Ўзбекистонда давлат хизматчилари даромадлари ҳақида ҳисоб беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Муҳокамага қўйилган қонун Президентга тадбиқ қилинмайди.

Ўзбекистонда давлат одамларининг даромад ва мол-мулкларини декларация қилиш тартиби йўлга қўйилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Бироқ қонун президент, шунингдек, депутат ва сенаторларга тадбиқ этилмайди.

Бош вазир ва ҳукумат аъзолари ҳамда ҳокимлар ҳам ўз даромадлари ҳақида ҳисобот беришлари мумкин.

Ва нафақат ўзлари, балки оила аъзолари, ота-оналари, турмуш ўртоқлари, фарзандларининг мол-мулки ва даромадлари ҳақида ҳам декларацияни тақдим этишга мажбур бўладилар.

Кўпгина давлатларда даромадларни декларация қилиш аксилкоррупция ҳақидаги қонунчиликнинг бир қисми саналади.

Масалан, Британияда депутатлар ҳам даромадлари ҳақида ҳисоб беришга мажбур.

Ёки Хитойда нафақат амалдорлар, балки уларнинг яқин қариндошлари ҳам нафақат даромадлари, балки харажатлари юзасидан ҳам ҳисоб берадилар.

Даромадлар ва мол-мулкни декларация қилиш Бирлашган миллатларнинг Коррупцияга қарши кураш ҳақидаги конвенциясида белгилаб қўйилган.

Ушбу банд Жаҳон Банкининг ҳужжатларида ҳам мавжуд.

Муҳокамага қўйилган қонун фақат декларация ҳақида эмас.

Унда шунингдек, манфаатлар тўқнашуви ёки давлат хизматчиларининг тадбиркорлик билан шуғулланиши биринчи марта қонун йўли билан тақиқланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, давлат хизматчиларининг иш соатлари ҳам тартибга солинадиган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek