Ўзбекистон қизлари нега фоҳишаликка қўл урмоқдалар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/China Photos
Image caption Хорижда фақат ўзбек қизларини таклиф қилувчи фоҳишалик агентликлари мавжуд.

Ҳозирги кунда YouTube'нинг Россияга тааллуқли сегментида «Қўйлиқ кўприги остидаги фоҳишалар» номли видео ролик 6-ўринни эгаллаб турибди. Уни 250 мингдан зиёд одам томоша қилган.

Айни ролик остида изоҳ қолдирган аёллар (катта ёшли аёллар бу муҳокамада фаол қатнашган) ва эркаклар енгилтак қиз-хотинларга нисбатан қуйидаги жазоларни қўллашни таклиф қилмоқда: оловда ёқиш, тошбўрон қилиш, сочини калаклаб ташлаш. Янада тасаввури кенгроқ фойдаланувчилар эса тарбияси оғир аёлларнинг қулоқ-бурнини кесиб олиш масаласини ҳам ўртага ташлаган.

Мен Москвага келган пайтларда "Флирт" номли журнал бўлгич эди. Уни, асосан, бизнинг муҳожирларимиз машиналар олд ойнаси, ўриндиқлар, метро вагонлари ва бошқа жойларга ёпиштириб чиқардилар. Журналнинг «Шарқона эртак» номли рукни бўлиб, унда ўзларини тўқима исмлар (Жасмина, Райҳон, Шаҳризода каби) билан таништирадиган кўплаб ўзбек қизларини топиш мумкин эди.

Мен бир вақтлар бир лойиҳа ташкиллаб, унинг доирасида бизнинг ўзбеклар ўртасида Ватанга қайтиш, Россияга сингиб кетиш, келажак режалари ҳақида сўровнома ўтказган эдим. Унда атиги 50 киши қатнашган эди, холос.

Лойиҳа ишлари билан Юго-Западный метро ҳудуди атрофида чопиб юрганимда юз тузилиши ўзбекларга ўхшаш аёлни учратдим. Унга сўровномада қатнашишни таклиф қилдим. Алал-оқибат, биз чойхонада дардлашиб қолдик. Унинг исми Наргиза эди. 30 яшар бу ёқимтой аёл Намангандан бўлиб, икки йилдан бери Москвада экан.

Русчаси яхши эмас эди. Сўровномани тўлдираётган пайтда унинг телефони жиринглашдан тўхтамади. Наргиза ўйноқи овоз билан қўнғироқларга жавоб берар эди: «Салом, асал йигит. Нима хоҳлайсан? Соати уч минг рубл.»

Мижози билан гаплашаётган вақтда, гўё, унинг юртдоши эканлигим эсига тушиб қолгандек менга ғамли нигоҳда боқиб қўярди. «Бундай ишни сизга нима кераги бор? Келинг, сизга яхши бир иш топамиз,» жаҳлим чиқиб дедим унга.

Шунда у ҳўнграб йиғлаб юборди, бундай ҳаётдан чарчаганини айтди. Наргиза қандайдир ўзбек эркак исмини тилга олди (исмни эслаб қолмаган эдим) ва кўзда ёш билан пичирлай бошлади: «У ҳужжатларимни тортиб олган. Мени уради.» Тан оламан, ўша вақтда йиғлаганча ўрнидан туриб, қочиб кетаётган аёлни ҳайратдан қотиб қолган кўзларим билан кузатиб қўйишдан бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмади.

Бир ўзбек танишим билан учрашдим. Унга Наргизанинг тақдири ҳақида сўзлаб бериб, бу борада қаерга мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида сўрадим. У бирданига асабийлашиб, Наргизани топиб, уни шарманда видеога олиш ва тасвирни Намангандаги яқинларига жўнатиш зарурлигини айтди.

«Али, балки у русларга бераётгандир. Сенинг ҳам сингилларинг борку,» гапини тугатди у. Шунда бир ой олдин дўстлар даврасида бу ҳаромининг фоҳишага қанча тўлаб, у билан неча марта бўлгани ҳақида оғзидан суви томиб мақтангани эсимга тушди.

У билан ортиқ гаплашмадик. Юртдошларимиз бошига тушаётган тақдирларни эшитиш менга оғирлик қилгани сабабли лойиҳамни ҳам ташлаб қўйдим.

Энди асосий муаммога ўтсак. Мен жамиятшунос эмасман, лекин фоҳишаликдек ижтимоий ҳодиса Ўзбекистон учун янгилик эмас. Мен тез-тез 19-аср охирларида француз саёҳатчиси Г.Крафт томонидан олинган Туркистоннинг эски суратларини ижтимоий тармоқларга юклаб тураман.

Крафт бизнинг ўзбек аёлларини кўп бора суратга олган. У фоҳишаларни ҳам тасвирга муҳрлаган. Келинг, биз аёлмиз, ўзбек аёлимиз ва аёл танасидамиз, деб тасаввур қиламиз. Мен, майли, бухоролик оддий ўзбек қизи бўла қолай.

Мен Бухородаги сариқ чақага қиммат коллежлардан бирида ҳамшираликка ўқиганман. Сентябрдан ноябрь ойига қадар биз пахта даласида тер тўкдик. Сўнг дадам мени ўзим танимаган йигитга эрга бериб юборди. Эрим билан муомаламиз келишмади.

Ажрашиш жараёни давомида ва ундан кейин ҳам мен эримнинг ҳаёлида фоҳиша бўлиб гавдаландим. Сабаби у менинг ўйнашим, балки икки жазманим борлигига ишонар эди.

Яшаш жойимда иш йўқ, отам мендан номус қилади ва менинг Москвага кетишдан бошқа иложим қолмаганди. Рус тилини эса билмайман. Эрим ишлашимга рухсат бермагани учун қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Бирор нарсага уқувим йўқ. Бирор тилни дўндириб қўймаганман, лекин яхши ҳаётда яшашни истайман. Боламни тарбиялашни хоҳлайман.

Мен ёш аёлман, ўзимга оро беришим керак. Аллақачон эркак томонидан ишлатилган қиз бўлганим учун бирор яхши ўзбек йигит менга уйланмайди. Жин урсин.

Иқтисодий ва ижтимоий қийинчиликлар вазиятга таъсир ўтказиши мумкин, лекин айблов ва самосуд эмас. Фоҳишаликни қатъий қонунлар орқали тақиқлаб қўйган билан вазият ўзгариб қолмайди. Мамлакат аҳолисининг саводсиз қисми фоҳишаликда иқтисодий-ижтимоий сабабларни кўрмайди, балки бунда европача қадриятлар ва демократиянинг тобора жамиятга кириб бораётганини айблайди ҳамда шариатга қайтишга даъват қилади.

Бироқ, улар бизнинг тарихимиздаги бача-бази, отасиз ва акаларисиз қолган ёш қизларга нисбатан қилинган даҳшатли тажовузлар ҳақида яхши билмайди.

Масалан, мен қизларни розилигисиз мажбуран турмушга узатишни фоҳишалик билан тенг кўраман. Бундай турмушларда яшаётган қизлар ўз эрки, ўз танасига эгалик қила олмайди, ўз бахти учун яшамайди, балки умрини ўзгалар инон-ихтиёрига бўйсуниб ўтказишга маҳкум.

Бундан ташқари бизнинг Ўзбекистонда жирканч эркаклар фоҳишалиги ҳам пайдо бўлган. Ўзининг шахсий ва фуқаролик принципларини сотадиган эркакларнинг фоҳишадан қаери кам? Биринчи президент даврида ишлаган айрим эркаклар виждонни уйғотишга чақириқлар бўлганда қўрқоқ мушукдек аёллари ва болалари пинжига яширинган эди.

Бугун эса улар иссиқ жойидан чиқиб, костюм-шимдаги ислоҳотчиларга айландилар.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари ва виждон курашчиларининг деярли бари бизнинг аёллардир (марҳум Васила Иноятова, Надежда Атаева, Елена Урлаева ва бошқалар).

Турмушидан ажраган, қўлида бирор иши йўқ, мактаб остонасини ҳатламаган, собиқ эри ва қайнонаси ўтказган зуғумлардан сўнг ўз яқинлари учун ҳам ташландиққа айланган аёллар ҳақида ўйланг.

Қисқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда ёш ва гўзал аёл бўлиш қийин. Эрдан ажрадингми - бошқалар кўз ўнгида фоҳишага айланасан. Арзимаган хатойинг туфайли сени фоҳиша деб аташларидан қўрқиб яшайсан. Ва жуда кам одам сени "Ҳаммаси яхши бўлади, сингилжон," деб юпатади.

Фоҳишани эмас унга борувчини жазолаш керакми?

Ўзбекистонда фоҳишалик қонунийлаштирилсинми ёки кўп хотинлилик?