Би-би-сига айтаман: Президент қарорининг ижроси қарорни бузишдан бошланди

Тошкент Давлат Юридик университети

Сурат манбаси, TSUL.UZ

Ўзбекистон Президентининг ўқитувчини ўз вазифаси ва фаолиятига боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилмаслик ҳақидаги қарори Тошкент Давлат Юридик университети профессор-ўқитувчиларининг "Обод маҳалла" лойиҳасига жалб қилиш билан бошланди.

Би-би-си Ўзбек хизматининг uzbek@bbc.co.uk электрон почтасига ушбу мактуб келди:

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июнь куни "Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори эълон қилиниши барча профессор-ўқитувчиларни бирдек хурсанд қилганлиги шубҳасиз.

Қарорда:

олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланиши;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилишининг белгилаб берилганлиги ўқитувчилар қалбида умид учқунлантирди.

Кўпчилик ниҳоят ўқитувчининг кўкрагига ҳам шамол тегарканку, деб ўйлаган бўлса ажаб эмас?

Минг афсуслар бўлсинким, бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Қарорнинг сиёҳи қуриб улгурмасиданоқ, 5 июнь куни Тошкент Давлат Юридик университети профессор-ўқитувчилари Тошкент шаҳар маҳаллаларида ободонлаштириш бўйича амалга ошириладиган "Обод маҳалла" лойиҳасига жалб этилди.

Энг қизиғи вилоятлардаги ҳудудий адлия органлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоятлардаги ходимлари ҳам Тошкент шаҳрига чақирилган. Тошкент шаҳри маҳаллаларида муаммолар бору, вилоятларда йўқмикан? Ундан кўра чақириб олинган ходимлар ўз худудларидаги муаммоларни ўргангани афзал эмасми? Бунинг устига уларнинг хизмат сафари учун сарфланган харажатларга бир неча маҳаллани обод қилиб юборса бўладику?

Бундан ташқари профессор-ўқитувчилар ҳам Тошкент шаҳар маҳаллаларида уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиши лозим экан. Майли бунисига ҳам чидаймиз, лекин рўйхатдаги аксарият профессор-ўқитувчилар ёши улуғ, пенсионерлар ҳисобланади. Бунинг устига айримлари рўзадор ҳам. Энди тасаввур қилиб кўринг куёш тиғида, унинг устига рўзадор аҳволда маҳаллама маҳалла юришни. Нима раҳбарлар рўза тутмайдими ёки тутгани ҳам муздеккина кондиционер тагида, юмшоқ креслода ёнбошлаб кун ўтказадими, буёғи энди бизга қоронғу. Лекин бечора ўқитувчини ким ўйлайди? Қачонгача ҳар бир муаммонни кўтариб чиқилишини Президентимизга юклаймиз. Қачон Президент томонидан муаммо кўтариб чиқилсагина, уйқудаги раҳбарлар биз ғафлатда эканмиз, кўзимиз кўр экан каби баҳоналар билан уйқудан уйғонишади. Аслидаку, муаммоларни беш қўлдай билишади.

Биз ўқитувчидан қачон ташаббус чиқади? Қачонгача пичоқ бориб суякка қадалишини кутамиз? Қачон ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни таниймиз ва улар учун курашамиз. Ўқитувчи қўй эмаску, арқонидан етакласа ҳар томонга кетаверадиган. УЙҒОНИНГЛАР ҲУРМАТЛИ ЎҚИТУВЧИЛАР!!!"

Электрон мактубда битилган Ўзбекистон Президенти қарорига зид сафарбарлик рост-ёлғонлигини текшириш мақсадида Би-би-си Тошкент Давлат Юридик университети ректорининг қабулхонасига телефон орқали қўнғироқ қилди.

Гўшакни кўтарган ходим муддао нима эканини англаганидан кейин университет коммутаторига қўнғироқ қилишни маслаҳат берди.

Университет қабулхонаси ходими мантиғига кўра, "ташқи алоқалар билан "Маънавият" бўлими шуғулланади.

Университет коммутатори "Маънавият" бўлими ходимаси билан телефон орқали улаб берди.

Би-би-сига ўқитувчилар ўз касбига таалуқли бўлмаган ишларга жалб этилаётгани ҳақидаги шикоят келиб тушганини айтганимиздан кейин "Маънавият" бўлими услубчиси бўлим бошлиғи билан суҳбатлашишни тавсия қилди.

"Маънавият" услубчиси раҳбарининг мобил телефони рақамини берди.

Қўнғироққа жавоб берган Тошкент Давлат Юридик университетининг "Маънавият" бўлими раҳбари Би-би-си мухбири нима мақсадда мурожаат қилаётганини диққат билан тинглади.

Мухбир саволни беришни бошлаши билан гўё "Маънавият" бўлими бошлиғининг телефон алоқаси ёмонлашди, у гўё овозни эшитмай қолди.

Телефон алоқасини узиб қўйди.

Би-би-сининг бундан кейинги телефон қўнғироқларига Юридик университет бош маънавиятчиси умуман жавоб бермади.

Би-би-си ўз муносабатларини билдириши учун барчага очиқ эканини эслатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek