Жаҳон Банки Ўзбекистонни нимага ундасин?

Америка Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Яқинда қўл урилган ислоҳотларга қарамасдан, Ўзбекистон пахта саноатида ўтган йил ҳам мажбурий меҳнатдан систематик равишда фойдаланиш ҳоллари кузатилган.

Ҳозир, Ўзбекистонда очилиш нишоналари кузатилаётган бир пайтда, Жаҳон Банкининг мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш учун изчил ўзгаришларга ундаши ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Бу каби хулоса ва тавсияга UGF - "Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-олмон форуми" ноҳукумат ташкилотининг янги ҳисоботида келинган.

Унда ёзилишича, 2017 йилги пахта мавсумида ўзлари кузатишга муваффақ бўлган барча минтақаларда давлат ҳомийлиги остидаги мажбурий меҳнат ҳолларига тўқнаш келишган.

"Йиллик пахта режасини бажариш босими остида қолган маҳаллий мулозимлар пахта йиғим-терими ишларига оддий одамларни жалб қилишда давом этишган, уларнинг "мушукларини деярли ҳеч ким пишт" демаган".

Ўзбекистон пахта сиёсати: Шўролар ва Каримов давридан мерос "қўшиб ёзиш" тугамаган

"Пахтадан воз кечиш Мирзиёев иқтисоди негизи бўлиши керак"

"Яна бир далолат"

"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотининг маълум қилишича, янги тафсилотлар бундан икки йил бурунги қўшма ҳисоботларидагисидан айтарли фарқ қилмаган.

2016 йилги ҳисоботда Ўзбекистон пахта саноатидаги мажбурий меҳнат ҳоллари Жаҳон Банки томонидан молияланаётган лойиҳалар амалга оширилаётган ҳудудларда ҳам кузатилгани қайд этилган.

Янги ҳисобот ҳам Жаҳон Банки билан кредит шартномаларига зид бир равишда, бунга ўхшаш ҳолатларнинг ҳануз давом этаётганини тасдиқлаган.

"Бу - лойиҳаларни тўхтатиб қўйиши учун асос бўлишнинг ўрнига, банк Ўзбекистон пахта саноати фойда кўрувчи лойиҳаларни зўр бериб сармоялашда давом этган".

Эътироф

"Хьюман Райтс Вотч", ўз ўрнида, пахта далаларидаги мажбурий меҳнат ҳолларини ҳам кўзда тутиб, Ўзбекистон ўтган йил жиддий сиёсий ўзгаришларга гувоҳ бўлганини ҳам эътироф этган.

БМТ Бош Ассамблеясининг 2017 йил сентябрь ойидаги сессиясида Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев илк бор мамлакатида мажбурий меҳнатдан истифода этилишини ошкора тан олганига тўхталган.

Бунинг эртаси куни Жаҳон Банки Президенти Жим Ким айни муаммони Мирзиёев билан мулоқоти чоғида кўтарганини ҳам эслатган.

Орадан саноқли кунлар ўтиб, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов пахта йиғим-теримига жалб қилинган талабалар ва айрим давлат бюджети соҳаси ишчиларини ортга қайтарганини ҳам эътироф этган.

Аммо, "Хьюман Райтс Вотч"га кўра, UGF - "Инсон ҳуқуқлари бўйича ўзбек-олмон форуми" ноҳукумат ташкилотининг янги ҳисоботи қувонишга ҳали анча эрта эканини яққол кўрсатган.

Пахта йиғим-терими охирларида бу ишчилардан аксарияти яна далага қайтарилган, бошқалари эса, жарима тўлашлари таҳдиди остида ўз ёнларидан пул тўлаб, мардикор ёллашга мажбур қилинган.

Аммо...

Ким яқинда Мирзиёев билан яна учрашди, ҳукуматнинг Ўзбекистондаги барчанинг келажагини порлоқ қилиш саъй-ҳаракатларида кўмак беришларини ваъда қилди.

"Бу - хайрли дебоча, аммо бу фақат қуруқ гап бўлиб қолмаслиги керак", - дейди "Хьюман Райтс Вотч".

Халқаро ташкилотига кўра, Ўзбекистон билан бирга ишлаб, Жаҳон Банки ҳам баҳорги ва ҳам кузги қишлоқ хўжалик ишларида мажбурий меҳнатга чек қўйишга қаратилган аниқ муддатли режа тузиб, уни ҳаётга тадбиқ этиши лозим.

Бундан ташқари, бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолларининг жавобсиз қолмаслигини таъминловчи йўл харитаси ҳам ишлаб чиқилиши керак.

"Хьюман Райтс Вотч"нинг якунида хулоса қилишича, "ҳозир, Ўзбекистоннинг очилиш нишоналари кузатилаётган бир пайтда, Жаҳон Банкининг мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш учун изчил ўзгаришларга ундаши ҳар қачонгидан ҳам муҳим"дир.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг ўтган йилги сессиясида қилган чиқиши чоғида, "болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилган"ини баён қилган.

Бу - Ўзбекистон янги раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти юқори минбаридан туриб илк бор нутқ сўзлаши бўлганди.

Таъкидлаш жоиз, янги президент экан, Шавкат Мирзиёев қисқа вақтнинг ичида Ўзбекистондаги деярли барча соҳаларда ислоҳотлар даракчиси бўлган янгиликларга қўл уришга улгурган.

АҚШда чоп этиладиган "Форбс" (Forbes) нашри яқинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни, ҳатто, Хитойнинг ислоҳотчи раҳбари Дэн Сяопинга қиёслаган.

Кеннет Рапоза қаламига мансуб мақолада минтақанинг бир пайтлар дунёга ёпиқ ва шўро услубида бошқарилган давлати эндиликда ўзини ўзи "қайта ишга тушириш"га уринаётгани айтилган.

Шавкат Мирзиёев орада Ўзбекистон учун сайёҳликнинг пахтадан кўра фойдалироқ, даромадлироқ эканини расман ва ошкора эътироф этган биринчи Ўзбекистон раҳбари ҳам бўлганди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek