Расмий Москва ростдан ҳам президент Мирзиёевнинг АҚШга ташрифидан хавотирдами?

Шойгу Фото муаллифлик ҳуқуқи Savitsky Vadim

Кун аввалида Ўзбекистонга сафар қилгани маълум бўлган Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашган.

Расмий музокаралар ортидан, икковлон бир соатча ёпиқ эшиклар ортида гаплашишган.

Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расман хабар берган, Ўзбекистон Президенти расмий веб саҳифаси эса, ҳозирча бу хусусда жим.

Россия томонининг маълум қилишича, икковлон Ўзбекистон Қуролли Кучларидаги ислоҳотлар ҳақида гаплашишган.

Ёпиқ эшиклар ортидаги музокаралар тафсилотлари эса, умумий мазмунда ҳам ҳозирча кенг матбуотга имконли эмас.

Аммо Россия Мудофаа вазирининг Тошкентга, кўпчилик наздида, кутилмаган сафари Ўзбекистон янги президентининг Вашингтонга қилган илк расмий ташрифидан саноқли кунлар ўтиб амалга ошган.

Ўзбекистон: Россия Мудофаа вазирини Тошкентга нима етаклаган бўлиши мумкин?

Россия Афғонистон таҳдидини бўрттирмоқдами?

Оқ Уй наздидаги "тарихий ташриф" манзарасидаёқ томонлар ўртасида "стратегик шериклик"нинг янги даври бошланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Шу шериклик доирасида икковлон ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик соҳасида ўзаро алоқаларини кенгайтириш, мустаҳкамлашга келишиб олишган.

Ўз ўрталаридаги биринчиси экани айтилаётган беш йиллик ҳарбий режани қабул қилишгача боришган.

Расман қудратга келишидан саноқли ойлар ўтиб эса, Ўзбекистоннинг янги президенти Россия билан ҳам ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага имзо чеккан.

Шартноманинг асосий мақсади — ҳарбий-техник соҳада ҳамкорликни чуқурлаштириш, Ўзбекистон армиясини замонавий техника билан жиҳозлаш, томонларнинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва ўзаро маслаҳатлар ўтказиш экани хабар берилган.

Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорларидан бири бўлган ва бўлиб қолиши ҳам баён қилинганди.

Ўз ўрнида, куни-кеча Оқ Уйда янграган оҳанглар ҳам мазмун жиҳатдан Москвада янграганидан умуман фарқ қилмаган.

Кеча - 21 май куни эса, Ўзбекистон ва Россия президентларининг телефон орқали гаплашиб олишгани маълум бўлган.

Россия президентининг расмий веб саҳифасида ушбу мулоқот чоғида Шавкат Мирзиёев Путинни Вашингтонга ташрифи тафсилотларидан огоҳ этгани ҳақида ёзди.

Шундай экан, буларнинг барчаси нимани англатади? - Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шундай савол билан Қозоғистондан етакчи сиёсий таҳлилчи Дўсим Сатпаевга мурожаат қилди:

Дўсим Сатпаев: Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида кўпроқ кўпқутбли сиёсат юритишни бошлади. Қозоғистон эса, аллақачон бу каби йўлга ўтган. Бўлмаса, Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзоси бўлади. Аммо, бунга қарамасдан, сиёсий-ҳарбий соҳаларда Америка Қўшма Штатлари билан алоқалари анчайин яқин. Шимолий Атлантика иттифоқининг "Тинчлик учун ҳамкорлик" дастури иштирокчиси. Бундан ташқари, яқинда Қозоғистон Америка томонига Каспийдаги қатор бандаргоҳларидан фойдаланишга изн берди. Бу бандаргоҳлар Америкага қарашли ноҳарбий юкларни Қозоғистон ҳудуди орқали Афғонистонга ташишга имкон беради. Бу эса, Қозоғистоннинг ҳарбий соҳада ҳам Россия ва ҳам АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик сиёсатини олиб бораётганига далолат қилади. Агар, Ўзбекистонга келсак, уларда Қозоғистондан кўра ҳам манёвр қилиш имконияти кенг. Чунки Ўзбекистон Қозоғистонга ўхшаб, Россия етакчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзоси эмас. Ўзбекистон ҳали анча аввал, марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида ўзининг мустақил ташқи сиёсатини аниқ белгилаб олган. Айнан ўзларининг туб манфаатларига мос келмагани боис, ундаги иштирокига якун ясаган. Аксинча, дунёнинг бошқа қатор давлатлари билан алоқаларини фаоллаштирган. Энг қизиғи, ҳали ҳаёт экан, бошқарувининг сўнгги йилларида Ислом Каримовнинг ўзи ҳам АҚШ билан ҳарбий-сиёсий соҳадаги ҳамкорликларини қайта фаоллаштира бошлаган. Бунга 2005 йилги Андижон воқеалари сабаб, икковлон ўртасидаги алоқаларнинг қанчалик издан чиққани ҳам тўсқинлик қила олмаган. Айнан афғон фактори сабаб, расмий Вашингтон Ўзбекистонга яна ўзининг ҳамкори сифатида қарашни бошлади. Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи эса, бунинг амалдаги исботи бўлди. Дональд Трамп маъмурияти, хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан, Афғонистонни ўз сиёсатидаги устивор масалалардан бири қилиб қўйди. Бу каби манзарада эса, айни муаммога Ўзбекистоннинг иштироки, ҳамкорлигисиз ечим топиш қийинлиги ўз-ўзидан аёнлашади. Чунки Ўзбекистон, бир томондан, Афғонистондаги Америка ҳарбийлари учун мўлжалланган ноҳарбий юкларнинг транзити учун энг муҳим таъминот йўлларидан бири. Бошқа томондан, Ўзбекистон қолган Марказий Осиё давлатларидан фарқли тарзда, йилларки, афғон можаросига бефарқ бўлмай келган. Мулоқот, музокаралар механизмларини ишлаб чиққан, таклиф қилган. Сулҳ учун томонлар ўртасида воситачилик қилишга уринган. Худди шу нуқтаи назардан ҳам, Ўзбекистон Америка Қўшма Штатлари учун нафақат минтақадаги ўйинчи давлат, балки афғон можароси ечимидан манфаатдор мамлакат сифатида ҳам қимматли шерик мақомини касб этади.

Би-би-си: Ўзбекистон айнан янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида Россия билан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришни кўзда тутувчи шартномани имзолади. Россия, бундан ташқари, Ўзбекистоннинг узоқ йиллик ва анъанавий стратегик шерикларидан бири саналади. Устига устак, расмий Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги ҳарбий, ҳарбий-техник соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш қадамлари Кремль асосий геосиёсий рақиби АҚШнинг зиддига минтақада ўз манфаатларини парваришлашга зўр бериб қолган бир манзарада кузатилмоқда. Шундай экан, воқеаларнинг бу каби ривожига расмий Москва, Россиянинг муносабати қандай бўларкин?

Дўсим Сатпаев: Шуни айтиш керакки, 2014 йилги Украина ҳодисалари ортидан, россиялик экспертлар, сиёсат ва ахборот доиралари, таъбир жоиз, тобора "жазавага тушган, асабийлашган оломон"ни эслата бошлашди. Ҳар қандай суверен хатти-ҳаракатлари учун бошқа давлатларга, "Россияга қарши", деган мазмундаги ёрлиқлар, тамғалар ёпиштириш ҳаракатига тушишди. Қозоғистон яқиндагина худди шундай ҳолатни бошидан кечирди. Портларидан фойдаланиш тўғрисида Вашингтон билан шартнома имзолагани ҳақида маълум бўлиши биланоқ, Россия оммавий-ахборот воситалари, экспертлар гуруҳи орасида, "Каспий денгизида АҚШ ҳарбийлари пайдо бўлармиш", деган ақлга сиғмайдиган гап-сўзлар чиқиб кетди. Гўёки Каспийда Америка ҳарбий базалари қад ростлармишу, бу - Россияга таҳдид солармиш. Албатта, буларнинг барчаси, таъбир жоиз, экспертлик даъвосидаги ва "атрофдаги ҳамма душман, фақат Россия бутун собиқ Шўролар ҳудудининг ҳимоячиси", деган тарғиботлардан таъсирланган инсонларнинг бўлмағур гаплари. Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи ҳам Россия ичкарисида бунга ўхшаш акс-садоларга сабаб бўлмай қолмайди, албатта. "Мана, Ўзбекистон АҚШга сотилиб кетди", "Ўзбекистон Россиядан кўра ишончлироқ ҳамкор топмоқчи", деган мазмундаги кесатиқ, киноя ва танқидона чиқишлар бўй кўрсатиши табиий. Албатта, буларнинг барчаси биз Қозоғистон мисолида кўникиб қолган ва ҳақиқатдан йироқ бир баёнотлар бўлади. Менимча, бу масалада Ўзбекистон ва Қозоғистон, "биз суверенмизми, демак, ўз миллий манфаатларимизга мос суверен ташқи ва ҳарбий сиёсат юритишимиз керак", деган мавқеъдан келиб чиқиб иш тутишлари керак. Чунки айнан Россия истаётгандек, бир давлатнинг қош-қовоғига қараб, ўз миллий хавфсизлингингни таъминлашинг имконсиз бир иш. Бу, аксинча, сизни янада мўрт қилиб қўяди. Биз ҳарбий, мудофаа соҳасидаги ҳамкорликларимизни ҳам турфалаштиришимиз, худди шу маънода, АҚШ билан ҳам шериклигимиз давом этиши керак. Чунки АҚШ ҳам узоқ йиллар давомида айни шу соҳаларда мамлакатларимиз билан ҳамкорлик қилиб келаётган давлат бўлади.

Би-би-си: Сизнингча, сўз бир-бирларига геосиёсий рақиблар саналувчи дунёнинг йирик ядровий, иқтисодий ва ҳарбий қудратлари билан ҳамкорлик ҳақида кетганда, Ўзбекистон ёки Қозоғистон каби давлатлар ҳозир шу каби сиёсат олиб бориш қудратига эгами? Уларнинг бугунги мавқеълари бунга имкон ва изн берадими?

Дўсим Сатпаев: Менимча, ҳа. Айниқса, Ўзбекистон учун бу нисбатан осон бўлади. Чунки ҳали марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви давридаёқ, Ўзбекистон расмий Москвага ўзининг ички ишларига аралашиш, ўз фаолиятларини Россия манфаатлари доирасида чеклашларга изн бермаслигини яққол билдириб қўйган. Ҳозир Шавкат Мирзиёев ҳам Ислом Каримов тутган ўша - мустақил ташқи сиёсатни юритишга ҳаракат қилмоқда. Шу маънода Ўзбекистонга анча енгил бўлади. Қозоғистон эса, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан ташқари, яна ЕвроОсиё иттифоқига ҳам аъзо. Шунинг учун ҳам, бизга бу каби сиёсатнинг оқибатлари оғирроқ ва оғриқлироқ бўлади. Чунки, бизни "Бу икки ташкилотга аъзо бўла туриб, нега АҚШ ва Европа Иттифоқи билан бунча оғиз-бурун ўпишиб қолдинг", - деб айблашлари осонроқ. Йил йўқки, Қозоғистон айни шу мазмундаги танқидлар билан рўбарў келмаса... Сўзсиз, Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Кремлдаги кўпчилик Ўзбекистон раҳбариятининг анчайин ўзларига мойил ташқи сиёсат олиб боришига умид қилишган. Ҳозир эса, биз уларнинг ҳафсалалари пир бўлганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Улар Шавкат Мирзиёев кўпқутбли ташқи сиёсат олиб бориш истагида эканини англаб етишди. Мирзиёев ўзининг илк хорижий сафарларини ҳам Москва, Пекин ёки Вашингтонга эмас, энг аввало Марказий Осиё давлатларидан бошлади. Ўзбекистоннинг янги президенти бу иши билан ҳам жуда яхши ишора берди. Кейин сармоячи сифатида ўзларига қизиқарли бўлган давлатларга эътибор қаратди. Шавкат Мирзиёев Вашингтонга ҳам фақат сиёсий ва ҳарбий соҳаларда ҳамкорлик истаб боргани йўқ. Ўзбекистонга янги сармоялар жалб қилиш учун ҳам борди. Чунки президент Мирзиёев ҳозир Ўзбекистон иқтисодини ислоҳ этмоқчи, янгича сармоя сиёсатини юритмоқчи. Бунинг учун ўша америкаликлари дохил янги инвесторларни жалб қилиши керак бўлади. Ўзбекистон янги президенти амалга ошираётган хорижий ташрифлар ҳам энг аввало мамлакатини ишончли савдо-иқтисодий ҳамкор сифатида обрўсини кўтаришни мақсад қилган. Инвесторлар эса, табиийки, бунинг учун Ўзбекистоннинг ўз мамлакатлари билан сиёсий соҳада ҳам фаол ҳамкорлик қилаётганига имкон қадар ишонч ҳосил қилишлари керак бўлади.

Би-би-си: Россия Ўзбекистоннинг постсовет ҳудудидаги энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлади. Устига устак, меҳнат муҳожирлигида банд энг катта сондаги Ўзбекистон фуқаролари ҳам айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади. Биргина расмий рақамларда уларнинг сони бир миллиондан ортиқ экани айтилади. Улар ортга юбораётган миллиардлаб доллар пул эса, йилларки, Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритиб келаётган асосий молиявий манбалардан бири бўлади. Шундай экан, бу омил Россия учун таъсир ўтказиш воситаси бўлиб хизмат қилиши эҳтимолини назардан қанчалик соқит қилиш мумкин бўлади?

Дўсим Сатпаев: Агар, Россия бу ишга борадиган бўлса, яна бир ақлсиз ишга қўл урган бўлади. Бахтга қарши, 2014 йилдан кейин Россия сиёсий элитаси тўғри мушоҳада юритишни бир қадар унутди. Ўз ёнига кўпроқ ҳамкор, дўст тортишнинг ўрнига, ҳатто, Россияга анчайин мойил бўлганларини ҳам ўзидан итаришни бошлади. Биттаси Беларусь. Расмий Минск охирги пайтларда, айниқса, ЕвроОсиё иттифоқига нисбатан мавқеи учун Россияга қарши кескин танқидларини кучайтирган. Арманистонда эса, бу иттифоқдан чиқишни талаб қилаётган кучлар пайдо бўлди. Агар, дейлик, Россия мигрантлари воситасида Ўзбекистонга босим ўтказиш хаёлига тушиб қолса, менимча, бу расмий Москванинг ўзи учун ҳам хавфли, янглиш ва нотўғри қадам бўлади. Чунки Россия бу билан Ўзбекистонни ўзидан буткул итаради. Бу иши билан қолган давлатларга ҳам ўзининг ҳеч қандай бир ҳамкор эмаслиги, бошқаларнинг гапларига қулоқ тутмаслиги, бор кучи билан бошқаларни ўзига бўйсундириш ҳаракатида бўлган бир давлат эканини кўрсатади. Бу эса, фақат аксилсамара беради. Бошқа ҳамкорларини ҳам Россияга нисбатан ҳушёр торттиради.

Би-би-си: Россиядан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирлари Самарқандга боришган, Ўзбекистоннинг марҳум биринчи президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, қабрига гул қўйишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek