Тошкентда Андижон қирғини қурбонлари хотирланди

сурат Фото муаллифлик ҳуқуқи Surat Ikramov

Тошкентдаги "Жасорат" ёдгорлиги олдида бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари 2005 йил 13 май куни Андижон қирғинида ҳалок бўлганларни хотирлаб намойиш ўтказди. Унда қирғин борасида қайта суриштирув ўтказиш талаб қилинди.

Хотиралаш маросими бошланишидан кўп ўтмасдан воқеа жойига ички ишлар органи ходимлари етиб келган.

Намойишда иштирок этган Сурат Икромовнинг айтишича, милиция ходимлари томонидан намойишчиларга тазйиқ ва босимлар бўлмаган.

"Ҳужжатларимизни текширишди. Бошлиғимизнинг олдига бир бориб кетинг дейишганди. Бизнинг вақтимиз йўқ. Бошлиққа керак бўлсак бемалол уйимизга борсин, деб манзилларимни бериб келдим", дейди Сурат Икромов.

Ҳуқуқбоннинг айтишича, Андижон қирғинидан 13 йил ўтган бўлса-да, ҳали ҳам кўпчилик яқинларининг қаерга кўмилгани борасида ахборотга эга эмас.

"Уларнинг яқинлари қаерга кўмилганини билиш учун ҳам қайта суриштирув ишлари ўтказилиши керак. Давлат миқёсида бўлган бу жиноятга ҳукумат изоҳ бериши керак", дейди Сурат Икромов.

Каримов ҳукумати "Акромийлар" диний оқимига мансуб гуруҳ Андижонда ҳокимиятни қуролли қўзғолон йўли билан босиб олишга уринган ва асосан террорчилардан иборат 187 киши ҳалок бўлган, деб келди.

БМТ, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ўзбек ҳукуматини намойишчиларга қарши "ҳаддан ташқари куч ишлатиш"да айблаган ва ҳодисалар юзасидан халқаро текширув ўтказишга чақирган.

Каримов ҳукумати Андижон қирғини юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш чақириқларини рад этди.

Андижондаги намойишчилар ноҳақ қамалган яқинларининг озод этилиши, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий адолат ўрнатиш каби талабларни илгари суришганди.

Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга уринган журналистлар ва инсон ҳақлари фаоллари қамоққа ташланган ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Ўзбекистон ҳукумати қонли воқеаларнинг матбуотда ёритилишига тақиқ қўйган эди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek