Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ҳайит билан табриклади

Prezident matbuot xizmati

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон Ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади.

Унда "табаррук айём арафасида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида фармон қабул қилингани" эслатилган.

Давлат раҳбарига кўра, бу "халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларининг яна бир яққол намоён бўлиши"дир.

Чоршанба куни Мирзиёев 226 нафар маҳбусни авф этиш ҳақидаги фармонга имзо чеккан эди.

Унга мувофиқ, 102 маҳбус озодликка чиқади, қолганларнинг жазо муддатлари камайтирилади.

Авф этилаётган маҳбуслардан 39 нафари чет эл фуқаролари экани маълум қилинган.

Мирзиёев ўз табригида диний қадриятлар билан бирга дунёвий билимларни эгаллаш ва замонавий технологияларни ўзлаштиришнинг муҳимлигини таъкидлаган.

"Албатта, биз ўз диний қадриятларимизни улуғлаб, эъзозлаб яшар эканмиз, ҳозирги юксак технологиялар асрида мустаҳкам иймон-эътиқод билан бирга замонавий илм-фан, касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаш, инновациялар соҳасидаги ютуқларни чуқур ўзлаштириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш барқарор тараққиётга эришишнинг энг муҳим шарти эканини яхши тушунамиз.

Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди".

Бу давлат раҳбарининг Ҳайит муносабати билан Ўзбекистон халқига илк табригидир.

Марҳум президент Ислом Каримов ҳам Рамазон ойи ва Ҳайитни муносиб нишонлашга доир махсус фармонлар чиқарган, аммо Ҳайит муносабати билан табрик йўлламаганди.

Аввалроқ Президент матбуот хизмати АҚШ Президенти Дональд Трамп ва бошқа хорижий давлатлар раҳбарларининг Рамазон Ҳайити муносабати билан Ўзбекистон раҳбари номига йўллаган табрикларини эълон қилган.

Ўтган йили Рамазон ойида Президент Мирзиёев имомлар ва жамоатчилик вакиллари билан ифторлик дастурхонида бир орага келган.

Бу йил Рамазон Ҳайити муносабати билан Ўзбекистонда уч кунлик дам олиш эълон қилинган.

Давлат раҳбарининг ўзи Ҳайит арафасида футбол бўйича жаҳон чемпионати очилишида иштирок этиш учун Москвага сафар қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek