Ўзбекистонда интернет орқали савдо қилиш осонлашади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Wanderingsilk
Image caption Ўзбекистонлик тадбиркорлар электрон тижорат қийинлигидан арз қилиб келадилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Электрон тижоратни тез ривожлантириш чоралари" қарорига имзо чекди. Унга кўра, ўзбекистонлик тадбиркор ва ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини хориждаги харидорларга сотиши осонлашади.

Жаҳон бозорида электрон савдо кенг тараққий топганига қарамай, ўзбекистонлик сотувчилар интернет орқали хориж билан савдо-сотиқ қилиш ўта қийинлиги ва баъзида имконсиз эканидан шикоят қилиб келадилар.

Президент қарорига биноан, Марказий банк ва Ташқи савдо вазирлиги бир ой ичида eBay, Amazon ва бошқа етакчи савдо сайтлари, ҳамда Paypal каби тўлов тизимлари билан музокараларни олиб боришлари, ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг бу платформалардан фойдаланиши йўлида аниқ таклифларни илгари суришлари керак.

Қарорда белгиланганидек, қиймати 3000 доллардан кам маҳсулот ва хизматлар электрон тижорат йўли билан сотилганда, солиқ декларацияси тўлдирилмайди ва ташқи савдо амалиётлари электрон ахборот тизимига киритилмайди.

Электрон тижорат билан шуғулланган субъектлар виртуал терминаллар (E-POS) орқали нақд пул қабул қилиши мумкин.

1 июлдан бошлаб интернет орқали сотилаётган маҳсулотнинг умумий қийматининг 15 фоизига тенг бўлган мажбурий тўлов бекор қилинади.

Йил охиригача банк карточкалари, ҳамда E-POS терминали ва онлайн ККМ нақд пул тўлаш тизимини мобил телефонлари ва планшетларда ишлатиш чоралари ишлаб чиқилади.

Шунингдек, 1 июлгача электрон тижоратнинг Миллий реестри яратилиши кўзда тутилган. Реестрга киритилган юридик шахслар ва якка тадбиркорлар яхлит 2%лик солиқ тўловчилар ҳисобланади.

Бу реестрга электрон тижоратдан олган фойдаси 80%дан кам бўлмаган юридик шахслар ва якка тадбиркорлар ихтиёрий ва бепул тарзда киритилади.

Ўзбек ишбилармонларига нима керак?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek