Собиқ бош прокурор иши бўйича 21 киши қамоққа олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Genproc.gov.ru
Image caption Рашитжон Қодиров 15 йил давомида Бош прокуратурага раҳбарлик қилган.

Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга қарши очилган жиноят иши доирасида 24 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилинган.

Шулардан 21 нафари қамоқда.

Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Ўролов маълум қилган.

Ўроловнинг сешанба куни Бош прокуратурада журналистлар учун ўтган брифингда маълум қилишича, тергов жараёнида Қодиров Рашид Ҳамидович томонидан лавозимга тайинлаш, шунингдек, раҳнамолик қилиш, пора олиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.

"Жиноят иши бўйича ҳозирда 24 нафар шахсга айблов эълон қилинган, шулардан 21 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозир тергов ҳаракатлари олиб борилаяпти. Тергов якуни бўйича албатта оммавий ахборот воситаларига терговда аниқланган ҳолатлар бўйича маълумот берилади", - дея Бош прокуратура вакилидан иқтибос келтирган xabar.uz нашри.

Бош прокуратура мулозими Рашитжон Қодиров иши доирасида айблов эълон қилинган 21 кишининг шахси ҳақида маълумот бермаган.

15 йил давомида Бош прокуратурага раҳбарлик қилган Рашитжон Қодиров расман шу йилнинг 23 февралида буён ҳибсда.

Президент Мирзиёев Қодировни "ўғри" деб атаган ва уни "телевизордан гапиртиришга" ваъда берган.

Президент ўтган ой Андижонга сафари чоғида "миллиардер" деб атаган Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров қидирувга берилган.

Собиқ бош прокурор товламачилик, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш ва пора олишда айбланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси - Товламачилик, 205-моддаси - Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 210-моддаси - Пора олишдир.

Собиқ Бош прокурорнинг товламачилик бўйича айби исботланса у 3 йилдан 15 йилга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилиши мумкин.

Рашитжон Қодировнинг ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш жинояти исботини топса энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, икки қилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қодиров Ўзбекистон Конституциясида белгиланган икки муддат ўрнига уч муддат давомида Бош прокуратурага раҳбарлик қилган.

Собиқ бош прокурор устидан маҳкама жараёнининг қачон ва қандай тартибда ўтиши ҳақида маълумот берилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek