Ўзбекистон-Тожикистон: Тўйга зўрға бориб, азадан маҳрум қолган тақдирлар

Ўзбекистон Тожикистон

35 ёшли қаҳрамонимиз Тожикистонда туғилган.

Онаси Ўзбекистон, отаси эса, Тожикистондан.

Отаси ҳам ярим тожик, ярим ўзбек, ўзи ҳам худди шундай йигитга турмушга чиққан.

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, онаси-ку, майли, отасининг ҳам кўпчилик яқинлари Ўзбекистонда яшашади. Шўролар давридан ўша ерда қолиб кетишган.

Аммо, унинг бизга айтишича, Ўзбекистонга сўнгги бор 11 йил бурун борган.

Бу икки қўшни давлат ўртасидаги чегара эса, 20 йил деганда, яқинда очилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Тўйга зўрға бориб, азадан маҳрум қолган тақдирлар...

У ёпиқ қолган чегаралар сабаб, оиласи, ўз бошига тушган кўргўликларни ана шу бир оғиз сўзда ифодалайди.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, икки қардош давлат ўртасидаги мавжуд вазият сабаб, ота-онаси ҳатто Ўзбекистонда ҳаётдан кўз юмган яқинларининг маъракасини Тожикистонда ўтказиб, ўз уйларида аза очишга мажбур бўлишган.

"Ўзбекистонда тоғамлар бор, холамлар бор, амакиларим бор. 20 йилдан кўп бўлди, 4-5 йилда бир марта борардик, ўшанда ҳам агар тўй-пўй бўлса. Азага умуман бормасдик, улгурмасдик. Тўйга ҳам фақат таклифнома билан...", - дейди у.

"Қариндош: холамми, тоғамми, кимнинг тўй-маъракаси бўлса, ўша киши бизга таклифнома юборарди. Биз кейин бу ердан режа қилиб, борардик. Бутун ҳужжатбозликлар ўзиям бир-икки ҳафтага чўзиларди. Ҳали виза, ҳали у. Отам зир югурардилар, у қоғоз керак, бу қоғоз керак. Загранпаспорт қилиш керак".

Бу каби аҳволга тушган оилаларнинг сони эса, юз минглаб эди...

Ўзбекистон ва Тожикистон ва ниҳоят энг муҳим битим ижросига киришишдими?

Ўзбекистон-Тожикистон: Каримов музи эрий бошлади

Тожикистон-Ўзбекистон: Орзулар ушалган кун

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

"Онам-ку, хотин киши, нисбатан тез-тез бориб келардилар, икки-уч йилда бир марта. Отам бўлса, етти йилча бўлди, борганлари йўқ. Қанча тўйдан, қанча ўлик маъракадан қолганлар. Хафа бўлишарди, лекин на илож, чорасиз эдилар".

Агар, Шўро даврининг энг сўнгги ҳисоб-китобларига таянилганда ҳам, Ўзбекистондаги тожикларнинг сони бир миллион атрофида бўлса, Тожикистондаги ўзбекларники бу рақамларни ҳам ортда қолдирган.

Суҳбатдошимизнинг бизга айтишича, барча қон-қариндошлик алоқаларига қарамай, она Ватани деб Тожикистонни билади.

Аммо ҳар уч: ўзбек, тожик ва рус тилларида мукаммал сўзлаша олади.

Тожик мактабида ўқиган, ўқиш жараёнида рус тилини ҳам ўрганган. Отасининг ўгит ва даъватлари билан ўзбекчани ҳам унутмаган. Уйда фақат ўзбекча сўзлашишган.

"Болам жуда кичик. Лекин, шунга қарамай, унга ҳам уч тилда гапираман. Чунки фарзандимнинг ҳам ўзбек, тожик ва рус тилларида мукаммал гаплаша олишини хоҳлайман", - дейди у.

"Аммо, киндик қоним шу ерда тўкилган эмасми, барибир, Ватаним, деб Тожикистонни биламан".

Аммо Тожикистон ҳозирда марҳум Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроққа чўзилган бошқаруви давомида Ўзбекистон билан алоқалари энг ёмонлашган, ҳатто, сув устидан уруш келиб чиқиши эҳтимоли ҳақида сўз борган ягона Марказий Осиё давлатига айланади.

Бу икки қўшни давлат ўртасидаги алоқалар 90-йиллар бошларида Тожикистон саҳна бўлган фуқаролар уруши манзарасида янграган иддаолар ва худди ўша йиллари Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг тожик тупроғидан бошпана топиши манзарасида дарз ейишни бошлайди.

Бунинг ортидан юз берган Боткен воқеалари ва расмий Душанбенинг йирик Роғун ГЭСини қуриб битказиш билан боғлиқ режалари ўзаро муносабатларнинг янада таназзулга юз тутиши учун кифоя қилади.

Ўзбекистон дастлаб Тожикистон билан чегараларини бир томонлама ёпади.

Сўнгра "Экстремистлар сизиб киришининг олдини олиш учун" чегара ҳудудларини миналаштиришгача боради.

Давлатлар ўртасида фаолиятда бўлган чегара ўтиш нуқталарининг сони 16 дан иккитага тушади.

2000 йил бошларида эса, Ўзбекистон Тожикистон билан икки ўртада виза тизимини жорий этади.

Икки давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри парвозлар бекор қилинади.

Автобуслар йўналиши ўзгаради, бир-бирларининг ҳудудларини четлаб ўтиш бошланади.

Муҳим транзит йўллари ёпилади, газ таъминотининг узиб қўйилиши одатий тус олади.

Айнан Роғун сабаб, президент Ислом Каримов "Марказий Осиёда сув устидан уруш келиб чиқиши мумкин"лиги билан огоҳлантиришгача боради.

"Чегарадан ўтиш ҳам бир азоб эди. Текшир-текшир. Эрталаб барвақт чиқсак, шу тушлардан кейин етиб борардик-да...", - дейди қаҳрамонимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Амалда бўлган саноқли чегара ўтиш нуқталарида ҳар тонг турнақатор навбатларнинг тизилиши одатий тус олади.

Айрим шоҳидларнинг айтишларича, "героин хавотирида" бошдаги дўппию оёқдаги пайпоқларга қадар ечтирилади.

Одамлар аёлу эркак қилиб текшириб бўлинганидан сўнг эса, навбат уларнинг юкларига келади.

"Совға элтсак, қўймас эди. Озиқ-овқат элтсак, қўймас эди. Ўтказмасди, ташларди. Биз совға сифатида фақат қуруқ пул олиб борадиган бўлиб қолгандик. Масалан, бирор гўштли нарса, дейлик, колбаса олиб борасизми ёки бирор нарса пишириб оласизми, "Мумкин эмас", деб отардилар, билмасам, энди...", - дейди қаҳрамонимиз.

Икки қондош халқ ўртасидаги сарсон-саргардончилик оз эмас-кўп эмас нақ 20 йилча давом этади.

2016 йилнинг сентябрида мустақил Ўзбекистоннинг чорак асрлик биринчи президенти Ислом Каримов "миясига қон қуйилиши" натижасида кутилмаганда ҳаётдан кўз юмади.

Ҳали муваққат президент экан, Шавкат Мирзиёев бундан буёғига ўзларининг яхши қўшничилик ғоясига асосланган янги минтақавий сиёсат юритишларини баён қилади.

Аввалига қўшниси Қирғизистон билан чегара ва виза муаммоларини жадаллик билан ҳал этишга киришади.

Орадан қисқа вақт ўтмай, Тошкент ва Душанбе ўртасидаги тўғридан-тўғри парвозлар тикланади.

Тожикистон Ўзбекистон янги президенти давлат ташрифи билан борган сўнгги Марказий Осиё давлати бўлганига қарамай, ўзаро алоқалар жадаллик билан қайта илишни бошлайди.

Шу йил март ойида Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги узоқ йиллик чегара ва виза муаммоаси ҳам ўзининг ижобий ечимини топади.

Томонлар, ҳатто, келаси йил якунига қадар чегара ҳудудларини миналардан тозалашга ҳам келишиб олишади.

Куни-кеча икковлон ўртасида тўғридан-тўғри автобус қатнови ҳам йўлга қўйилади.

"Чегарани очармиш, деган гап бир йил олдин ҳам бўлганди. Лекин биз ишонмагандик...".

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

"Янгилик чиққанида, ота-онамнинг уйларида эдим. Онамнинг кўзларига ёш келди. Чунки ота-оналари ўтган бўлишса ҳам, сингил, иниларини неча йилдан бери кўрганлари йўқ. Одамлар жудаям хурсанд", - дейди бизнинг қаҳрамонимиз.

Қарийб 20 йил, деганда бу икки қўшни давлат ўртасидаги чегаранинг очилиши оддий одамлар учун ҳақиқий байрамга айланади.

Маросимдан олинган тасвирларда ҳатто рақс тушишгача борган одамларнинг сони озмунча эмаслиги кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Қаҳрамонимизнинг айтишича эса, икки ўртада чегара очилганидан буён ҳалича Ўзбекистонга боришга улгуришмаган.

Унга кўра, Ўзбекистонга бу галги саёҳатларини олдиндан яхшилаб пишитиб олишмоқчи, узоқроқ муддатга боришмоқчи.

Албатта, шу йил ёзда Ўзбекистонга бориш, барча тарихий сатҳларини зиёрат қилиш, яқинларининг дийдорига тўйиш ниятлари бор.

"Шунча йилдан бери бормаганман, қанча нарсалар ўзгарган бўлса керак...".

"Самарқандга бормоқчиман. Ҳеч қачон Хоразмга бормаганман, бу сафар Хивага ҳам бормоқчиман, томошага".

"Ҳаммадан ҳам энг кўп Ўзбекистоннинг нонини соғинганман, чунки мазаси жуда бошқача, қолган ҳеч бир нонникига ўхшамайди."

"Менга Ўзбекистонни, яқинларимни хотирлатиб турадиган суратлар кўп".

"Лекин, шунга қарамай, барибир, бу гал ҳам улар билан роса тўйиб суратга тушмоқчиман", - дейди у суҳбатимиз якунида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek