"Ғарб сармоядорлари Ўзбекистонда Россия бизнеси устиворлигидан хавотирдалар"

Сурат манбаси, Kate Mallinson
Кейт Маллинсон кўп йиллардан бери Ўзбекистондаги иқтисодий салоҳиятни таҳлил қилиб келади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат иқтисодига хорижий сармояни жалб қилишга катта эътибор қаратмоқда. 2017 йилда хорижий инвестициялар бироз ўсиб 67 миллион долларни ташкил қилган бўлса-да, эски қонунчилик, коррупция ва заҳираларга давлат эгалиги туфайли Ўзбекистон Жаҳон Банкининг "Бизнес юритиш" бўйича 2018 йилги ҳисоботида 74 ўринда турибди. Би-би-си сармоя муҳитини яқиндан ўрганган таҳлилчи, Лондондаги Chatham House халқаро алоқалар институти тадқиқотчиси Кейт Маллинсондан Ўзбекистон сармоядорлар учун қанчалар очилаётгани ҳақида сўради.
Маллинсон: Ҳозирда сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодининг очилишига умид ва эҳтиёткорлик билан ёндошишмоқда, чунки аввалги ҳукумат остида қатор сармоядорлар куйиб қолган. Уларнинг эҳтиёткорлигига бошқа сабаблар ҳам бор: масалан, Россиянинг минтақадаги таъсири, айниқса ҳозирда Россия ва Ғарб ўртасида юзага келган адоват манзарасида қарайдиган бўлсак. Шунингдек, нефть нархининг пастлиги ҳам муҳим омил. Лекин, Ўзбекистон ҳукуматининг очиқлиги жуда ҳам ҳуш қарши олиняпти ва уларни руҳлантиряпти. Бироқ, Ўзбекистонда ҳали инвестиция қонунчилигида қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Ҳукумат жуда яхши ташаббуслар билан чиқяпти, долзарб мавзуларни кўтаряпти - масалан, янги солиқ тизимини яратиш, солиқларни камайтириш, шахсий имтиёзларни камайтириш ва бошқа ислоҳотлар қилиняпти. Давлат ишларига хусусий компанияларни жалб қилиш ҳам рағбатлантириляпти. Умуман, қонун устиворлиги учун шароит яратиляпти. Лекин, буларни тубдан қилинган ўзгариш деб бўлмайди. Масалан, табиий заҳиралар, банк фаолияти ва телекоммуникация соҳаларида кескин ўзгаришлар йўқ. Авваллари сармоя шартномаларини имзолаш жуда қийин бўларди, ҳозир эса ҳукумат расмийлари уларни шиддат билан кун тартибига киритаётгани жуда яхши. Лекин, Ғарб сармоядорлари учун бу етарли эмас. Улар, мисол учун, нефть ва газ секторидаги маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар борасида қонунлар ўзгаришини истайдилар. Балки, маҳсулотни тақсимлаш битимлари борасида янги қонун керакдир.
Би-би-си: Сиз Россия таъсирини тилга олдингиз. Бу ҳақиқатан ҳам жиддий аҳамиятга эгами сармоядорлар учун?
Маллинсон: Кўп инвесторлар фикрича, Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасидаги энг сердаромад лойиҳалар аллақачон Россия сармоядорларига, хусусан "Лукойл" ва "Газпром"га улашиб берилган, ёки Ўзбекнефтегаз уни улашмай ўтирибди. Йирик нефть ва газ компаниялари учун Ўзбекистонда фақат қийин лойиҳалар, яъни серхаражат ва анча чуқур қазиш талаб қиладиган лойиҳалар қолган. Нефть нархи 100 доллардан кам бўлиб турган вазиятда инвесторлар иккиланади, чунки улар бундай қийин лойиҳага қўл уришлари учун нефть нархи барқарор равишда ўсиши ва Ўзбекистондаги бизнес муҳити ижобий бўлиб қолиши керак. Буларнинг барига вақт керак, албатта. Тизимни бир кунда ўзгартириб бўлмайди, чунки Ўзбекистон узоқ муддат хорижий сармоядорлар учун ёпиқ эди, баъзи заҳиралар бозорга қўйилмасди ҳам. Демак, инвесторларда ишонч пайдо бўлишига вақт керак. Лекин, қизиқиш бор. Ҳозирча асосий сармоялар Россия ва Хитойдан келишини кўрамиз. "Лукойл" Ўзбекистонга 8 милиард доллар сармоя киритишини айтди. Бу ҳам Ўзбекистон қайси йўлдан кетишига ишора. Чунки, Ғарб компаниялари бундай капитал билан рақобатлаша олмайди.
Би-би-си: Лекин, ўзбекистонликларга бунинг нима фарқи бор? Сармоя келса бўлди-да, Ғарбданми ё Россиядан эканининг нима фарқи бор?
Маллинсон: Технология жиҳатидан олсак, Ғарбнинг баъзи компаниялари Ўзбекистон учун фойдали технологияларни тадбиқ қилишлари мумкин. Ғарб компаниялари порахўрликка қарши жуда қаттиққўл қонун-қоидаларга бўйсунишлари керак бўляпти, шундай экан улар Россия компанияларида кўзга ташланмайдиган шаффофлик муҳитини ҳам ўзлари билан олиб кела оладилар. Бу бизнес муҳитига таъсир қилади. Бозордаги ўйин қоидалари ҳамма учун бир хил эмас, чунки Россия компаниялари бу қонунчиликка бўйсунишмайди. Ғарб компаниялари сиёсий таъсирга эга шахслар билан аралашиб қолмаслик учун қаттиққўл текширувларни олиб борадилар, Россияники эса стол остидан келишувлар қилиш билан йўл топадилар. Бу ҳам умумий муҳитга таъсир қилади.
Би-би-си: Лекин, Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга қилган сафари чоғида Америка компаниялари билан қатор шартномаларга қўл қўйилди. Демак, улар Россия рақобатидан чўчимаган ҳолда Ўзбекистон бозорига киришга қарор қилган, шундай эмасми?
Маллинсон: Менимча, бундай баёнотларга бироз эҳтиёткорлик билан ёндошиш керак. Улар одатда дабдаба билан эълон қилинади, лекин исботини фақат бу шартномага биноан иш олиб борилгандагина кўра оламиз. Компаниялар ҳозирча ерни пайпаслаб кўришяпти, улар нималар бўлаётганидан бохабар бўлишни истайдилар. Лекин, бу каби оламшумул сарлавҳалар ҳар доим ҳам ҳақиқий сармояга етаклайди, деб ўйламайман.
Би-би-си: Ўзбекистонда айнан қандай заҳира ё маҳсулотлар хорижий сармоядорларни қизиқтиради?
Маллинсон: Ўзбекистон табиий заҳираларга жуда бой, сармоядорлар учун кончилик, олтин саноати жозибадор саналади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳам жуда катта салоҳиятга эга. Президент Мирзиёев қишлоқ хўжалигини эркинлаштириш борасида қилган баёнотлари одамга кўтаринки руҳ бағишлайди. Янги қишлоқ хўжалиги секторини ҳатто янги нефть ва газ секторига тенглаштирса бўлади. Ўзбекистоннинг йирик газ заҳиралари ҳам, албатта, хорижий инвесторлар учун муҳим. Бутун дунё Ўзбекистонни кузатяпти, ва у ривожланишини истайди. Халқаро молия ташкилотлари, хорижий инвесторлар ва Ўзбекистон ҳукумати бирга ишлашига катта имконият пайдо бўлган. Мен умид қиламанки, ҳаммаси амалга ошади.