Ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Акилов

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи,

Ҳодиса жойидан қочган Раҳмат Оқилов терроризм айбловларини бўйнига олган.

Швеция пойтахти Стокгольмда оломон устига машина ҳайдаб беш инсон умрига зомин бўлган ўзбекистонлик Раҳмат Оқиловга бир умрлик қамоқ жазоси эълон қилинди.

40 ёшли Раҳмат Оқилов устидан суд 2018 йил февралида бошланган эди.

У 2017 йил апрелида пиво ташийдиган юк автомобилини олиб қочган.

Машинани Стокгольм марказидаги пиёдалар хиёбонига ҳайдаган, имкони борича кўп одамни босиб кетишни қасд қилган.

Оқибатда беш инсон ҳаётдан кўз юмган, 10 киши жароҳатланган.

Судда айтилишича, айбланувчининг мақсади "қўрқув келтириб чиқариш ва Швециянинг "Исломий Давлат"га қарши коалициядаги иштирокини тўхтатиш бўлган.

Оқилов юк автомобилини дўконлардан бирига бориб урган ва ҳодиса жойидан қочиб яширинган.

Орадан бир неча соат ўтиб, жамоат транспортидаги кузатув камералари видеоларига таяниб полиция жиноятчини ушлаган.

Полиция билан сўроқ пайтида у содир этган жиноятини бўйнига олган.

Видео тагсўзи,

Юк автомобили оломон устига ҳайдалган пайтда олинган видео

У ўзига илгари сурилган айбловларни тан олган.

Судда Роҳат Оқилов юк машинаси билан "кофирларни босиб ўлдиришни" хоҳлаганини айтди.

Стокгольмдаги суд жараёни бошланишини ёритиш учун йиғилган мухбирларнинг хабар беришларича, бино атрофида қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган.

Суд залига Раҳмат Оқилов яшил тутқунлар кийимида, соқол ва мўйлови олинган ҳолда, адвокати Жохан Эрикссон ҳамроҳлигида кириб келган.

Маҳкама жараёнида айтилишича, Швециядан бошпана сўраган Раҳмат Оқиловнинг сўрови 2016 йилда рад этилган, сўнг у "Исломий Давлат" гуруҳига содиқликка қасамёд қилган.

Бироқ ИШИД Стокгольмдаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek