Каримовдан кейинги кунлар: Тошкент театри ўттиз йиллик айрилиқдан сўнг Тожикистонда

театр

Орадан ўттиз йилдан кўп вақт ўтиб, Тошкентдаги Муқимий номли мусиқали драма ва комедия театри Тожикистонда спектакл кўрсатди. Маҳаллий кузатувчиларнинг айтишларича, икки қўшни мамлакат мустақилликка эришгандан кейин биринчи марта Ўзбекистондан театр жамоаси гастрол сафарига келган.

Муқимий театри Хўжанддаги Камол Хўжандий номли мусиқали комедия театри биносида «Жайдари келин» комедиясини намойиш этди. Спектакл қўйилиши ҳақидаги диқкаттортар эълон бир неча кун давомида санъат ихлосмандларини томошага чорлаб турди.

Хўжандда Муқимий театри ижодий гуруҳини кутиб олиш тантанага айланиб кетди. Карнай ва доира садолари узоқ вақт давом этди. Ўзбек ва тожик санъаткорлари, театр мухлислари шодиёна рақсга тушишди.

- Қўшни тожик диёридаги дийдорга ташналикни чегарадан ўтишимиз биланоқ сездик. Атрофимизни ўраб олган одамлар «биз сизни танидик, сизни «Опа-сингиллар»да, яна бошқа сериалларда кўрганмиз, бизда Тошкент телевидениеси кўрсатади», деганда кўнглимни ажиб бир илиқлик қамраб олди», дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров.

Унинг айтишича, тожикистонлик аёл бу гапни айтар экан, чегараларнинг очилиши сизни кўриш имкониятини берди дея, чегараларнинг буткул очиб ташлашини истаймиз, деган.

Муқимий номли театр директори,Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов ўзбек санъаткорлари тожикистонлик санъаткорларни соғинишганини айтар экан, Ҳошим Гадоев, Зебо Аминзода, Жўрабек Муродов, Жўрабек Набиев, Ўринбек Ҳамдамов, Қодир Мирашуров каби камида йигирма нафар актёр ва ҳофизнинг номини тилга олди. У хўжандлик актриса, Тожикистон Халқ артисти Сайрам Исаевани ўзбек Нодирабегими деб атади.

«Келинлар қўзғолони» - яна Хўжандда

Санъатшуносларнинг айтишларича, Шўролар пайтида ўзбек театрлари Тожикистон, тожик театрлари Ўзбекистон шаҳарларида тез-тез ижодий сафарларда бўлишган. Айни бир пайтда тожик санъаткорлари «Ўзбекфилм»да, ўзбек санъаткорлари «Тожикфилм»да бош ролларни ижро этишган.

Киношунослар ҳалигача «Тожикфилм»да суратга олинган «Рустам ҳақида достон» филмида Ўзбекистон Халқ артисти Ойдин Норбоева талқинидаги мафтункор Тахмина образини эслашади. Худди шу филмда довюрак қиз Гурдофарид образини яратган Сайрам Исаева «Ўзбекфилм»да шоира Нодирабегим ва Майсара каби ролларни койилмақом қилиб ижро этган. Шунингдек, марҳум санъаткорлар - тожик артисти Ато Муҳаммаджонов «Ўзбекфилм»да, Ҳамза Умаров «Тожикфилм»да қатор ролларни ижро этишган.

«Тожик ва ўзбек санъаткорлари орасидаги бу каби ҳамкорликлар яна давом эттирилишини истайман. Мен тўрт йил Тошкентда таълим олганман ва ҳали талабалик йилларимдаёқ Учқун Назаровнинг «Сурайё» филмида суратга тушганман», дейди Сайрам Исаева.

Вақтида Камол Хўжандий театрида Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» комедияси қўйилганда, спектаклга кириш учун бир ойгача чипта топиш муаммо бўлган. Куни кеча бу комедия қайтадан саҳна юзини кўрди. Уни Сайрам Исаева саҳналаштирди.

Тожикистондаги ягона ўзбек театри муаммолари

Муқимий театрининг бош режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Боир Холмирзаев Тожикистонда туғилганидан фахрланишини, Ўзбекистонда яшаб, санъатга хизмат қилиб, эл ҳурматига сазовор бўлаётганидан яна фахрланишини айтди.

- Асли новлик ( ҳозирги Спитамен ноҳияси) Боир Холмирзаевнинг театр саҳнасида, кинода ва киносериалларда ижро этган ролларини ўзбекистонликлар қанчалик севиб томоша қилишса, биз ҳам севиб, ҳам фахрланиб томоша қиламиз, - дейди хўжандлик Абдужалил Абдувалиев.

Нов (Спитамен)да туғилиб, Ўзбекистондаги театрда ишлаб, эътибор топган биргина Боир Холмирзаев эмас, Дилмурод Узоқов узоқ йиллар Муқимий театрида бош ролларни ижро этди, Маъруф Отажонов шу санъат даргоҳида режиссёрлик қилмоқда.

Вақтида Тошкентдаги Островский номли театр ва рассомчилик ( ҳозирги Маннон Уйғур номли санъат ва маданият) институтида Тожикистондаги ягона ўзбек театрига кадрлар тайёрланарди. Шукур Бурҳонов номли Спитамен театрида ишлаган Абдуқодир Яҳёев, Асқар Бойматов, Илҳом Узоқов, Иброҳим Акбаров, Шаҳодат Акбарова, театрнинг ҳозирги бош режиссёри Тоҳир Маликов, актёр Баҳодир Турабоев Тошкентда таълим олишган.

Лекин айни пайтда театрда Тоҳир Маликов ва БаҳодирТурабоевдан ташқари касбий актёр қолмаган. Гарчи театр йилига камида иккита спектакл саҳналаштираётган бўлса-да, иложи борича камроқ қаҳрамон ва персонажлар қатнашадиган пьесалар танланади.

Муқимий театри бош режиссёри Боир Холмирзаевнинг айтишича Спитамендаги Шукур Бурҳонов номли театр билан кенг ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган. Тожикистондаги ягона ўзбек театрига фақат ижодий эмас, балки моддий жиҳатдан ҳам кўмаклашиш йўллари изланмоқда.

Жонли кўриш гашти

«Жайдари келин» спектакли хўжандликларга бепул кўрсатилди. Томошабинлар бутун спектакл давомида актёрларни олқишлаб туришди. Айниқса, бош роллар ижрочилари - Ўзбекистон Халқ артисти Одинахон Ғозиева ва истеъдодли ёш актриса Маърифат Ортиқова маҳоратига қайта-қайта гулдурос қарсаклар чалинди.

Спектаклдан олдин кичик концерт кўрсатилди. Муқимий театри санъаткорлари ўзбек ва тожик тилларида қўшиқлар куйлашди.

- Тўғри, биз ўзбек санъаткорларини телевизорда кўриб турамиз. Уларнинг кўпларини номма-ном биламиз. Лекин телевизор экранларида кўриш бошқаю севимли санъаткорларни бевосита саҳнада, жонли кўриш гашти бошқа, - деди хўжандлик Озода Пирматова.

Муқимий номли театр санъаткорлари Хўжанддан Тожикистон пойтахти - Душанбега жўнаб кетишди. Энди у ердаги Лоҳутий номли театр биносида спектакл кўрсатишади.

Қўшни мамлакатлар орасидаги муносабатлар илиқлашгач, таниқли ўзбек ҳофизлари Тожикистонда тез-тез концерт бера бошлашди. Масалан, ўтган ҳафта Шерали Жўраев Хўжанд ва Душанбеда концерт берди. Айни бир пайтда Ўзбекистондаги санъат фестивалларига тожикистонлик санъаткорлар мунтазам таклиф этилмоқда. Жумладан, Бойсундаги фестивалда Шабнами Сурайё, Тожикистонда таниқли рақс гуруҳларидан бири, Бухородаги «Нурли наволар» фестивалида эса, Ўзбекистонда ҳам машҳур ҳофиз Қодир Мирашуров қатнашишди. Таниқли тожик режиссёри Барзу Абдураззоқов Муқимий театрида машҳур «Фарҳод ва Ширин» спектаклини саҳналаштирди.

Санъатшуносларнинг айтишларича, икки мамлакат - Ўзбекистон ва Тожикистон Маданият вазирликлари орасида ўзаро ҳамкорликлар борасида битим имзоланган. «Лекин бу битимни тўлиқ амалга ошириш учун айрим қоғозбозликлар ҳали тўла ҳал этилганича йўк», деди бу санъатшунослардан бири.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek