Мирзиёев Вашингтонда - ‘Ўзбекистон ўзгармоқчи, очилмоқчи ва АҚШ бунга кўмак бермоқчи’

Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг, Оқ Уй таъбирида, Америка Қўшма Штатларига илк эканига қарамай, "тарихий расмий ташрифига" Вашингтондан берилаётган баҳолар шундай бўлмоқда.

Тошкент вақти билан кеча ярим тунга яқин Вашингтонга етиб борган Ўзбекистон раҳбари бугун АҚШ Президенти Дональд Трамп билан тор ва кенг доираларда музокараларини бошлайди.

Томонлар бир ташрифнинг ўзидаёқ ўрталаридаги "стратегик шерикликни расман янги босқичга кўтариш"моқчи.

"Америка катта бир манзарага қараганда, Ўзбекистонда яхши бир потенциал кўраяпти, лекин у ўзининг минтақавий мақсадларини кўзлаб ҳам иш тутмоқда бу ерда", - дейди Вашингтондан президент Мирзиёевнинг расмий ташрифини яқиндан ёритиб бораётган журналист Навбаҳор Имамова.

Унинг айтишича, агар, Ўзбекистон, дейлик, ҳозир ўзи хоҳлаётганидек ёки ўзи сўзида айтаётганидек оёққа турадиган бўлса, Америкага бундан фақат наф.

"Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик жамият. Ва, агар, Ўзбекистонда, дейлик, бирор бир инқилобсиз шундай бир сиёсий ўзгаришлар қилина олса, бу нафақат Ўзбекистон ва уни узоқдан кузатиб турган, ишончли шерик бўлишни хоҳлаган Америка, балки дунё учун яхши бўлади", - дейди суҳбатдошимиз.

Илк расмий ташриф арафасида: Америкадаги ўзбекистонликлар Мирзиёевдан нима исташади?

Мирзиёев-Трамп: Америка Ўзбекистон учун янги имкониятлар эшигини оча оладими?

Томонлар расман тасдиқлашди: Шавкат Мирзиёев келаси ҳафта Америка Қўшма Штатларига боради

Журналистга кўра, Ўзбекистоннинг янги президенти ўз фаолиятини бошлаши биланоқ, унинг гаплари, у ташлаётган қадамлар Вашингтонни руҳлантирган.

"Америка учун ҳозир дунёда мана шундай шериклар керак. Яъни, ўша, қандайдир бир даражада Американи хурсанд қиладиган, Америка қадриятларига, Америка тарғиб қилиб келган принципларга мос равишда қадам ташлаётган", - дейди журналист.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, шунда ҳам, "улар Ўзбекистонга эҳтиёткорона оптимизм билан ёндашишмоқда".

"Улар, "биз Ўзбекистондаги вазиятни байрам қилишга шошиб кетаётганимиз йўқ. Чунки, биламиз, у ерда муаммо талай. Ислоҳотлар ҳақида қанчалик яхши гаплар айтилмаётган бўлсин, Ўзбекистонда уларни амалга ошириш, ўзгариш қилиш жудаям қийин. Бунинг учун Ўзбекистонда куч-қувват йўқ, тажриба йўқ", - деб айтишади".

Аммо "Вашингтон ҳозир, "Биз қўлдан келганча ёрдам берамиз. Агар, Ўзбекистон биздан муайян соҳаларда ёрдам сўрайдиган бўлса, биз унга қўлдан келганча кўмак берамиз", -деган мавқеъда".

Расмий хабарларга кўра, президент Мирзиёевнинг Америкага уч кунлик расмий ташрифи чоғида турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламини қабул қилишади.

Ташриф якунида томонлар Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида "стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши"га оид қўшма баёнотни имзолашади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби журналистларга берган брифингида, "ташриф давомида 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши"ни маълум қилган.

Томонлар ўртасида умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилганини билдирган.

Бу рақамлар, албатта, ташриф давомида ўзгариши ҳам мумкинлигини қўшимча қилган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, икки томон ўртасидаги муштарак мақсадлар, манфаатлар ҳақида гап кетганда, ҳали ҳам Афғонистон асосий омил сифатида қолмоқда".

Вашингтондаги музокаралар ортидан, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида хавфсизлик ва Афғонистон масаласида ҳам ҳамкорликнинг кенгайиши кутилмоқда.

Афғон можароси ва ташқи сиёсат

Афғон можаросига тинч йўлда ечим топиш билан боғлиқ энг сўнгги саъй-ҳаракатлар эса, айнан Ўзбекистоннинг ҳиссасига тўғри келади.

Расмий Тошкент шу йилнинг 26-27 март кунлари худди шу мавзуга қаратилган олий даражадаги йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган.

Анжуман янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида Ўзбекистоннинг афғон можароси ечимида минтақада янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиқиш истагининг ифодаси сифатида талқин топган.

Бу каби тадбирга мезбонлик қилиш билан Ўзбекистон халқаро саҳнада ўзининг геосиёсий қудрати ва аҳамиятини янгилаш ниятида экани айтилган.

Россиядагисидан фарқли ўлароқ, Афғонистон бўйича олий даражадаги Тошкент халқаро анжуманини расмий Вашингтон ҳам беэътибор қолдирмаган.

Тадбирга АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннонни юборган.

Анжуман ортидан унинг аҳамиятига АҚШ Давлат департаменти ҳам расман изоҳ бериб ўтган.

"Америка Қўшма Штатлари Афғонистон ҳукуматини тинчликка эришиш йўлида қўллаб-қувватлаши ҳамда Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар раҳбариятининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаши"ни билдирган.

Мирзиёевнинг Вашингтонга расмий ташрифи арафасида Тошкентга сафар қилган АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотел ҳам Ўзбекистон раҳбари билан Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масаласини муҳокама қилган.

Генерал Вотел ҳам Ўзбекистон президенти ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро анжумани якунларини юксак баҳолашлари ва қўллаб-қувватлашларини билдирган.

Президент Дональд Трамп бошчилиги остидаги янги АҚШ маъмурияти ўзининг Афғонистонга оид янги стратегиясида толиблар дохил исёнчилар билан музокаралар эҳтимолини назардан соқит этмаган.

Маъмурият ўзининг бу қарори билан аксарият халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг диққат-эътиборларини ҳам ўзига тортган.

Аммо Оқ Уй бунга ҳарбий босимни ошириш ҳисобига эришиш режасида эканликларини баён қилган.

Сўнгги икки йил ичида Афғонистондаги қўшинлари сонини ошириш ва ҳаво ҳужумларига зўр беришга киришган.

Афғонистонда жанг қилаётган энг йирик қуролли гуруҳ экани боис, сулҳ жараёнида иккита музокарачи томондан сўзсиз биттаси сифатида эътироф этилувчи Толибон ҳаракати яқинда ўзининг бу йилги баҳорги амалиётини эълон қилган.

Қисқа вақтнинг ўзида Афғонистонда қатор ҳужумлар уюштиришнинг уддасидан чиққан.

Жорий паллада Афғонистоннинг аксарият ҳудудларида толибларнинг у ёки бу даражада ҳозир эканликлари эса, исбот талаб қилмайдиган воқеъликка айланиб улгурган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek