бу уйни пешона тери эвазига олганман. Бу уйни олгунча 24та жойда ижарага яшаганман. Кечалари йиғлаб чиқар эдим. Оллоҳ менга уй бер деб."

Унинг айтишича, 8 май куни айни можаро маҳаллий матбуотда ёзилиши ортидан бузиш ишлари сустлашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Khotamjon Toxtayev
Image caption Огоҳлантириш хати 7 майда имзоланган.

"Кун.уз, Президент қабулхонаси ва керакли ташкилотларга чиққанимиздан кейин қўлида 100% ҳужжати бор хонадонларга кирмай кўйди. Лекин ҳокимият юристи ва айрим ўринбосарлар барибир қўлинглардан ҳеч нарса келмайди, барибир бузамиз деб айтяпти. Ўша ётоқхоналарга боришимиз керак экан. Бизга 5 ойдан кейин Андижон Хўжаобод йўлидаги далаликдан икки сотихли коттеж қуриб берар экан," деб ёзади Тўхтаев Фейсбукда.

"Биз уйларимизни баҳолаб ўша баҳолаган нархдаги уй олиб беришини талаб қиляпмиз, ўзимиз танлаган (жойда). Яна қайтараман, уйимизни баҳолагандаги нархга. Биз ошиқча нарса талаб қилмаяпмиз."

Би-би-си Андижон вилояти ва Андижон шаҳри ҳокимликларига боғланишга уринди, аммо бу масалада жавоб олишга муваффақ бўлмади.

Суратлар Ҳотамжон Тўхтаев рухсати билан чоп қилинди.

"Ўғирланган мулкдан ташқари ҳар қандай хусусий мулк дахлсиз бўлиши шарт!"