Тошкент ҳокимияти шаҳарни сув босишида оддий одамларни айблади

янги ҳоким Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Тошкент шаҳар ҳокимияти ёмғир мавсумида шаҳар кўчалари сув остида қолишига расмий изоҳ берди. Ҳокимият дренаж-лоток тизимининг рисоладагидек ишламаётгани учун аҳолидан узр сўраган.

Пойтахт ҳокимиятининг ахборот хизмати чиқарган хабарда айтилишича, шаҳарнинг сув остида қолишига ҳокимият тизимига кирмайдиган ташкилотлар ва фуқаролар айбдор.

Хабардан англашилишича, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимиятлари қураётган объектларда сув оқиб кетиши учун барча талаблар бажарилади. Бироқ бошқа ташкилотлар ва фуқаролар томонидан бунёд қилинаётган бино ва иншоатлар канализация қувурларини кўмиб юборар экан.

"Бошқа ташкилот ва фуқаролар томонидан амалга оширилган бунёдкорликларда эса айнан шаҳар режасига кўра қурилган юзлаб ёмғир сувига мўлжалланган қувурлар кўмиб юборилгани кузатилган", дейилади хабарда. Ҳокимият уларни қош қўяман деб кўз чиқаришда айблаган.

Пойтахт кўчалари 7-8 йилдан бери кўпроқ ёмғир ёғса сувга тўлиб тошади. Машиналарнинг сувда юргани акс этган видео ва суратлар ижтимоий тармоқларни тўлдиради.

Ростдан ҳам Тошкент шаҳар ҳокимияти айтаётгандек, пойтахт кўчаларининг сув остида қолишига ҳокимиятдан бошқа барча айбдорми?

Би-би-си билан гаплашган тадбиркорнинг айтишича, бирор бино қурилишини бошлашдан олдин ҳокимиятнинг бир тўплам қоғозидан иборат бўлган рухсат олиш тўсиқларидан ўтиш керак бўлади.

Ушбу ҳужжатларни тўплашда эса ёмғир ёки бошқа оқава сувларнинг оқишига тўсқинлик қилмаслиги учун тегишли идораларнинг хулосаси ҳам керак бўлади.

Тадбиркорнинг айтишича, ернинг топографик тасвирларида бу ҳолатлар ўз аксини топади.

Фуқаролар ҳам ҳокимиятга тегишли бўлган кадастр рухсатларини олмасдан ўзбошимчалик билан қувурларни бузиб ёки тўлдириб бино қуришга ҳаққи йўқ.

Биз билан гаплашган тадбиркорнинг айтишича, ташкилотлар ва фуқаролар қурилиш давомида қувур ва лотокларни кўмиб юбориши мумкин.

Бироқ бу ўзбошимчаликлар ҳокимият тузилмаларининг масъулларидан бехабар қилинмайди.

Тадбиркорнинг айтишича, бундай ҳолатларни "кўрмай қолишлик" учун масъулга бироз пора берилади.

Баъзи ҳолларда эса эътиборсизлик туфайли ёмғир сувлари оқиши керак бўлган ариқ ва қувур йўллари баландликда туриб қолади.

Натижада шаҳар кўчларини сув босади.

Тошкент кўчаларининг сув остида қолиш ҳолатлари сўнгги 7-8 йилда шаклланган муаммо эканлиги айтилади.

Кузатувчилар нима бўлган тақдирда ҳам ушбу сув босишга тўғридан тўғри жавобгар шаҳар ҳокимияти эканлигини таъкидлашади.

Ўзбекистонда Тошкентдан сўнг энг бой ва инфраструктураси ривожланган шаҳар сифатида Навоий шаҳри келтирилади.

Пойтахтдан фарқли равишда бу шаҳар йўллари анча сифатли ва қанча ёмғир ёғса ҳам шаҳар кўчаларини сув босмайди.

Маҳаллий тадбиркорларнинг айтишича, Навоий шаҳар ҳокимияти бошқа муаммолар каби канализация тизимига ҳам жиддий қарайди. Натижада Тошкент шаҳар ҳокимияти даъво

қилаётгандек, фуқаро ва тадбиркорлар ўзбошимчалик билан ариқ ва қувурларни кўмиб юборолмайди.

Тошкент шаҳрининг янги ҳокими бу муаммога барҳам беришга бел боғлаган кўринади.

Энди шаҳардаги дренаж-лоток тизининг ҳақиқий ҳолатини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи тузилади. Масуъл идоралар билан бирга таклифлар ишлаб чиқилиб, бажарилади.

Ҳокимият шаҳар кўчалари ёмғирли кунларга қачон тайёр бўлиши борасида ҳеч нарса демаган.

Унгача эса шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонлари ёмғир ёққанида сувга тўла кўчаларда юришига тўғри келади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар