‘Ҳусан Шариповдек актёр юз йилда бир марта дунёга келади’

Тошкент

Сурат манбаси, BBCUzbek

"Ҳусан Шарипов катта артист бўлган. Бунақа катта артистни энди яна юз йил кутиш керак бўлади", - дейди Москвадан таниқли ўзбек режиссёри Али Ҳамроев унинг вафотига оид хабарга ўз муносабатини билдираркан.

"Шу "бўлган", деган сўзларни ҳеч айта олмайман. Ҳозир юрагим ёрилиб кетади...Шу хабарни эшитиб, осмонларим қоронғу бўлиб кетди".

"Ҳусанжон ҳозир жаннатда, бунақа одамлар тўғри жаннатга ўтадилар..."

Ўзбекистонлик таниқли кино ва театр актёри, Ўзбекистон Халқ артисти Ҳусан Шарипов кеча, 25 июнь куни кечаси 80 ёшида Тошкентда ҳаётдан кўз юмган.

Ҳусан Шариповнинг актёрлик фаолияти давомида ўз томошабинини тан олдирган роллари озмунча бўлмаган.

У Ўзбек кино ва театр санъатида ўз "Мен"ини ярата олган саноқли актёрлардан бири бўлган.

"Чинор остидаги дуэль", "Суюнчи", "Водиллик келин" ва "Келинлар қўзғолони" фильмида яратган роллари билан ўзининг қанчалик бетакрор санъаткор эканини намойиш этган.

Ҳусан Шарипов узоқ йиллик ёрқин меҳнати ортидан Ўзбекистон Халқ артисти даражасига кўтарилган.

1999 йилда эса, таниқли актёр "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.

Пойтахт Тошкентдан олинган хабарларга кўра, Ҳусан Шариповнинг дафн маросими бугун бўлиб ўтади.

Ҳусан Шарипов 1937 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek