Россия Мирзиёевнинг АҚШ билан яқинлашишидан хавотирдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Путин бир йил аввал Мирзиёевни энг олий дипломатик мартабада кутиб олган

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қўшма Штатларга илк расмий ташрифи Ўзбекистоннинг яна бир стратегик шериги бўлган Россия билан Америка ўртасидаги муносабатлар совуқлашиб кетган паллага тўғри келган. Москва Ўзбекистон ва Марказий Осиёни ўзининг таъсир доирасидаги минтақа деб кўради ва сўнгги пайтларда Исломий давлат жангари гуруҳининг минтақага таҳдиди борасида тобора кўпроқ бонг урмоқда. Аммо таҳлилчиларга кўра, бу таҳдид бўрттирилганМирзиёевнинг Вашингтонга сафари арафасида россиядаги бир неча интернет сайтлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужаббор Абдувоҳитовга нисбат берилган расмий хатни чоп этди.Унда гўёки Сурхондарё вилоятида 5000га яқин ИШИД жангариси тўплангани айтилади.Хатда ўзбек мулозими жангарилар ҳужуми муқаррар экани ва уни қайтаролмасликларини айтиб, АҚШдан ёрдам сўраган.Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам Би-би-сига хатнинг сохта эканини тасдиқлади. Уни чоп этган gosnovosti сайти муҳаррири эса, Би-би-си билан суҳбатда хатнинг сохталигидан таажжубланмади ҳам.

Би-би-сида мақоланинг Кремлга алоқаси борлигини тасдиқловчи далил йўқ. Аммо Россиянинг ғарбга қарши олиб бораётган ахборот урушидаги усуллар кўпчиликка маълум. Хўш, бунга ўхшаш мақола кимга керак?

Биз бу саволни Москвадаги МДҲ институтидан Андрей Грозинга бердик.

Андрей Грозин: Мен Ўзбекистонда бугунги қаттиқ ички тартиб билан қандайдир қуролли мухолиф кучларнинг бўлишини тасаввур қилолмайман. Рост, ҳозир тузум бироз юмшаяпти, аммо шунда ҳам минглаб жангарининг чегарадан ўтиб келиши ақлга сиғмайди. Бу мақоланинг ортида Кремль пропагандаси турибди, дейиш анча соддадиллик бўлур эди. Кремль пропагандаси бунақа жўн усулни қўлламайди. Бунинг ортида ҳар-хил кучлар туриши мумкин. Мен шахсан яқин атрофдан қидиришни тавсия қилган бўлардим.

Би-би-си: Умуман, Кремльда Мирзиёевнинг АҚШга ташрифига муносабат қандай?

Андрей Грозин: Россия давлат телеканаллари, мустақил матбуот ва интернетдаги хабарларга қарайдиган бўлсак, Кремль Мирзиёевнинг ташрифидан хотиржам, дейишимиз мумкин. Яъни орқамиздан пичоқ урди, деганга ўхшаш бир қараш йўқ. Бу каби нуқтаи назарни фақат Россиядаги мутлақ маргиналлар айтиши мумкин. Аслида ҳам бу ташрифда унча катта интрига йўқ. Мирзиёев дунёнинг барча қудратли пойтахтларига ташриф буюрди, Вашингтонга ташриф ҳам кутилганди.

Би-би-си: Аммо бугунги "Коммерсант" рўзномасидаги мақолага қараладиган бўлса, Кремль анча асабийга ўхшайди. "Коммерсант" назарида Мирзиёев ва ундан сал аввал Вашингтонда бўлган Президент Назарбоевлар Марказий Осиёни Москва таъсири остидан олиб чиқиб кетаётгандек...

Андрей Грозин: Шавкат Миромонович қаердан бўлса ҳам сармоя топиши, иқтисодни ислоҳ қилиши кераклигини ҳамма тушунади. Ғарбнинг ёрдамисиз, ғарбнинг технологияси ва кўмагисиз Каримов даврида қарор топган иқтисодий моделни қайта қуриб бўлмайди. Фақат Россия ва Хитойнинг ёрдами билан бунга эришиш имконсиз. Бу ерда ҳеч ким, Москва ҳам, Пекин ҳам Тошкентнинг ягона ҳамкори бўлишга даъвогарлик қилаётгани йўқ. Назарбоевнинг ташрифига келсак, Москвада Қозоғистон портларини АҚШга очиш қароридан ташвиш билдирган, ваҳима кўтарганлар кўп бўлди. Мана энди, Американинг ҳарбий-денгиз кучлари Каспийга келади, қабилида. Аммо ўзингиз ўйланг, Каспий ёпиқ денгиз бўлса, АҚШ денгиз кучлари қаердан келади? Фақат ҳаводан келиши мумкин. Аммо албатта, Афғонистондан янги транзит йўлининг пайдо бўлиши махсус хизматлар, жумладан, уларнинг радиоалоқа тизимлари ишида муаммо яратиши мумкин. Бу борадаги хавотирлар ўринли албатта...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Win McNamee
Image caption Трамп Мирзиёевни "мамлакати ва дунёда ҳурматга сазовор инсон" деб атади

Би-би-си: Марҳум Ислом Каримов буюк давлатлар ўртасида мувозанат сақлашга ҳаракат қилиб келган. Мирзиёевнинг ташқи сиёсати ундан қанчалик фарқ қилади?

Андрей Грозин: Назаримда, бу ерда унчалик катта фарқ ҳам йўқ. Фақат Мирзиёев биринчи президентдан фарқли ўлароқ, анча очиқ сиёсат олиб бормоқда. Каримов айниқса, умрининг охирги йилларида унча кўп хорижий сафарларга бормаган, борса ҳам унча узоққа кетмасди. Ислом Абдуғаниевич табиатан ёпиқ одам эди ва унинг характеридаги бу жиҳат Каримов бошқаруви даврида Ўзбекистон ташқи сиёсатида ҳам акс этди. Мирзиёевнинг минтақавий ташаббуслари Вашингтонда ҳам, Пекин ва Москвада ҳам бирдек хуш қаршиланмоқда. Бу уч давлат Марказий Осиёдаги барқарорликдан манфаатдор. Аммо Мирзиёевниннг олдинроқ Пекиндан, кейин Москва ва мана энди, Вашингтондан олиб борадиган сармоялари миқдорига қараладиган бўлса, бу борада ҳозирча Хитой ҳар қандай рақобатдан ташқарида эканини кўрамиз. Аслида Мирзиёев бу ташаббуслари билан дунёнинг етакчи қудрат марказларининг манфаати доирасида ҳаракат қиляпти. Россия ҳам, АҚШ ва Хитой ҳам Ўзбекистондаги вазиятнинг яхшиланиши билан минтақада ҳам вазият барқарорлашади, деб умид қилмоқда. Чунки Ўзбекистон ҳам аҳоли сони, ҳам геосиёсий ва ҳам ҳарбий нуқтаи назардан минтақадаги етакчи давлат бўлган ва шундай бўлиб қолади. Агар Ўзбекистонда нормал ижтимоий-иқтисодий қарор топса, қолган давлатларда ҳам ортиқча муаммо бўлмайди. Бунинг учун ҳатто минтақавий интеграция ҳам шартмас. Минтақадаги жараёнлар шундоқ ҳам Ўзбекистонга таянади.

Би-би-си: Дональд Трамп Марказий Осиёнинг мустақил ва кучли бўлиши муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Россия ҳам шуни истайдими?..

Андрей Грозин: Камбағал ва касалманд бўлгандан кўра, бой ва соғлом бўлган албатта, яхши. Россияга ҳам унинг хавфсизлиги, миллий манфаатлари ва бизнесига таҳдидлар туғдиргандан кўра, соғлом Марказий Осиё бўлгани яхши. Бу энди умумий ёндашув. Аммо шахсан Трампга келадиган бўлсак, назаримда у Марказий Осиёдаги вазиятни яхши билмайди. У ҳамма вақт минтақадан узоқ бўлган. Марказий Осиё Трамп учун биринчи даражали эмас. У хойнаҳой, справкаларга қараб, минтақада бир эмас, бешта давлат борлиги ва улар бир-биридан фарқ қилишини билиб олган бўлса керак. Катта сиёсатда ҳамма шундай. Ҳамма Марказий Осиё гуллаб - яшнашини истаймиз, барқарор бўлишини истаймиз, дейди. Москвага борсангиз ҳам, Пекинга борсангиз ҳам, сизга шу гапни айтишади. Аммо амалиётда ҳамманинг ёндашуви ҳар-хил. Менимча кучли Марказий Осиё Россиянинг манфаатларига жавоб беради. Марказий Осиё кучли бўлса, бу ерга бошқа кучли ўйинчилар, Россия, хусусан, унинг иқтисоди рақобатлаша олмайдиган бошқа давлатларнинг кириб келишига қаршилик кўрсата олади. Албатта, кучсиз ва тарқоқ давлатларни бошқариш, уларга таъсир кўрсатиш осонроқ. Аммо узоқ муддатда кучсиз давлатлар ўз муаммоларини ўзларини бошқараётган кучли давлатларнинг зиммасига юклашади, уларга бошоғриқ бўладилар. Назаримда, кучли Марказий Осиё истиқболи Россияни унчалик қайғуга солмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek