"Россия Мирзиёевни Афғонистон билан қўрқитмоқчи"

Мирзиёев ва бошқалар

Вашингтондан қайтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия расмийларининг мулоқоти кўпайгани Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати истиқболи ҳақидаги таҳлилларга туртки берди.

Даставвал, Президент Мирзиёевнинг АҚШга сафари бошланган кунларда Россия ахборот маконида сохта хабарлар тарқатилди.

Сўнг бирин-кетин Россия расмийлари Марказий Осиё мамлакатлари исломий жангарилар хуружи таҳдиди остида қолгани ҳақидаги баёнотлар билан чиқдилар.

23 майда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Тошкентга борди, уни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабул қилди.

Қуролли жангарилар хавфини жаноб Шойгу ҳам тилга олди.

Хўш, Ўзбекистон расмийлари Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Марказий Осиё сарҳадларида кўп минг кишилик жангарилар тўплангани ҳақидаги баёнотини нақадар жиддий қабул қилишларии керак?

Би-би-си ушбу савол билан сиёсий таҳлилчи, Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби (SOAS)нинг илмий ходими Алишер Илҳомовга мурожаат қилди.

Алишер Илҳомов, сиёсий таҳлилчи: Жангарилар Афғонистонда ҳар доим бўлган. Бу борада охирги вақтда катта бир ўзгариш юз бергани йўқ. Тўғри, Афғонистон ҳудудида жанглар давом этаяпти, бу жангларда ИШИД("Исломий Давлат") жангарилари ҳам қатнашяпти. ИШИДнинг Ироқ ва Суриядаги асосий кучлари тор-мор этилганидан кейин бу гуруҳ қанчалар кучсизланди, қанча сондагиси Афғонистонга етиб борган, буниси менга қоронғу. Лекин охирги 1 ойда жангарилар билан боғлиқ вазиятда радикал ўзгариш бўлган, деб ўйламайман. Аксинча, ҳозир Россия парда ортида Толибон билан музокаралар олиб бораётгани ва бу гуруҳни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Буни Россия Марказий Осиёдаги шериклари билан маслаҳатлашмасдан, бу мамлакатларнинг розилигини олмасдан қилаётгани айтилаяпти. Афтидан, бу ерда Афғонистон картасини ўйнаш истаги бор. Бу билан Афғонистонга қўшни бўлган мамлакатлар, хусусан, Ўзбекистонни ўзининг ҳарбий ҳозирлигига кўндириш, ўзини минтақадаги энг муҳим геостратегик шерик деб тасдиқлатиб олиш мўлжали борлиги кўзга ташланаяпти. Бу нарса Ўзбекистоннинг АҚШ билан яқинлашувига реакция сифатида қилинмоқда. Вашингтонга ташрифи мобайнида Президент Мирзиёев илк бор АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан расман қабул қилинди, музокараларда ҳарбий ҳамкорлик ҳақида ҳам, қурол-яроғ етказиб бериш тўғрисида ҳам сўз борди. Ҳатто АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги геостратегик шерикликни қайта тиклаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Биз яхши биламиз, 2001 йил 11 сентябрь ҳодисаларидан кейин Ўзбекистон АҚШ билан шундай шериклик шартномасини имзолаган, Ўзбекистон ўз ҳарбий базасини АҚШ ҳарбийларига фойдаланишга берган эди. Геостратегик ҳамкорлик фақат ҳарбий эмас, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти, коррупцияга қарши кураш, инвестицияларни ҳимоя қилиш сингари кўп қиррали ҳамкорликни назарда тутади. АҚШ-Ўзбекистон геостратегик шериклигини қайта тиклаш ҳақидаги хабарга Кремль тарафидан тезлик билан салбий муносабат билдирилди. Бунда Москва ўзининг геостратегик манфаатларига зиддият, қарама-қаршиликни кўрди. Чунки ҳозир Россия билан Қўшма Штатлари ўртасида, Европа Иттифоқи ўртасида таранглик ортган, Россияга қарши қатор санкциялар жорий қилинган. Шундай бир вазиятда Россия нафақат Ўзбекистон, балки собиқ Совет Иттифоқи ҳудудидаги бошқа мамлакатлар олдига талабни шундай қўймоқда: "Сиз ёки биз билансиз ёки бизга қаршисиз". АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги яқинлашувда Россия ўзига нисбатан таҳдидни кўрмоқда. Россия ёнидаги мамлакатларга, "ким билан дўстлашиш мумкин, ким билан яқин ҳамкорлик қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги борасида босим ўтказишга ҳаққим бор", деб ҳисоблаяпти. Ва бунинг ортидан турли амалларга қўл урмоқда: Афғонистондаги вазият билан қўрқитиш бошланди. Тошкентга борган Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 соат суҳбатлашишипти. Суҳбат бунча узоқ давом этганидан мен шундай хулосага келдим: Путиндан қатъий сигнал, огоҳлантириш келган: "Муносабатларда кўп ҳам чуқурлашиб кетманг! Агар биз билан стратегик шерикликда бўлар экансиз, бошқалар, айниқса, бизнинг рақибларимиз билан бундай муносабатларга киришманг!" Шунга ўхшаш ҳодиса яқинда Қозоғистон билан юз берди. Бу демарш ҳукумат даражасида эмас, ҳукумат назорат қилиб турадиган оммавий ахборот воситалари воситасида амалга оширилди: шу йўл билан Россия раҳбариятининг Қозоғистон ҳукумати ҳаракатларидан норозилиги изҳор қилинди. Россиянинг бундай ўзини тутишига Ўзбекистон ҳукуматининг ҳаракатлари қандай бўлади, билмадим. Бу Ўзбекистон ҳукумати қанчалар суверен эканини, ўзининг мустақил ташқи сиёсатини барпо эта олишини намойиш этадиган тест бўлади.

Би-би-си: Марҳум президент Каримов бошқаруви пайтида Россия бундай иш тутолмас эди. Нима деб ўйлайсиз, нега бугун Россия "шундай қилишим мумкин", деган фикрга келган?

Алишер Илҳомов, сиёсий таҳлилчи: Менинг фикримча, бу, бир томондан, Россия билан Ғарб ўртасидаги ўзаро муносабатлар янада ёмонлашгани билан боғлиқ. Ҳозир алоқалардаги таранглик, қарама-қаршиликдаги ноаниқлик шу даражага бордики, Кремлдагиларда "қамалдаги қалъа ичида қолган инсонлар" психологияси, кайфияти устунлик қилмоқда. Каримов вафотидан кейин глобал дунёда ҳам кўп ўзгаришлар бўлди. Иккинчидан, менинг қўлимда аниқ исбот-далиллар йўқ, аммо эҳтимолки, Россия муайян прокси фигуралар воситасида Каримов ўрнига келган раҳбар, бу ўринда Мирзиёев номзодининг президентликка тасдиқланишида маълум бир ролни ўйнагандир. Бу роль қандай бўлган, биз аниғини билмаймиз, аммо Россиядаги ўзбек олигархи Алишер Усмонов билан муносабатлар яқин бўлганини кўпчилик яхши билади. Бу муносабатлар бугун ҳам қалин бўлиши мумкин. Ўзбекистон билан Россия алоқаларини яқинлаштиришда Россия ҳукумати номидан Алишер Усмонов муайян миссияни бажарган бўлиши мумкин. Бунинг эвазига Россиянинг Ўзбекистонга нисбатан эксклюзив ҳуқуқлари бўлади, деган хаёлга борган бўлишлари мумкин Москвадагилар. Ва ҳозир Президент Мирзиёевнинг ҳамма билан дўстлашиш ташқи сиёсатида улар ноаниқликни кўраётган бўлишлари мумкин. Президент Мирзиёевнинг бундай ташқи сиёсат мавқеъи олқишга сазовор: у қўшнилари билан алоқаларни яхшилашга интилаяпти. Айни пайтда Москвага "Россия Ўзбекистоннинг ўта муҳим шериги" деган муждани ҳам йўллаб турибди. Бу Россияга Мирзиёевнинг кучсизлиги бўлиб кўринаётган бўлиши мумкин. Ислом Каримов Россия етакчилигидаги ҳарбий, иқтисодий ташкилотларга қўшилмасликни афзал кўрарди, Россия билан муносабатларда масофа сақлаб келди. Ҳозир эса Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги масофа "яқинлашган"дай. Буни Москва Ўзбекистон билан эксклюзив ҳуқуқига эга шерикдек қабул қилмоқда. Уларнинг назарида, бошқа мамлакатлар кимлар биландир муносабатга киришаётганда Кремлнинг розилигини олиши шарт. Бу нарса Қозоғистон АҚШ фуқароларига нисбатан виза режимини енгиллаштирмоқчи бўлганида кўзга ташланди. Ўшанда бу Россия хавфсизлигига таҳдид пайдо қилиши ҳақидаги матниқсиз эътирозлар илгари сурилди. Ҳозир Ўзбекистонга нисбатан ана шундай сиёсат юритилмоқда. Шунинг учун ҳозир Ўзбекистонга қийин бўлиши мумкин. Биз Россиядан нима кутиш мумкинлигини билмаймиз. Биз Россия ўзининг собиқ СССРдаги шерикларига нисбатан икки томонлама ўйин ўйнаб келаётганини яхши биламиз. Айрим ҳолларда аҳвол ҳатто гибрид урушларигача ҳам борди. Тўғридан-тўғри демарш қилинмайди, ҳарбий ҳаракат, тажовуз қилинмайди. Лекин ўзлари қўйган одамлар ёки гуруҳларнинг қўли билан бирор амалга қўл урилади. Худди Донбасс ёки Қримда бўлгани сингари. Мана шундай йўл билан Украина, Молдова, Грузияда муаммо барпо қилишлари мумкинлигини биз кўрдик. Бу йўналишда улар анча-мунча тажриба орттирдилар ҳам. Бундай стратегия Москванинг яқин қўшниларига нисбатан ташқи сиёсатининг бир қисми бўлиб қолди. Ўзбекистонга нисбатан қандай босим йўлларини қўллашлари мумкин, мен буни айтолмайман. Албатта, бу "қучоқлаб, бағрига олиб бўғиш" сиёсати бўлиши мумкин. Ўзларининг ҳарбий ёрдами, ҳарбий ҳамкорлигини тиқиштиришлари мумкин. Таъсир ўтказишнинг иқтисодий ричаглари ишга солиниши мумкин. Уларда Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантларга таъсир кўрсатиш ричаги мавжуд. Бошида босим енгилроқ бўлиши мумкин. Бироқ Ўзбекистон ўзининг мустақил ташқи сиёсатини юритишда давом этаверса, бунинг ортидан бошқа қадамлар ҳам қўйилиши мумкин. Бунда Президент Мирзиёев қандай мавқеъни эгаллаши керак? Президент Мирзиёев ўзига ишонган мустақил ташқи сиёсатини давом эттириш имкониятини берадиган замин барпо этиши керак. Каримов қўллаган усулларга қайтиш вазиятдан чиқишнинг чораси бўлади, деб ўйламайман. Каримовнинг йўли - яккаланиб, ажралиб қолиш йўли, ҳамма соҳанинг устидан қаттиқ назорат ўрнатиш йўли. Ҳозир мамлакат ичида ўша қаттиқ маъмурий назорат бўшаштириляпти. Энди унинг ўрнига кучли фуқаролик жамияти келмоғи лозим. Ўзбекистондаги кучли фуқаролик жамияти мустақил сиёсатнинг таянчи бўлиб хизмат қилади. Ўшанда мураккаб вазиятларда Президент Мирзиёев фуқаролик жамиятига суяна олади. Каримов учун таянч жамият эмас эди, у куч тизимларига орқа қилишни афзал биларди. Таянч жамият бўлиши керак. Бунинг учун жамиятни уйғотиш, уйғоқ жамиятни цивилизациялашган, сиёсий оқимга йўналтириш талаб қилинади. Ўшанда инсонлар овозга эга бўладилар, улар тартиб, қонун-қоида талаблари бўйича ўйин ўйнай бошлайдилар. Бу - ҳуқуқ ва мажбуриятлар аниқ-таниқ ёзиб қўйилган демократик жамиятнинг ўйин қоидаларидир. Президент Мирзиёев Ўзбекистондаги эркин жамиятнинг даражасини ана шу даражагача кўтара олса, бундан кейин ҳам мустақил сиёсатни давом эттиришга қодир бўлади. Агар аро йўлда қолса, яъни бир томондан Каримовнинг куч тизимларига таянган қаттиқ назорат усули, иккинчи тарафдан ҳали етарли ривожланмаган, шаклланмаган фуқаролик жамияти ўртасида қолса, Мирзиёевнинг мавқеъи кучсизланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ