Россиянинг бугуни: “Янги паспорт оламан деб боламни йўқотдим”

Москвага ишлашга келган самарқандлик Гулбаҳор (исм ўзгартирилган) шу ерда фарзанд кўрди. Ўғли 2 ёшга етгунича ҳам туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олмади. Туғруқхона берган маълумотнома билан юраверди. Ўзбекистонга қайтиши олдидан ўзига ва ўғлига хужжат қилиш ҳаракатига тушди. Аммо паспортини йўқотганлиги учун боласига метрика берилмади. Элчихонадан ватанга қайтиш учун бериладиган сертификатни олиб борди, шахсини тасдиқловчи хужжат сифатидаги гувоҳнома тан олинмади. Гулбаҳор фарзандини ўзи билан олиб кетиш учун Ўзбекистонга бориб янги паспорт олиб келиши ва шу билан ўғлига метрика олишдан бошқа чораси йўқ эди.

Фарзандининг отаси уларни ташлаб кетганлиги, Москвада бирон яқин қариндошлари бўлмагани учун Гулбаҳор 2 ёшли ўғлини бирга яшайдиган оилага қолдириб кетди. Ўзбекистондаги паспорт тизими тартиб қоидаларига кўра, 14 кун ичида янги паспорт оламану қайтаман, деб ўйлаган эди. Аммо...

Гулбаҳор Самарқандда янги паспорт олиши осон бўлмаганини айтади. У туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан 6 ой сўроқ қилинган. "Террористмасмисан?" деб обдон текширишди, дейди у. Еттинчи ой деганда ИИБ бошлиғига кириб, Москвада ёш боласи қолиб кетганини айтиб йиғлаганидан кейингина, унинг янги паспорт олишига рухсат берилган.

Владивостокдаги туғруқхона яқинида кўзи ёриган аёл Ўзбекистонга қайтган

Россия: ўз фарзандини сотишга уринган ўзбек аёли ҳибсга олинди

Янги паспорт қўлига теккан аёл Москвага учди. Аммо бу пайтда унинг учун янги муаммолар юзага келганди. Болани узоғи билан 1 ойга қараб туриш учун олиб қолишга рози бўлган қўшнилар дом дараксиз ғойиб бўлганди.

Бир йилдирки, Гулбаҳор боласини излаяпти.

"Топсам, ўғлим мени ҳиссиёти билан таниса керак", - дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek