Эксклюзив: “Ўзбекистон тўғри йўлдан кетмоқда..."

Ўзбекистон томонининг айни мазмундаги баёноти мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатининг Афғонистонга ишчи ташрифи манзарасида янгради.

Бу - Абдулазиз Комиловнинг қарийб бир йил ичида Афғонистонга амалга оширган иккинчи сафари бўлди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўтган йил охирида чорак аср деганда Афғонистонга амалий ташриф билан борган биринчи юқори мартабали ҳукумат мулозими бўлган.

Янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ичида расмий Тошкент Афғонистонга оид ташқи сиёсатини ҳам кескин ўзгартирган.

Хавфсизлик призмаси орқали қараш сиёсатидан воз кечиб, Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсатини тутишларини баён қилган.

Орада президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича ўзининг махсус вакилини тайинлаган биринчи Ўзбекистон раҳбарига ҳам айланган.

Ўзбекистон янги президенти бошчилиги остида янги дипломатик воситачи сифатида ҳам ўртага чиққан, халқаро миқёсда афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган жиддий сайъ-ҳаракатларини ҳам бошлаб юборган.

Шу йил март ойида Тошкент олий даражадаги икки кунлик халқаро анжуманга ҳам мезбонлик қилишгача борган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ой кутилмаганда махсус баёнот билан чиққан, президент Мирзиёев ортидан, Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракатига яна бир бор ўз ҳудудларида юзма-юз музокаралар олиб боришни таклиф қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Афғонистон Толибон ҳаракати шундан сал аввал қарийб 20 йил, деганда Афғонистон ҳукуматининг таклифига кўнган, аммо расмий Кобул эълон қилганидек бир ҳафта эмас, Рамазон ойининг сўнгги уч кунида оташкесинга амал қилишга рози бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти ана шу тарихий оташкесиндан қисқа вақт ўтмай эълон қилинган, унда мезбонлик таклифидан ташқари, расмий Тошкентнинг оташкесин жараёнининг давомий бўлишига оид умидлари ҳам ўрин олганди.

Пойтахт Кобулдан олинган хабарларга кўра, Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ҳукумат ҳайъатини бу гал ҳам шахсан Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг ўзи қабул қилган.

Ўзбекистон, президент Мирзиёев Толибонни гапга кўндира оладими?

Толибон Тошкент анжумани юзасидан 'бекорга сукут сақламаётган бўлиши мумкин...'

Содиқ Сафоев: Тошкент анжумани мақсади - Афғонистондаги тинчлик учун замин яратиш

Ўзаро мулоқотлар чоғида яна ҳар томонлама ҳамкорлик, хавфсизлик билан боғлиқ вазият муҳокама этилган, сулҳ жараёнига эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Термезда Афғонистон консуллигининг очилишига рози эканини ҳам тасдиқлаган.

Ишчи ташрифи бу гал мусулмон уламоларининг Саудия Арабистони мезбонлик қилувчи ва Афғонистонда барқарорликни қарор топтиришга қаратилган халқаро анжумани арафасида кузатилган.

Президент Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашевнинг ёшларни турли хил оқимлар таъсиридан асрашда Ўзбекистон қанчалик тўғри йўлдан бораётганига оид сўзлари Афғонистон раҳбарининг МДҲ давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргар билан норасмий учрашув чоғида янграган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўзининг икки кунлик амалий ташрифи давомида Афғонистон ижроий раиси, миллий бирдамлик ҳукуматининг бошқа юқори мартабали мулозимлари, Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масаласи бўйича маслаҳатчиси, қатор жиҳодий раҳбарлар билан ҳам учрашгани айтилмоқда.

Янгича сиёсат...

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Расмий Тошкент сўнгги бор "Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир"ини ўтган йил август ойида изҳор этган.

Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга қилган сафари чоғида янграган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила "хавотир билдирган" гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишган.

Ҳаракат қарийб йигирма йилдирки, Ўзбекистон ташқарисида - Афғонистон ва Покистонда худди шу ном остида фаолият юритиб келади.

Музокаралар Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош қатор шимолий вилоятларида ИШИД байроғи остида қайта фаоллашиш ҳаракатида бўлган бир манзарада кузатилган.

Шу йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва биринчи лидери марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг дастлаб шимолий Сарипул вилояти, орадан қисқа вақт ўтмай, унга ва Туркманистонга бевосита қўшни Жаузжон вилоятига ўтганига оид хабарлар олинган.

Унинг маҳаллий ёшлар орасидан ўзига янги аъзолар ёллаётгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг олиб боришга ҳозирлик кўраётганидан жиддий хавотирлар янграган.

Ҳар икки вилоят масъуллар томонидан мавжуд воқеъликка жиддий эътибор қаратишга оид даъватлар янграган.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида бошқариб келган марҳум президенти Ислом Каримов даврида расмий Тошкент ўзининг бу жанубий қўшнисига энг аввало хавфсизлик призмасидан қараб келган.

Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистонга нисбатан, йилларки, ўзгаришсиз қолаётган бу каби қатъий мавқеи ўтган йил охирида, президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан ўзгаришларга юз тутган.

Ҳали Ўзбекистон муваққат президенти экан, Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябрь ойида Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истагида эканликларини баён қилган.

Орадан бор-йўғи бир неча кун ўтиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва унинг афғонистонлик ҳамкасби Салоҳиддин Раббоний Тошкентда икки давлат ўртасида экстрадиция тўғрисидаги илк битимни имзолашган. Аммо янги битим тафсилотлари ошкор этилмаганди.

Бунинг ортидан қарийб чорак аср деганда, илк бор Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Кобулга сафар қилган, янги президенти эса, мустақил Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта Афғонистон бўйича махсус вакилини тайин этган.

Ўтган йил декабрь ойида Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний Ўзбекистонга давлат ташрифини ҳам уюштирган.

Аммо барча бу хабарлар манзарасида ҳам Ўзбекистон Исломий ҳаракати номи бирор бир шаклда тилга олинган-олинмагани нуқтаси қоронғулигича қолганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002