Энди Ўзбекистон Hyundai машиналарини Қозоғистондан оладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Peter Bischoff/Getty Images
Image caption "Hyundai" кириб келиши Ўзбекистон автосаноатидаги монополиянинг тугатилиши бошланишими?

Қозоғистоннинг "Астана Моторс" компанияси Ўзбекистонда "Hyundai" йўловчи ташувчи машиналарини сотиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақида қозоқ матбуоти компания раҳбари Нурлан Смагуловга сўзларига асосланиб хабар тарқатди.

"Hyundai" автобуслари ва юк машиналарини йиғиш заводи Қозоғистоннинг Олмоти вилоятида 2011 йилда очилган. Заводни очишдан мақсад қўшни давлатлар бозорларига маҳсулотни экспорт қилиш дея белгиланганди.

Ўтган йил 1 октябридан Ўзбекистон Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги машиналарга акциз солиғини камайтирган.

Президент Шавкат Мирзиёев қарорига кўра, (тиббий мақсадлар кўзланмаган) янги йўловчи ташувчи машиналарга акциз солиғи маҳсулотнинг божхона қийматидан 2 фоизга туширилган.

Ундан аввалроқ қозоқ машинасозлари Ўзбекистон 1996 йилдан бери қозоқ бозорига қиймати 720 миллион долларлик 85 мингта машина сотгани, аммо Ўзбекистон қозоқ машиналарига нисбатан ўта қаттиққўл солиқ ва божхона тўловларини сақлаб қолаётганидан арз қилишганди.

Қозоғистоннинг КазАвтоПром уюшмаси бу тўловларга жавоб сифатида Ўзбекистон маҳсулотларига ҳам шундай юқори тарифларни киритишни тавсия қилган.

"Астана Моторс" компанияси Қозоғистон бозорида 11та автомобил брендлари, хусусан Hyundai, Subaru, BMW ва аMINI, Rolls-Royce, Toyota, Lexus, Jaguar, Land Rover ва Volvo брендларига вакиллик қилади.

Ўзбекистон президенти ўтган ой ўзбек автомобиль саноатини қаттиқ танқид остига олганига қарамай, маҳаллий автосаноат монополияси сақланиб қолмоқда.

Июль бошида қабул қилинган янги солиқ қонунида автомобиллар импорти учун тўланадиган акциз солиқлари, яъни "растаможка" тўловлари ўзгаришсиз қолди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон қўшма автомобил ишлаб чиқариши мумкин

Йўлкирага пул топилмагани учун автомобил олиб қочилган

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002