Ўзбекистон Россия ва АҚШ ўртасида манёвр қила оладими ёки Шимолий Таъминот Тармоғининг аҳамияти нимада?

Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

"Ўзбекистон, Марказий Осиё учун геосиёсий курашда Россиянинг мавқеи кучлироқ, аммо айнан Ўзбекистоннинг имконияти, ихтиёрида қудратлар билан "савдолашиш" имконияти, воситаси бор".

Ўзбекистон янги президентининг Вашингтонда экан, бундан буёғига ҳам Афғонистонга узанган Шимолий Таъминот Тармоғини дастаклашда давом этиш, унда фаол иштирок этиш ваъдасига халқаро таҳлилчининг берган баҳоси худди ана шундай бўлди:

Ироқ, Покистон ва Афғонистон бўйича "Free Press Unlimited" дастури мувофиқлаштирувчиси Ян Маквильямнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, расмий Тошкент учун бу восита вазифасини айнан Шимолий Таъминот Тармоғи бажаради:

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга Оқ Уй наздидаги "тарихий ташрифи" кенг қамровли бўлган, Ўзбекистон раҳбари президент Дональд Трампдан ташқари, АҚШ Давлат котиби, Мудофаа вазири ва АҚШ Конгресси вакиллари билан ҳам учрашган.

Бўлиб ўтган барча музокаралар ортидан, бу икки давлат ўртасидаги янги босқичдаги стратегик шерикликнинг марказида ҳам Афғонистон ва афғон можароси қолган.

Худди ана шу оҳанг манзарасида томонлар ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни кўзда тутувчи илк беш йиллик ҳарбий режа хусусида ҳам келишиб олишган.

Айни шу мулоқотлар манзарасида Вашингтонда Ўзбекистон янги президентининг Шимолий Таъминот Тармоғига оид ваъдаси алоҳида эътибор топган.

Ғарб оммавий-ахборот воситалари ва халқаро ҳарбий, сиёсий таҳлилчиларнинг ҳам диққатларини ўзига тортган мавзу бўлган.

Икки давлат раҳбарлари уч кунлик расмий ташриф ортидан, бир-бирларига керак стратегик шериклар сифатида хайрлашишган.

Расмий Москва ростдан ҳам президент Мирзиёевнинг АҚШга ташрифидан хавотирдами?

Ўзбекистон: Россия Мудофаа вазирини Тошкентга нима етаклаган бўлиши мумкин?

Шимолий Таъминот Тармоғи

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари томонидан Толибон тузуми қулатилган 2001 йилдан буён Шимолий Таъминот Тармоғи Афғонистондаги хорижий кучлар учун иккита муҳим таъминот йўлидан биттаси вазифасини бажариб келган.

Тармоқ Болтиқ денгизидан Афғонистонга қадар узанувчи, Кавказ ва Марказий Осиё давлатларидан ўтувчи денгиз, автомобиль, темир ва ҳаво йўлларини ўз ичига олади.

Шимолий Таъминот Тармоғи орқали Афғонистонга асосан қурилиш маҳсулотлари, ёқилғи ва дори-дармонлар каби ноҳарбий юклар олиб ўтилган, ўтилмоқда.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан бу таъминот йўлининг аҳамияти пасайган.

Аммо орада расмий Вашингтон афғон можароси ечимига иқтисодий жиҳатдан ёндашилган Янги Буюк Ипак Йўли лойиҳасини ўртага ташлаган.

Бунга қўшимча минтақадаги яна бир ўйинчи давлат, янги дипломатик воситачилардан бири - Хитой сўнгги йилларда қатор йирик иқтисодий лойиҳалар ташаббуси билан чиққан.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Шимолий Таъминот Тармоғининг айни шу ташаббуслар доирасида минтақа давлатлари учун сердаромад савдо йўлига айланишига оид умидларни ҳам пайдо қилган.

Аммо худди шу манзарада Американинг 2016 йилда қудратга келган янги республикачи президенти Дональд Трамп Жанубий Осиёга оид янги стратегия билан чиққан.

Расмий Вашингтон Афғонистондаги қўшинлари сонини қайта оширишга қарор қилган. Натога аъзо давлатларни ҳам худди ўзларидек йўл тутишга ундаган.

Жанубий Таъминот Тармоғи

Айни шу стратегиялари манзарасида , жангарилик муаммоси боис, янги АҚШ маъмуриятининг иккинчи ва энг асосий таъминот йўли - Жанубий Таъминот Тармоғига соҳиблик қилувчи Покистон билан алоқаларига жиддий дарз етган.

АҚШ шу йил бошида Афғонистон Толибон ҳаракати ва "Ҳаққоний" жангари тармоғига қарши "кескин чора" кўрмагунча, Исломободга йирик миқдордаги ҳарбий ёрдамларини тўхтатиб қўйишини айтган.

Вашингтон йўлакларида Покистон ўз даъватларига қулоқ тутмаса, бу ёрдамни буткул кесиб қўйиш, жангариларга дастак кўрсатишда масъул, деб билинган шахсларга нисбатан виза чекловлари ва бошқа санкциялар жорий этиш ҳақида ҳам гап-сўзлар борган.

Буларнинг барчаси Афғонистондаги АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучлари учун энг муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган Жанубий Таъминот Тармоғи келажагини яна бир бор жиддий хавф остида қолдирган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, янги АҚШ маъмурияти ва расмий Исломобод ўртасида вужудга келган бу каби вазият расмий Вашингтон, Пентагон наздида Шимолий Таъминот Тармоғининг аҳамиятини яна оширган.

Бу тармоқда, йилларки, энг муҳим ўрин тутиб келган Ўзбекистон - расмий Тошкентнинг ҳам стратегик шериклик қимматини қайта орттирган.

Янги АҚШ маъмурияти Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг таъминотини назарда тутиб, яқинда Каспийдаги қатор портларидан транзит мақсадларида фойдаланиш масаласида Ўзбекистоннинг қўшниси Қозоғистоннинг ҳам розилигини олган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи АҚШнинг минтақадаги асосий геосиёсий рақиби бўлган Россия айнан расмий Вашингтон билан дарз етган алоқалари сабаб, Шимолий Таъминот Тармоғидаги иштирокига якун ясашидан уч йилча ўтиб кузатилган.

Расмий Вашингтоннинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бу қабила алоқаларини кучайтириш ҳаракатлари Россиянинг эътиборидан четда қолмаган. Минтақавий таҳлилчилар наздларида, ҳатто, анчагина ташвишга солиб қўйган.

Куни-кеча Россия бу икки Марказий Осиё давлатига ўзининг Мудофаа вазирини юборган, ўзлари билан ҳарбий ҳамкорликлари давом этишига оид баёнотларига қулоқ тутган ва Афғонистондан келувчи "Сурия таҳдиди" билан алоҳида огоҳлантириб кетган.

Шундай экан, Ўзбекистон, расмий Тошкент Шимолий Таъминот Тармоғига оид ваъдалари билан нималарни кўзламоқда? Бу каби қарорининг Ўзбекистон учун фойдаси кўп бўладими ва ёки зиёни?

Ян Маквильям: Энг аввало америкаликларнинг яна муқобил таъминот йўлига эҳтиёжлари ортмоқда. Тўғри, АҚШ ҳозир Афғонистонда у қадар катта сондаги ҳарбийсига эга эмас. Аммо президент Трамп Афғонистондаги қўшинлари сонини оширмоқчи. Афғонистонда барқарорликни таъминлаш масаласига эътибор қаратмоқчи. Расмий Вашингтоннинг бутун минтақани кўзда тутган стратегик мақсадлари манзарасида президент Мирзиёев уларга ҳануз ўзларининг керакли ҳамкор эканликларини кўрсатмоқчи. Яхши хабарингиз бор, томонлар Вашингтонда ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги беш йиллик илк ҳарбий режани ҳам имзолашди. Бу ҳам Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг муҳим бир жиҳати бўлади. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, бу - Ўзбекистоннинг манфаатларига ҳам мос келади. Чунки бутун Марказий Осиёнинг барқарорлигини кўзда тутиб, президент Мирзиёев, афтидан, Ўзбекистонни минтақавий лидерга айлантирмоқчи. Чунки расмий Тошкент шу йил бошида афғон можаросига тинч йўлда ечим топишга қаратилган олий даражадаги йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Бу эса, Мирзиёевнинг минтақада Ўзбекистоннинг ролини кучайтириш интилишларига бир мисол бўла олади. Президент Мирзиёев, бундан ташқари, қудратга келгандан буён Марказий Осиё давлатларини мулоқот ва очиқликка ҳам ундамоқда. Марҳум президенти Ислом Каримов давридаги узоқ йиллик иҳоталанишлар ортидан, менимча, Мирзиёев Ўзбекистонни минтақада пешқадам мавқеъга олиб чиқмоқчи. Воқеаларнинг сўнгги ривожи, назаримда, шунга далолат қилади.

Би-би-си: Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари 2014 йилда Афғонистонни тарк этишаркан, Шимолий Таъминот Тармоғи АҚШ ва Хитой Янги Буюк Ипак йўли лойиҳаларининг бир қисмига айланиши, минтақа давлатлари учун катта фойда келтиришда давом этиши мумкинлиги айтилганди. Сизнингча, Шимолий Таъминот Тармоғини бундан буёғига ҳам дастаклаш, унда фаол иштирок этиш ваъдаси билан расмий Тошкент худди шу омилни ҳам кўзда тутаётган бўлиши мумкинми?

Ян Маквильям: Шимолий Таъминот Тармоғи Афғонистондаги қўшинлари таъминотини кўзлаб, бошида АҚШ ва Нато томонидан ташкил қилинган. Хитой эса, худди шу манзарада Марказий Осиёга узанган савдо ва нақлиёт йўлларини ривожлантиришга зўр бермоқда. Расмий Пекин яқинда "Ягона камар-ягона йўл", деб номланувчи йирик бир иқтисодий лойиҳа билан ўртага чиқди. Хитой ҳукумати янги лойиҳа доирасида ўзларини Европа билан боғловчи янги транспорт йўлларини барпо этиш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфламоқчи. Лойиҳа - Хитой иқтисодий тараққиёт дастурининг катта бир қисми. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, демак, шу яқин йиллар ичида Марказий Осиёдан ўтувчи савдо ва транспорт йўллари фаоллашади. Чунки четдан хом аёш келтириш ва ўз саноатини янада ривожлантириш в учун Хитойга янгидан-янги таъминот йўллари керак. Бунинг Марказий Осиё давлатлари учун муҳим жиҳати шундаки, улар Хитой тақдим этаётган бу каби имкониятдан фойдаланиб, савдо-сотиқларини жонлантириш учун ўз транспорт тармоқларини яратишлари мумкин. Ўзбекистон учун ҳам бу, сўзсиз, муҳим фактор. Шавкат Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримов бошқаруви давридаги давлат томонидан назорат этилувчи иқтисодий тизимдан имкон қадар воз кечмоқда. Кўпроқ эркин бозор иқтисодига асосланган сиёсат юритишга интилмоқда. Бунинг учун эса, сизга, сўзсиз, рисоладагидек транспорт инфратузилмаси керак бўлади. Бу - жуда муҳим. Чунки Марказий Осиё жуда иҳоталанган минтақа. Чунки жаҳондаги йирик савдо йўлларидан кесилиб қолган. Асосан ноҳарбий юклар ташишга мўлжалланган Шимолий Таъминот Тармоғи худди шу нуқтаи назардан Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Тармоқ уларга ўз савдо-сотиқларини жонлантиришга қўл келиши мумкин. Бу эса, Ўзбекистоннинг узоқ муддатли иқтисодий тараққиёти учун муҳим омил бўлади.

Би-би-си: Аммо Ян, аввалбошда бу тармоқда муҳим ўрин тутган Россия Америка Қўшма Штатлари билан алоқасига дарз етиши манзарасида бундан уч йилча бурун ундаги иштирокига якун ясаган. Шундай экан, Ўзбекистоннинг бундан буёғига ҳам бу тармоқни дастаклаш, унда фаол иштирок этиш ваъдаси ва қарорига расмий Кремлнинг муносабати қандай бўларкин? Бошқа томондан, Россиянинг иштирокисиз ҳам бу тармоқ иқтисодий жиҳатдан Ўзбекистон учун фойдали бўлармикан?

Ян Маквильям: Таъбир жоиз, Марказий Осиё учун геосиёсий курашда Россия Америка Қўшма Штатларининг энг асосий рақиби бўлади. Расмий Москва минтақага ўзининг томорқаси сифатида қарашга одатланган. Россиянинг Ўзбекистон билан алоқалари жуда мустаҳкам. Ўзаро савдо-сотиққа ҳам зўр бериб келади. Президент Мирзиёев ўтган йил Москвага қилган давлат ташрифи чоғида ҳам Россия билан ўзаро савдо айланмаси ҳажмини кескин оширишга қаратилган кўплаб ҳужжатларни имзолади. Худди шу манзарада Ўзбекистоннинг АҚШ билан янада яқинлашиш ҳаракатлари Россияни хурсанд қилмаслиги тайин. Аммо бу Россияни ортга қайтара олмайди. Россия ўз манфаатларини илгари суриш, Ўзбекистон билан савдо-сотиқ қилиш ва муносабатларини ривожлантиришда давом этаверади. Америка билан қиёслаганда, Россия минтақада, барибир, кучлироқ мавқеъга эга. Ўтган икки ўн йиллик эса, Ўзбекистон учун бу икки қудрат ўртасида мувозанатли сиёсат олиб бориш масаласи бўлди. Расмий Тошкент буткул Россиянинг таъсири остида қолиб кетмаслик учун Америка билан ҳам алоқаларини имкон қадар ушлаб келди. Шундай экан, ҳар икки томон билан дўстона муносабатларни тутиб туриш президент Мирзиёев учун осон бўлмайди.

Би-би-си: Сўз Ўзбекистоннинг манфаатлари ҳақида кетаркан, сизнингча, янги президенти Шавкат Мирзиёев бу икки геосиёсий қудратга нисбатан мувозанатли, "Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган" ташқи сиёсат олиб боришга қодир бўлармикан? Чунки айнан сўнгги йилларда биз Кремлнинг минтақадаги империалистик амбициялари бу яқин ўртада кузатилмаган бир даражада кучайганига гувоҳ бўлиб турибмиз...

Ян Маквильям: Агар, ўтган бир неча ўн йил мисолида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон бу ишни яхшигина уддалади. Марҳум Президенти Ислом Каримов мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришда яхши эди. Россиянинг таъсири қанчалик кучли бўлмасин, Каримов унга қарши туришга муваффақ бўлганди. Америка билан яхши алоқаларга ҳам, қисман, худди шу нарса сабаб бўлган. Ўзбекистон таъминот ишларида уларга кўмакчи бўлган. Шимолий Таъминот Тармоғининг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳам шундаки, у ҳам Ўзбекистонни Вашингтон наздида керакли ҳамкорга айлантирган. Марказий Осиё атрофидаги таъсирлар курашида Ўзбекистоннинг мавқеини кучайтирган, таъбир жоиз, расмий Тошкентга "савдолашиш" имконини берган. Ўзбекистон Россия билан, таъбир жоиз, "олди-сотди" қилишига тўғри келганда, Америка билан дўстлигини ишга солиб, мувозанат сақлаши мумкин бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek