Прокуратура Мирзиёев назарига тушган тадбиркорни 8 йилга қаматтирди

Тадбиркор Солижин Мирзажонов икки Президентнинг ҳам назарига тушган Фото муаллифлик ҳуқуқи xabar.uz
Image caption Тадбиркор Солижин Мирзажонов икки Президентнинг ҳам назарига тушган

Марҳум Президент Ислом Каримов ва ўша вақти Бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёевларнинг назарига тушган олтиариқлик тадбиркор Солижон Мирзажонов туман суди ҳукми билан 8 йилга қамалди. Унинг яқинлари ушбу айблов туҳмат ва буюртма эканлигини айтмоқда.

Ўзбекистон марказий телеканаллари орқали анча таниқли бўлган Солижон Абдураҳмонов бир вақтлар ишлатиш учун олган ва сўнг тўхтатиб қўйган карьердан 2 миллион куб метрга яқин шағални ноқонуний ўзлаштиришган айбланган ва 8 йилга қамалиб, 8 миллиард сўм жаримага тортилди.

Олтиариқ туман суди ҳукмни 21 апрель куни ўқиди.

Тадбиркор яқинларининг айтишича, суд жараёнида айбланувчининг айбсизлигини исботловчи далиллар йўқ қилинган ва эътибор қаратилмаган.

Унинг ўғли Соҳибжон Мирзажоновнинг таъкидлашича, улар судда айтилган карьерни ишлатиш учун 2001 йили олишган, бироқ ер сув босиб кетгани боис у ердан шағал олишолмаган. Кейинчалик уни 2004 йили карьер сифатида ёпишган.

"Муҳими бизнинг қўлимизда карьердан биз умуман фойдаланмаганимизни тасдиқловчи расмий топографик тасвирлар бор эди. 96 бетдан иборат ушбу ҳужжатларни бизнинг қўлимиздан қабул қилиб олдик деб ёзма маълумотнома бериб терговчилар олган. Бироқ судда прокурор ёрдамчиси уни тақдим қила олмади. Тасвирларни солиштириб биз карьердан умуман фойдаланмаганимизни билиш мумкин эди", дейди Соҳибжон Мирзажонов.

Олтиариқ туман прокуратураси тадбиркор 14 йил давомида давлатдан яширин тарзда карьердан фойдаланиб келганини даъво қилган.

Уларга кўра, бу йиллар давомида тадбиркор 2 миллион куб метрга яқин (1.849.966.03) шағални қазиб олган.

Прокуратуранинг бунча миқдорда шағал қазиб олинган деган хулосага келишига «Геология маркшейдерлик хизмати» давлат корхонаси ходимлари 2017 йил 17 июнда тузган далолатномасига карьердан қазиб олинган шағалнинг умумий ҳажми сифатида кўрсатган рақамдан фойдаланган.

Тадбиркорнинг яқинларига кўра, карьердан қанча шағал қазиб олиниши аниқлаш имконсиз. Иккинчидан, ушбу хулоса айнан қачон қазиб олингани борасида тасаввур бермайди.

Солижон Мирзажонов ишлатмоқчи бўлган карьерда 1974 йилдан бери шағал қазиб олинган.

Мутахассислар прокуратура тадбиркорнинг бўйнига илмоқчи бўлаётган шағални қазиб олиш учун 3 сменада 36 йил ишлаш кераклигини айтишган.

Давлат ташкилотлари томонидан ҳар йили ўтказилган текширишлар эса карьердан шағал қазиб олинмаяпти, деган хулоса бериб келган.

Бироқ Олтиариқ туман суди ушбу ҳужжатларнинг бирортасини инобатга олмаган.

Солижн Мирзажоновнинг ишида ноҳақликлар бўлаётгани ҳақида Президент Мирзиёев виртуал қабулхонаси ва Бош прокуратурага қайта-қайта мурожаатлар қилинган.

Бироқ ушбу мурожаатларнинг барчаси устидан шикоят қилинган Олтиариқ туман прокуратурасига кўриб чиқиш учун юборилаверилган.

Тадбиркорнинг адвокати Олтиариқ туман суди ҳукмидан норози бўлиб Фарғона вилоят судига мурожаат қилган.

Вилоят суди шу кунларда ишни кўриб чиқиши керак.

Лекин бу вақтда тадбиркорга тегишли боғлар маҳаллий ҳокимият томонидан тортиб олинган. Мол-мулки мусодара қилинган.

Би-би-си изоҳ олиш учун Бош прокуратура билан боғланди. Бироқ жавоб бериши керак бўлган матбуот котибини тополмади.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek