Нуқтаи назар: Ўзбекистонда туризм ҳақиқатдан ривожланаяптими?

Самарқанд Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

- Ўзбекистон ҳақида фақатгина бундан икки йил олдин, университетда ўзбек талабасидан эшитганман. Эшитишимча, Ўзбекистон ёзда жуда иссиқ, қишда жуда совуқ мамлакат экан. Тўғриси, бундан кейин ушбу мамлакат ҳақида ҳеч қандай маълумотларга кўзим тушмади. Шунинг учун ҳам у ерга саёҳат қилишни ҳали ўйлаб кўрмаган эканман, - дейди 30 ёшлардаги Британия фуқароси бўлган Муҳаммад Имран.

Имранни фикрларини тинглар эканман, бехосдан охирги беш йил ичида маҳаллий ОАВнинг туризм тўғрисидаги маълумотларини таҳлил қила бошладим. Mамлакатнинг туристик салоҳияти ва амалга оширилаётган ислоҳотлар, улкан натижалар тўғрисидаги янгликлар ушбу соҳа ҳақиқатдан жадаллик билан ривожланаётганлиги, яқин орада нафақат Марказий Осиёда, балки дунё сайёҳларининг севимли масканига айлана олиши мумкин деган фикрни уйғотади.

-Мен Ўзбекистонни "Борат" фильми орқали кашф қилдим. Фикримча, ушбу фильм нафақат Қозоғистон ёки Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиёни дунёга танитишга сабаб бўлган. Бундан ташқари, билишимча, Ўзбекистон анъаналари ва турмуш тарзи бизникига жуда ўхшаб кетади. Албатта имконият топилса, ушбу мамлакат тўғрисида кўпроқ билишни хоҳлар эдим - дея ўз фикрини билдирди 34 ёшли эронлик Исмоил.

Туризмнинг ривожланиши фақат муайян мамлакатнинг давлат сиёсати ёки самарали ислоҳотига боғлиқ эмас. Масалан, Ўзбекистоннинг асосий салоҳиятли сайёҳлар оқими бўла оладиган мамлакатлардан узоқлиги, кўпчиликни қизиқтирувчи сув, қирғоқбўйи масканларининг йўқлиги, мамлакатни ушбу соҳада жуда тез ривожланиб кетишига халақит беради. Бироқ ягона маданий мерос, гўзал табиат, хуштаъм таомлар ушбу мамлакат жўғрофий ноқўлайликларга қарамасдан, соҳада муайян муваффақиятга эришиши учун етарли омиллар ҳисобланади. Асосийси, ушбу омиллар тўғрисидаги маълумотлар бизга қарши эмас, балки фойдамиз учун ишлаши лозим.

Тошкент-Самарқанд йўлида атиги битта текин ҳожатхона

Ўзбекистонда туризм: Нима қилмоқ керак?

-Бундан икки йилча олдин, Хитойга иш бўйича саёҳат қилишимга тўғри келган эди. Имкониятдан фойдаланиб Буюк Ипак йўли мамлакатларидан бири -Ўзбекистонга саёҳат қилиш истаги туғилди. Виза олиш жараёнларини ўрганиб чиққанимдан кейин бормасликка қарор қилдим,-дейди норвегиялик 50 ёшлик Mеҳмет.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Туризмнинг асосий моҳияти кундалик ҳаётдан чалғиб, завқланиш ва кўнгил очиш эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ҳеч бир турист саёҳат бошланмасдан туриб, ортиқча ташвишга юз тутгиси келмайди. Ваҳоланки, Ўзбекистонга саёҳат қилиш ҳақиқий имтиҳон. Биргина виза жараёни учун турист қанча вақтини сарфлаш керак. Қизиғи шундаки, кўплаб Марказий Осиё мамлакатлари онлайн виза тизимига ўтганлигига қарамасдан, Ўзбекистон ҳалиям ушбу тизимга ўтиш йўлини қилгани йўқ. Бугун онлайн даври эканлиги, турист бир пакет қоғоз билан элчихонада навбат кутиши ҳеч бир замонавий туризм стандартига тўғри келмаслигини эслатиб ўтишнинг ўзи ўта ноқулай ҳолат.

Бундан ташқари, виза тақдим этиш жараёнлари ва унинг нархлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўта чалкаш. Ушбу чалкашлик айнан виза олиш жараёнларини осонлаштириш бўйича аниқ ва осон механизмнинг ишлаб чиқилмаганлиги натижасида юзага келган.

Ушбу қийин жараёндан ўтгандан сўнг кейинги қийинчилик аэропортга келиб тушгандан кейин бошланади. Аэропорт ҳар бир давлатнинг ташриф қоғози ҳисобланади. Бахтга қарши, бизнинг ушбу "ташриф қоғози"миз туристларни бошқа қайтиб келмаслигини таъминламоқда, холос. Узоқ навбат, бир неча марта бир хил жараёндаги текширувлар, ходимларда профессионал мулоқот қилиш кўникмасининг йўқлиги, турист Ўзбекистонга кирмасданоқ салбий таассуротга эга бўлишига олиб келмоқда. Хорижий туристларни рўйхатга олиш жараёнини автоматлаштириш, чегара, божхона ва консуллик хизматларининг қайтарилишини олдини олиш ва ягона маълумотлар базасини ташкил қилиш нафақат туристлар учун, балки ушбу соҳада хизмат қилаётган ходимлар фаолиятини осонлаштириши тайин. Аммо, бахтга қарши, бу масалага ҳали етарли эътибор қаратилгани йўқ.

Мақолани ёзиш жараёнида интернетдан хорижий туристларнинг фикрларини таҳлил қилар эканман, аксарият туристларнинг такси хизматидаги чалкашликлар (аниқ нархларнинг мавжуд эмаслиги ва таксистлар туристлардан кўпроқ пул талаб қилиши), метродаги ички ишлар ходимларнинг текширувлари, маданий ёдгорликлар ёки музейларга кириш нарх тарифларининг маҳаллий аҳоли ва туристлар учун ҳар хиллиги бўйича турли зиддиятли фикрларнинг гувоҳи бўлдим.

Маълумки, Ўзбекистонда такси хизмати энг арзон хизматлардан ҳисобланади. Туристлардаги асосий норозиликлар такси хизмати учун қанча тўлашда эмас, балки қай тарзда тўловни амалга оширилишида. Транспорт тизимидаги ушбу тартибсизлик туристларда таксистлар томонидан алданиб қолиш ҳиссини уйғотмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK

Туристларнинг "ички ишлар ходимлари" тўғрисидаги фикрларини эса, алоҳида ўрганиб чиқиш вақти келди,-деб ўйлайман. Албатта хавфсизлигимиз ва тинчлигимиз асосий мезонлардан бири, аммо у бизнинг зараримиз учун эмас, балки фойдамиз учун хизмат қилиши зарур. Ҳар қадамда сайёҳлик рюкзаги текширилган сайёҳнинг кўнглига гўзал табиат, ягона тарихий миноралар, рангли бозорлардан завқланиш сиғадими?

Буюк Британиядаги етакчи сайёҳлик ташкилотларидан бири - Cox & Kings Travel Ltd ('C&K')нинг жамаотчилик билан алоқалар мутахассиси Кэти Костикнинг фикрича, Ўзбекистонга ташриф буюришга қизиққан туристларнинг аксарияти оддий дам олиш ёки таътилини мазмунли ўтказиш ниятидаги аҳоли қатлами эмас, балки юқори сайёҳлик маҳоратига эга бўлган ва узоқ йил саёҳат қилганлар ҳисобланади. Бундай сайёҳлар, муайян давлатга боришдан олдин, ушбу мамлакат тўғрисида барча маълумотларни яхшилаб ўргангандан кейингина саёҳат қилиш ёки қилмаслик бўйича қарор чиқаради. Шубҳасиз, уларнинг қарори интернетда юзага келтирилган мамлакат имижига боғлиқ. Афсуски, Ўзбекистон ҳали ушбу имижни интернетда тўлақонли намоён эта олгани йўқ. Ўзбекистон ҳақидаги маълуотларни фақат туризм билан шуғулланувчи тур ташкилотлар ёки давлат сайтларидан олиш мумкин.Туризмни халқаро миқёсда мунтазам тарғиб қилувчи кучли PR кампаниянинг мавжуд эмаслиги, ва аниқ тизимга солинган мунтазам тарғибот ишларидаги сусткашлик ҳам мамлакат ўз туристик имкониятларини тўлиқ очиб бера олмаётганлигининг асосий сабабларидандир.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу соҳада амалага оширилаётган лойиҳаларнинг самараси ҳали яққол кўзга ташлангани йўқ. Туризм - нафақат сайёҳлар орқали кириб келадиган инвестиция, балки халқаро интеграциялашув жараёнини таъминловчи асосий омиллардан ҳисобланади. Туристларни мамлакатга жалб қилиш билан бирга уларда ижобий таассуротни қолдириш соҳанинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Мамлакатга кириб келган ҳар бир сайёҳда ушбу мамлакатга яна қайтиб келиш, ёки у билан ҳамкорлик қилиш истаги туғдириш учун фақат қоғоздаги лойиҳаларнинг ўзи етарли эмас.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek