АҚШда яна бир ўзбек ИШИД террорчиларини молиялашда айбланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Santa Rosa County Jail
Image caption Сардор Хўжаев

АҚШ матбуоти хабар қилишича, ўзбекистонлик Сардор Хўжаев (Sardor Khodjaev) Нью-Йоркдаги уч Исломий Давлат жангари гуруҳи тарафдорларига пул юборгани учун 1,5 йилга қамалди.

Флорида штатининг Пенсакола шаҳрида яшаган 30 ёшли Хўжаев 2014 ва 2015 йилларда Сурияга бориб ИШИДга қўшилишни истаган шахсларга 16 минг доллар етказиб беришда айбланган.

Хўжаев ўз шериклари билан электроник жиҳозларни Ўзбекистонга юбориб пуллаш орқали солиқдан бўйин товлашда ҳам айбдор топилди.

Унинг адвокатига кўра, Сардор Хўжаев ўз шериклари билан қонуний бизнес қилаётганига ишонган. Аммо, прокурор Девид Голдбергнинг фикрига кўра, айбланувчи бу пуллар ИШИД тарафдорларининг терроризмни қўллаб-қувватлаш амалиётларида ишлатилишини билган.

Судья Кейси Роджерс чиқарган ҳукмга кўра, Хўжаев бу пуллар ИШИДга кетаётганини билгани борасида далиллар етарли эмас, аммо у барибир бу жиноятга аралашгани тайин.

Унинг айтишича, агар ҳукумат қўлида етарли далил-исбот бўлганида, Хўжаев фитна ёки террорчиликда айбдор деб топилган бўлар эди.

Прокурор Голдберг мазкур маҳкама ишини "Аль Капоне" ишига қиёслади. Унинг айтишича, ҳукумат аслида анча жиддийроқ жиноят содир бўлаётганини билади, аммо Хўжаевни фақат солиқдан бўйин товлашда айбдор деб топиш учунгина етарли далил бор.

АҚШда ҳозирги вақтда 11 ўзбекистонлик террорчиликка алоқадор айбловлар билан жазо ўтамоқда.

АҚШдаги ўзбек ҳужумчи Сайфулло Соипов ким?

Дональд Трамп: ‘Соиповга ўлим жазоси берилиши керак’

Нуқтаи назар: АҚШдаги ўзбекистонликлар радикаллашмоқдами?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek