"Малика"нинг янги эгаси ҳукумат қонунларини ишлаб чиқмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Тошкентдаги "Малика" савдо маркази электроника ва маиший техника молларини сотишга ихтисослашган.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси почта ва курьер хизматлари орқали мамлакатга бож тўловларисиз олиб кириладиган маҳсулотлар лимитини 1000 доллардан 300 долларга туширишни сўрамоқда. Қонун лойиҳаси regulation.gov.uz сайтига қўйилган.

Лойиҳага кўра, жисмоний шахслар қиймати 300 доллардан юқори бўлмаган, вазни 20 килограммдан паст маҳсулотни бир ой давомида бож тўловисиз олиб кириши мумкин.

Агар, лойиҳага кўра, товар бу лимитдан ошса, товарнинг қийматидан 30% ва ҳар бир ошган килограмм учун 5 доллардан бож тўлаш керак бўлади.

Ўзбекча айфон?

Янги лойиҳа ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлди. Баъзи ўзбекистонликлар мамлакат аҳли эндигина интернет орқали хориждан маҳсулот сотиб олиш имконига эга бўлган пайтда бундай лимитни киритиш нотўғри экани ҳақида ёзишмоқда.

Тошкентдан Би-би-сига гапирган журналистнинг айтишича, қонун лойиҳаси одамларнинг асосан электроник товарлар, жумладан телефонларни хориждан сотиб олишларига қарши ишлаб чиқилган.

Фергананюс сайти бир интернет фойдаланувчисидан мана бу иқтибосни келтирган:

"Айфон 1000 доллардан кўп турса, уни энди қандай сотиб оламиз? Балки бирданига Ўзбекистонда айфонлар ишлаб чиқараётгандирмиз, шунинг учун кимдир унга муҳтож бўлса Тошкентда олиши керак бўлиб қолгандир? Нимагадир бундай заводларни кўрмаяпман."

"Малика"нинг янги эгаси

Исми ошкор қилинмаслигини сўраган журналистнинг Би-би-сига айтишича, аслида мазкур қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши Тошкент шаҳридаги электроника ва маиший техника молларини сотувчи "Малика" ярмаркаси билан бевосита боғлиқ.

Ярмаркадаги дўконлар 2011 йилда шаҳар марказидаги Навоий кўчасидан Шайхонтоҳур туманидаги "Малика" савдо марказига кўчирилган.

Февраль ойида "Малика" савдо маркази эгаси алмашгани ортидан дўконлар икки ой давомида Солиқ қўмитаси томонидан бир неча кунга ёпиб қўйилган.

Ижара пулини тўлашига қарамай, савдо қила олмаётган қатор дўкончилар апрель бошида норозилик намойишини ўтказишганди.

Би-би-си манбасига кўра, савдо марказининг янги эгаси - "Premium prime service" номли компания. Бу компаниянинг интернетда на сайти, ё на боғланиш учун телефон рақамлари мавжуд.

Журналистнинг билдиришича, мазкур фирма ортида янги ҳукуматдаги юқори доираларга яқин шахс турибди.

Би-би-си айни даъволарни текширмоқда.

"Солиқ қўмитаси томонидан киритилаётган 300 долларлик лимит лойиҳаси ана шу қудратли шахснинг ҳукуматдаги катта таъсири туфайли киритилди. Чунки хориждан почта орқали телефон сотиб олаётган одамлар сони кўпаймоқда. Бу шахс эса телефонлар фақат "Малика" савдо мажмуасидан сотиб олиниши, ва шу билан монополия ўрнатиб, рақобатни ва харидорларнинг танлов ҳуқуқини бўғаяпти", - дейди у.

Муносабат

Би-би-си "Малика"нинг янги эгаси, ундаги савдо тўхтатиб қўйилгани сабаблари ва нега 300 долларлик лимит киритилиши таклиф қилинаётганини билиш учун Давлат солиқ қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармасига боғланди.

Исмини беришдан бош тортган матбуот хизмати ходими Би-би-си Ўзбекистонда аккредитация, яъни фаолият юритиш рухсатига эга бўлмагани важи билан саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Transparency International ташкилотининг коррупция борасидаги охирги йиллик ҳисоботида Ўзбекистон 176 мамлакат ичида 156-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистонлик журналистнинг таҳлил қилишича, мамлакатда коррупция ва таниш-билишчиликни йўқ қилиш бўйича сезиларли ислоҳотлар қилинмаяпти, балки собиқ ҳукумат аъзоларига тегишли бўлган мол-мулкнинг янги ҳукуматга яқин эгаларга қайта тақсимланиши юз бермоқда, холос.

"Ижтимоий фикр": Ўзбекистонда коррупция бор

"Коррупция Ўзбекистон барқарорлигига таҳдид солади"