Дунёда мисли кўрилмаган тажриба: Ўзбекистон Орол денгизи тубини ўрмонга айлантирмоқда

Image caption Мўйноқ яқинидаги "Кемалар қабристони".

Орол денгизининг қуриши инсоният тарихидаги дунёнинг энг йирик экологик фожиаларидан бири бўлди. Саҳрога айланган денгиз тубидаги тузлар, қум-чанг ва заҳарли ўғитлар инсонларҳаёти ва табиатни хавф остига қўйган.

Аммо бугун Ўзбекистон дунёда мисли кўрилмаган тажрибага қўл урмоқда: денгиз ўрнидаги саҳрони ўрмонга айлантирмоқчи.

Бу Қорақалпоғистонда ҳаётни асраб қола оладими?

Саҳро ўрнида ўрмон қандай яратилмоқда? YouTube видеолавҳамиз

Алоқадор видеолар:

Оролни аслида ким қуритган?

Ўзбекистонда янги заҳарли саҳро

Биринчи мусулмон капитан

Мўйноқлик 78 яшар Алмас Толвашев шаҳар четидаги саҳро четида қум кечиб, занглаб ётган улкан кема қолдиқларини оралаб нималарнидир эслайди.

Қуриган соҳил бўйлаб қатор тизилган ўндан зиёд кема қолдиғи ва тепакликдаги маёқ бу ерда бир пайтлар улкан бандаргоҳ бўлганини эслатиб туради.

"Қорақалпоқ халқининг тарихи денгиздан бошланади" - дейди эски кема қолдиғига қараб собиқ балиқчи Алмас ота: "Балиқчилик бизга оталаримиздан мерос касб. Ўғил болалар бизда энг аввал отасидан денгизда балиқ овлашни ўрганган".

Энди бу анъанани давом эттириб бўлмайди.

Мўйноқ Қорақалпоғистоннинг марказида жойлашган. Ҳали ярим аср олдин ҳам Ўзбекистондаги балиқнинг 98% айни шу ерда тутиларди.

У пайтлари шаҳарча уч тарафи сув билан ўралган ярим оролчада жойлашган бўлган.

"Менинг кемамнинг оти Волга дейишарди" - занглаган кемани силайди Алмас-ота.

"Мўйноқдаги биринчи мусулмон кема капитани эдим, десам ҳам бўлади. Менгача фақат русларни олишган" - фахр билан қўшиб қўяди суҳбатдошим.

Image caption Алмас-ота Толвашев 18 йил умри денгизда ўтганини айтади.

"Денгизда у пайтлар 250 та кема сузарди. Ҳар куни ўз кемамда 10 нафар балиқчи билан биргаликда 600-700 кило балиқ тутардик".

Ҳамон ёш йигитлардек бақувват ва қотмадан келган Алмас ота тез-тез Мўйноқнинг собиқ бандаргоҳидаги "Кемалар қабристони"га келиб, занглаган кемалардан хабар олиб туради. У занглаган темирга айланган ҳар бир кеманинг 40 йил олдинги номи ва тарихини билади.

Фожеанинг бошланиши

Иккинчи Жаҳон Урушидан кейин СССР Ўзбекистонни улкан пахтазорга айлантиради. Амударё ва Сирдарё сувлари нафақат янги шаҳарларга балки янги пахта далаларига бурилади.

Пахта ишлаб чиқариш кучаяди. Ўзбекистонда 6 миллион тоннагача пахта ҳосили кўтариш мўлжали олинади.

Орол эса 1960 йиллардаёқ қисқаришни бошлайди. Лекин Кремль Орол муаммосини оммадан яшириб келади.

Денгиз чекинаётганини илғаган маҳаллий одамлар қирғоққа таёқ тиқиб, орадан бир қанча вақт ўтгач, қайтиб келиб, денгиз қанчалик узоқлашганини ўрганишганини айтишади.

Сув камаяркан, туз миқдори кўпайиб, Орол заҳарли денгизга айлана бошлаган.

"Бошида балиқ камайиб кетди, кейин ўлик балиқ тута бошладик" - эслайди собиқ балиқчи - "Об-ҳаво ёмонлашди, ҳавода чанг-тўзон кўпайди".

Орол денгизининг 90% ҳудуди бугун саҳро. Бу - Ирландия ҳудудига тенг майдон.

Денгизнинг ўлими биргина турмуш тарзини ёки об-ҳавони ўзгартириб қолмаган.

Хавф остидаги ҳаёт

Шифокор Йўлдошбой Досимов ҳали 1980-йиллари Мўйноқ касалхонасига ишлашга келганда денгиз аллақачон ўз соҳилидан бир неча ўн чақиримга узоқлашиб кетганди.

У ўша йиллари кўпайган касалликларни яхши эслайди.

"Нафас йўллари ва буйрак хасталиклари, сил кўп тарқалганди. Яқин йилларгача ҳам кўп болалар ичкетишдан нобуд бўлишган".

Улкан пахта далаларини яратган Совет Иттифоқи экин учун ишлатилган пестицид ва гербицид қолдиқлари яна айланиб, дарёга тушиши ва Оролга қуйилишини тузук тасаввур этишмаган.

Image caption Орол денгизининг Ўзбекистон тарафида аҳоли зич яшайди.

Орол қуригач, денгиз ўрнидаги улкан саҳрони қоплаган тузларни шамол юзлаб чақиримга учириб, тўзғита бошлаганди.

Мутахассисларга кўра, ҳар йили денгиз ўрнидаги саҳродан 100-150 миллион тоннадан кўпроқ чанг-туз осмонга кўтарила бошлаган.

Саратон турлари кўпайган, ўпка ва юрак касалликлари авж олган. Ёш болалар ўртасидаги ўлим эса, 1990 йиллари Қорақалпоғистонда мамлакатнинг бошқа ҳудудларига нисбатан юқори эди.

Аммо 1980 йиллар охирларида кўп ва хўб ёзилган Орол муаммолари 1990-йилларга келиб, яна деярли эсланмай қўйилганди.

Бирон анжуман ё тадбир муносабати билангина Орол ҳақида гапириларди, холос.

Айни пайтда, Ўзбекистон муаммо миқёси ва оқибатларини яхши билган.

Хусусан, Орол денгизини энди қутқариб ёки қайтариб бўлмаслиги ҳам кундек аниқ бўлиб, Ўзбекистон учун бош вазифа Орол бўйи минтақасидаги ҳаётни асраб қолиш эди.

Ўзбек олимлари экологик фожеа ечимини топгандек эдилар.

Саҳро ўрнида ўрмон

Мўйноқдан бир неча юз чақирим узоқдаги саҳрода тонг саҳардан одамлар ишга тушишади.

Бу ерлар ҳали 40 йил олдин ҳам 25-30 метрлик денгиз туби эди. Бугун атроф изғирин шамол, теварак эса кичик чиғаноқ ҳамда тузлардан оппоқ кўринади.

Image caption Ўзбекистон Орол денгизи тубидаги саҳрода саксовул экмоқда.
Image caption Би-би-си 12 йилдан кейин Ўзбекистондан қилган илк дастурлардан бири Орол тубини ўрмонга айлантириш тажрибаси ҳақида бўлди.

Эркаклар икки нафардан ишлашади. Биттаси бир чизиқ бўйлаб кичик ўра қазиб боради, иккинчиси оч кулранг кўчатларни ўтқазади.

"Ёмғир ёғадими, кун совиб кетадими, барибир ишлаймиз" - дейди йигитлардан бири қатъият билан.

"Ўз олдимизга мақсад қўйганмиз: бир гектар ерга кўчат экиб чиқмасак, уйга қайтмаймиз".

Йигитлар саксовул кўчатларини ўтқазишмоқда.

Кўримсиз ва бутасимон саксовул Марказий Осиёда табиий ўсиб келган дарахт. Ўзбекистондаги Қизилқум саҳросида бир неча табиий саксовул ўрмонлари ҳам бор.

Бугун эса Ўзбекистон айнан шу саксовулни Орол қуриши оқибатларига қарши курашдаги энг муҳим восита сифатида танлади.

Image caption Саксовул ўрмони туз ва қумларни ушлаб қолади

"Яхши ривожланган бир туп саксовул ўз илдизи атрофида 10 тоннагача қум ва тузни тутиб туради" - тушинтиради Қорақалпоғистон Ўрмон Хўжалиги мутахассиси Ўразбай Алланазаров.

Саксовуллар тупроқдаги чанг-тузларни шамол учиришини тўхтатади. Шу асно Орол тубидаги заҳарли тузлар осмонга кўтарилиши камаяди.

Ҳозир Ўзбекистондаги Орол денгизи тубининг еттидан бир қисми ёки ярим миллион гектари саксовул ўрмонига айлантирилган.

"Мана бу ерда ҳар иккинчи саксовул кўчати тутиб кетган ва дарахтга айланган. Бу жуда яхши натижа" - дейди одам бўйидан ошиб қолган дарахтларни кўрсатиб Ўразбай Алланазаров.

У 4-5 йил олдин экилган саксовул ўрмонига қараб қувончини яширмайди.

Дарахтлар орасида бошқа гиёҳлар ва ўсимликлар ҳам ўсаётганини кўриш мумкин.

"Саксовул шўр ва чангга чидамли, шу учун саксовул танланган" - тушунтиради Ўразбай Алланазаров.

Саксовул бир чизиқ бўйлаб экилади. Аммо ёнма-ён қатордан орасида 10 метрдан жой ташланади. Чунки саксовул вояга етгач, унинг уруғи атрофга сочилади ва орада ҳам янги ниҳоллар униб чиқади.

Қарабсизки, бир неча йилда ўртадаги бўш жой ҳам янги дарахтлар билан қопланади.

Аммо ўта қуруқлашиб кетган иқлим, ёғингарчилик камлиги ва тупроқ таркибидаги заҳарли тузларнинг баъзан ўта кўплиги саксовулларнинг тутиб кетишига халақит беради.

Баъзан 20-25% кўчатлар яшаб кетади, холос. Ҳозир дарахтнинг яшовчанлигини кўпайтириш устида ҳам изланишлар кетмоқда.

Шундоқ бўлса-да, қуриган Орол денгизининг Ўзбекистон тарафидаги ярим миллион гектар саҳро бугун саксовул ва юлғун ўрмонига айлантирилди.

Бу ҳали дунёда мисли кузатилмаган ақл бовар қилмас тажриба.

Бироқ ҳамон 3 миллион гектарлик денгиз туби очиқ саҳро бўлиб қолмоқда.

Қолган майдонни ҳам ўрмонга айлантириш учун эса ҳозирги суръатда яна 150 йил керак.

Image caption Ўразбай Алланазаровнинг айтишича, саксовул ўрмонларини кенгайтириш керак.

"Ҳозирги экиш суръати жуда секин" - тан олади Ўразбай Алланазаров - "Биз жараённи тезлаштиришимиз, кўпроқ майдонда саксовул экишимиз лозим.

"Аммо бу учун маблағ, хорижий сармоялар даркор".

Оролбўйида ҳаётни асраб қолиш учун денгиз тубини ўрмонга айлантириш аслида энг арзон, фойдали ва қулай чора сифатида танланган.

Лекин шу ҳолатда ҳам ҳар йили 18-20 минг гектарга саксовул экиш учун 5-7 миллион атрофида маблағ даркор.

СССРдан мерос қолган бу улкан экологик фожеа оқибатларига қарши курашиш Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг гарданига тушмоқда.

Аксар маблағни ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати ажратади.

Саксовулзорлар кенгаяркан, Қорақалпоғистонда кўпчилик бугун яна келажакка умид билан қарай бошлаган.

Буни капитан Алмас отанинг ҳазилнамо гапидан ҳам илғайсиз.

"Денгизчи халқ эдик, майли уни йўқотдик, қани энди ўрмончи ҳам бўлиб кўрайлик-чи!"

Би-би-сининг глобал иқлим исиши ва экологик муаммоларга қарши янгича ва намунавий курашаётганўнта мамлакат тажрибаси ҳақидаги Тaking the Temperature махсус лавҳалари Skoll Foundation ҳомийлигида тайёрланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek