Мирзиёев: "ДХХ ходимларининг ойлигини кўтараман..." "... ўқитувчиларники кўтариш қўлимдан келмайди"

Улуғнор Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Мирзиёев Андижонга қилган ташрифи давомида вазиятдан 100 фоиз бохабар ДХХ ходимларига уй қуриш ва маошини кўтаришга ваъда берган. Президент иқтисодиёт оғир аҳволда бўлганлиги учун ўқитувчиларнинг маошини ошириш унинг қўлида эмаслигини айтган.

19 май куни Андижоннинг Улуғнор тумани ҳокимияти биносида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилояти ва туманлари ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Президентнинг йиғилганларга айтган гапларини маҳаллий кун.уз ва хабар.уз сайтлари ўз мухбирларига таяниб ёзиб турди.

Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилишда ДХХ ходимлари тўғрисида ҳам гапирган. Бу ҳақда ёзган хабар.уз кейинчалик номаълум сабабга кўра мақолани сайтидан ўчириб ташлади.

Telegram даги Водий бозор каналида тарқалган аудио ёзувдан англашилича, Шавкат Мирзиёев МХХ раҳбарларининг 20 фоизи ўғри бўлганлигини, бироқ садоқатли инсонлар жуда кўплигини таъкидлаган.

Президент ДХХ ходимларининг шароитини яхшилаш учун уларга янги уй берувчи ва маошини оширувчи ҳужжатга қўл қўйганини айтган.

"Ҳозир қўл қўйдим: буларга уй қураяпман, ойлигини кўтартираман. Лекин бир нарсани билинглар: 100 фоиз вазиятни, ухлаганларингда туш кўрганларингни билмаслиги мумкин, бошқа ҳамма нарсани билади", деган у.

Мирзиёев бошқа давлатлар билан тузган шартномалари орқали шундай ускуналарни олиб келаётганини айтган ва бизга хиёнатчилар керак эмас, деган.

Президент Улуғнорда ўтган мажлисда жамиятнинг энг ҳимоясиз қатлами бўлган ўқитувчилар ҳақида ҳам гапирган. Бу ҳақда кун.уз нашри хабар берган.

У ўқитувчилар мавзусига ўтишдан олдин мамлакат иқтисодиёти оғир вазиятда деб гап бошлаган.

"Очиғини айтишим керак, иқтисодиётимиз жуда оғир вазиятда, жуда оғир кунларни бошдан кечиряпмиз. Қанийди, қўлимда бўлса, биринчи навбатда мактаб ўқитувчисининг ойлигини 10 баравар ошириб қўярдим", деган Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев ДХХ ходимларининг маошини ошираётгани ва уларга уй қуриб беришини айтганда иқтисоднинг қай аҳволда эканлигини гапирмаган.

У, шунингдек, оғир иқтисодий вазиятда нима сабабдан кўпроқ куч тизими ходимларига давлат томонидан кўпроқ эътибор ва имтиёзлар берилаётгани ҳақида ҳам ҳеч нарса демаган.

ДХХ ходимларидан ташқари Ўзбекистонда ИИВ ва Мудофаа вазирлигидаги куч ходимларининг шароитини яхшилаш, уй қуриш ва уларга ҳамда уларнинг фарзандларига турли имтиёзлар бериш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Ўқитувчилар шу вақтгача мактаб ишларидан ташқари кўча тозалаш, пахта чопиш, териш, қурилиш ишларига жалб қилиниб келинар эди.

Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи арафасида катта йўл ўртасидаги тўсиқларни оқлаётган ёш педагог Диана Еникееванинг машина остида қолиб ўлиши ва унинг маҳаллий нашрларда кенг ёритилиши ўқитувчиларга нисбатан муносабатни тубдан ўзгартирган.

Диана фожиаси ортидан мамлакатда яна бир бор ихтиёрий-мажбурий меҳнатни тақиқловчи қарор қабул қилинди.

Улуғнордаги йиғилишда Шавкат Мирзиёев Президент Ислом Каримов даврида яратилган коллеж тизинимини яна бир бор кескин танқид қилиб ўтган.

"Таълим соҳасида ишимиз анча орқага кетган. Коллеж, коллеж, коллеж дедик. Кимга керак Қўрғонтепада, чўлнинг ўртасида мармар коллеж? У коллежларни қуришдан кўра, мактабнинг домласига ойлик бериш керак эди. Энди бу коллежлар мутлақо ҳеч кимга керак эмас", деган Шавкат Мирзиёев.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek