Тожикистон: Душанбе “бу разил ҳужумни қоралайди”

Чегара Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Толибон ҳаракати Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош туманига ҳужум қилган, бир полиция назорат нуқтасини буткул босиб олган, ўндан ортиқ полициячини ўлдирган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрта тонгда Чаҳоб туманининг чекка ҳудудларидан бирида юз берган.

Ҳужум ортидан ўнга яқин полиция ходимининг бедарак кетгани ҳам маълум бўлган.

Расмий хабарларга кўра, назорат нуқтасини толиблардан тозалаш учун сатҳга қўшимча мадад кучлари юборилган, орада жангларнинг давом этаётганига оид хабарлар ҳам олинган.

Аммо сатҳга бориш ва кириш имконсиз экани боис, шу соатларда ҳам ҳануз у ерда нималар бўлаётгани маълум эмас, дейди ўзи ҳам асли тахорлик бўлган Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири Фазл Аҳмад Ёлғуз Афғонистон пойтахти Кобулдан.

Аммо мухбиримизнинг юқори мартабали маҳаллий қўмондонлардан бирининг сўзларига таяниб айтишича, бедарак кетган полиция ходимларидан сони беш нафар бўлган, улардан тўрттаси соғ-омон топилган ва фақат бир полиция ходимининг тақдири ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.

Афғонистон Толибон ҳаракати воизи Забиуллоҳ Мужоҳиднинг ўз твитида иддао қилишича эса, Чаҳобда тўртта полиция назорат нуқтасини босиб олишган".

'Расмий Тошкент ҳануз Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва иттифоқчиларидан хавотирда'ми?

Ўзбекистон Толибон билан тинчлик музокараларига мезбонлик қилишга тайёр

Мирзиёев Афғонистон бўйича махсус вакил тайинлади

Расмий баёнот

Маълум бўлишича, Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари қўмитаси раҳбарияти бу ҳужум юзасидан расман баёнот билан чиқишгача борган.

Қўмита матбуот воизи "толибларнинг бу разил ҳужумларини кескин қоралашлари"ни баён қилган.

Душанбедан мустақил журналист Искандар Фирузнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, баёнот Тожикистон томонининг Чаҳобдаги толиблар ҳужумидан "жиддий хавотирда эканига ҳам далолат қилади".

Мазкур баёнот мазмунидан англашилишича, "сўнгги кунларда бутун Афғонистон бўйлаб йирик йўқотишларга учраётган Толибон одамлар кўз ўнгида ўз обрўсини кўтариб олиш учун бу каби ишга қўл урган".

"Афғонистоннинг айнан Тожикистон билан чегарадош туманини нишонга олган".

Толибларнинг сўнгги ҳужуми Тожикистон билан чегарага яқин бир ерда, Тахор марказидан 80 чақиримча узоқликда амалга оширилган.

Айни шу ҳужум манзарасида Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси Чегара қўшинлари қўмитасининг расман маълум қилишича, Афғонистон билан давлат чегараси ҳануз кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда.

Тожик чегарачилари бутун чегара бўйлаб вазиятни назорат қилиб туришибди.

"Ўзаро чегарадаги вазият борасида Афғонистон томони билан муттасил мулоқотдалар ва мавжуд ҳолатни синчковлик билан кузатиб боришмоқда".

Журналист Искандар Фирузнинг айтишича, охирги пайтларда наркотик моддалар контрабандачиларининг толиблар ҳимояси остида Афғонистондан Тожикистонга ўтиш ҳаракатлари кучайган.

"Биргина сўнгги ойларнинг ўзида бунга ўхшаш бир нечта ҳолат қайд этилган. Жумладан, ўтган ҳафта Бадахшонда тўртта контрабандачи ва икки қуролли толиб ўлдирилган".

'Толибон Тожикистон билан чегарага аксарияти Марказий осиёлик 7 минг жангарисини ташлади'

Афғонистон: Тожикистон билан чегарадош туманда қақшатқич жанглар

Афғонистон-Тожикистон: виза, ток, хавфсизлик ва... ...Ўзбекистон

Тожикистон: 'Афғонистон билан чегарада қўшимча ҳимоя чизиғи яратилмоқда'

"Толиблар фаоллашмоқда"

Сўнгги йилларда толибларнинг айнан Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиё давлатларига чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида қайта фаоллашгани кузатилади.

Экспертлар бунинг сабабини мазкур минтақаларнинг толиблар учун ҳам муҳим бўлган йирик наркотранзит йўлда жойлашгани билан ҳам изоҳлашади.

Уларга кўра, Афғонистон Толибон ҳаракати ҳам гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосидан фойда кўради, бу пуллардан ўз амалиётларини молиялашда фойдаланади.

Сўнгги йилларда ҳатто халқаро миқёсда бу каби ҳолатнинг Афғонистонда исёнчилик муаммосининг янада оловланишига олиб келишига оид хавотирлар ҳам кучайган.

Жорий пайтда Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош биргина шимолий Тахор вилоятида толиблар сонининг мингдан ортиши тахмин қилинади.

Мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, Толибон жангарилари охирги пайтларда Тахорнинг айнан Тожикистон билан чегарадош туманларида фаоллашган.

"Бунга Дарқад, Хўжа Баҳовиддин ва Чаҳоб туманларидаги вазиятнинг ўзи мисол", - дейди у.

Мухбиримизга кўра, бунга сабаб энг аввало мазкур туманларнинг ўрмонзор экани бўлади.

"Бу туманлар толиблар учун лозим пайтда хавфсиз бошпана вазифасини ўтайди".

"Бундан ташқари, толиблар наркотраффик йўлида жойлашган бу туманлардаги вазиятни ўз назоратлари остида тутишни исташади".

"Толиблар назорати остида бўлган вазият"

Мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, ҳозир Тахорнинг Тожикистон билан чегарадош аксарият ҳудудлари толиблар назорати остида.

Вилоятнинг Дашти-Қалъа туманидаги ягона бандаргоҳгина одамлар учун биттаю битта расмий ўтиб-қайтиш нуқтаси бўлади.

"Қолган ҳудудлар мутлақ толиблар назорати остида, шу боис ҳам маҳаллий аҳоли у ерларда бунга имконсиз", - дейди у.

Мухбиримизнинг сўзларидан маълум бўлишича, ўзаро чегара Тожикистон томонидан яхши қўриқланади.

Аммо, унга кўра, толибларнинг фаоллашуви билан боғлиқ вазият сабаб, Афғонистон чегара кучлари Тожикистон билан давлат чегарасининг бу қисмини тўлиқ назорат қилишга имконсиз.

Чаҳоб эса, Тахор вилоятининг тўртта энг йирик ва муҳим туманидан биттаси бўлади.

Туман аҳолисининг сони 100000 га яқин экани тахмин этилади.

Чаҳобнинг иқтисоди асосан қишлоқ хўжалиги, жумладан, боғдорчиликка асосланган.

Сўнгги йилларда Чаҳобнинг иқтисоди деярли издан чиққан, туман қашшоқлашиб қолган, марказдан етарлича молиявий ёрдамнинг йўқлиги айтилади.

Туман аҳолисининг катта қисмини ўзбеклар ва тожиклар ташкил этишади.

Чаҳоб яқин-яқинларгача Тахорнинг анчайин тинч туманларидан бири бўлиб келган.

Мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, худди шу боис ҳам, Чаҳобдаги сўнгги ҳужум толибларнинг Афғонистон шимолида қанчалик фаоллашиб бораётгани далолати бўлиб ҳам хизмат қилади.

Маҳаллий қўмондонларга кўра, бунга марказий ҳукумат томонидан мавжуд вазиятга етарлича эътибор берилмаётгани, исёнчиларга қарши ҳужумларнинг якка бир туман ёки шаҳарлар билан чекланиб қолаётгани, давомий шикоятларга қарамай, ҳал-ҳануз Тахорда кенг кўламли, мувофиқлаштирилган ҳарбий амалиётларнинг олиб борилмаётгани сабаб бўлади.

Вазият, хавотир ва ташаббуслар

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида жангариларнинг қанчалик фаоллашиб бораётгани билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Уларнинг каттаю кичик минбарлардан янграётган давомий хавотирлари манзарасида яқинда расмий Тошкент афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишни мақсад қилган янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан.

Шу йил март ойида Ўзбекистон олий даражадаги халқаро анжуманга ҳам мезбонлик қилган.

Томонлар истаган пайтда Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасидаги юзма-юз мулоқотларга мезбонлик қилиш истагида эканини расман ва ошкора баён қилган.

Куни-кеча Ўзбекистон томони Ташқи ишлар вазирлиги қиёфасида бу истагини яна бир бор изҳор этган.

Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракатини давомий сулҳга ҳам ундаган.

Толибларнинг Тожикистон билан чегарага яқин бир ерда уюштирган сўнгги ҳужуми эса, ана шу баёнотдан саноқли ҳафталар ўтиб кузатилган.

Расмий Тошкентнинг баён қилишича, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларини тўхтатиб қўймайди, ўз интилишларида изчиллик билан давом этади.

Бугун Озарбайжон пойтахти Бокуда ҳам Халқаро Контакт гуруҳининг худди шу вазифани ўз олдига мақсад қилиб қўйган анжумани иш бошлаган.

Бу гуруҳга 2009 йилда асос солинган, у 60 та давлат ва халқаро ташкилотларни намоён этади.

Куни-кеча айни шу анжуман теграсида Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракатининг юзма-юз мулоқотлари кечишига оид хабарлар ҳам олинган, аммо ҳали-ҳануз уларни расмий манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони бўлмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek