Севара Назархон яқинда 'қайтади'

Ўзбекистонлик поп юлдузининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, тез орада Москвада янги мусиқий альбоми чиқади. Кейин яна бири Лондонда. Мусиқий альбомларидан бири ўзбек тилида бўлади.

Севара Назархонга кўра, янги альбомига, ҳатто, буткул ном ҳам бермаслиги мумкин.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, бу гал буткул янги жанрга ҳам мурожаат қилмоқчи.

Шундай экан, Севара Назархон нималарни режаламоқда?

Севара Назархоннинг инглиз тилидаги альбоми чиқиш арафасида

Севара Назархон Лондонда ўз концертини ўтказишни мўлжалламоқда

Ўзбеклар Россияни санъат билан ҳам забт этишмоқда

Тошкент, Москва, Лондон...

Ўзбекистонлик поп юлдузининг айтишича, Лондонда экан, тинч ўтиргани йўқ.

Севара Назархонга кўра, ҳозир бирваракайига иккита-учта янги лойиҳа устида иш олиб бормоқда.

"Ҳар бир соҳада етилмаган марралар бор. Хоҳлайсизми, йўқми, ҳар доим унга интиласиз", - дейди таниқли санъаткор Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.

Севара Назархоннинг айтишича, бу гал опера жанрига мурожаат қилиб кўрмоқчи, уни замонавий йўналишда ижро этиб кўрмоқчи.

Тез орада Москвада навбатдаги мусиқий альбоми дунё юзини кўради.

Кейин Лондонда ҳам янги мусиқий альбомини чиқариш режасида.

"Янги альбомимнинг, Худо хоҳласа, шу йилнинг ўзида чиқишини ваъда бераман. Номи йўқ. Менимча, номсиз чиқса керак бу альбом", - дейди у.

Эътироф

Севара Назархон ўзбек қўшиқчилик санъатини ҳақли равишда дунёга танитаётган саноқли ўзбекистонлик хонандалардан бири бўлади.

Санъаткор ўзининг "Йўл бўлсин", деб номланувчи дебют альбоми учун 2004 йилда Би-би-си Жаҳон Мусиқаси мукофотини қўлга киритган, "Осиёнинг энг зўр қўшиқчиси", дея эътироф этилган.

Севара Назархон Хектор Зазу ва Питр Гэбриел каби Франция ва британиялик таниқли мусиқа продюсерлари билан ишлашга муваффақ бўлган.

Бу каби ижодий ҳамкорлиги ортидан, бутун дунё бўйлаб ҳам янгидан янги мухлислар орттирган.

Севара Назархон рус, инглиз, француз каби кўплаб хорижий тилларда ҳам қўшиқларни қиёмига етказиб ижро этади.

Поп, рок, этно, фолк...- санъаткор ўз ижодий фаолияти давомида мурожаат қилаётган мусиқий жанрлар ҳам ўзининг ранг-баранглиги билан ажралиб туради.

Таниқли санъаткорнинг айтишича, ҳақиқий санъат аудитория танламайди.

"Қўшиқчи сифатида бор маҳорат, қобилиятингиз, нимага қодирлигингизни эркин кўрсатсангиз - бўлди".

Унга кўра, бу - Ўзбек қўшиқчилик санъатини жаҳонга танитишнинг ҳам энг мақбул йўли бўлади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Севара Назархон билан куни-кеча Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида уюштирилган ёзги базм теграсида жонли мулоқот уюштирди.

Ёзги базм Ўзбек-Британ жамияти ноҳукумат ташкилоти томонидан ташкиллаштирилган.

Бу йиллик тадбирдан асосий мақсад эса, Ўзбекистонни ҳар томонлама ташқи дунёга танитиш, шу йўл билан ҳам мамлакатга хорижий сайёҳлар ва инвестициялар оқимини янада кучайтириш бўлади.

"Тилагим битта: агар, биз соғ-саломат бўлсак, кўп ишларга қадам қўйишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам, ўзингизни асранг ва бор бўлинглар", - дейди Севара Назархон суҳбатимиз сўнггида.

Юлдуз санъаткор билан жонли мулоқотимизни тўлиқ шаклда Би-би-си Ўзбек Хизматининг "Facebook"даги саҳифасида тинглашингиз мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek