Ўзбекистонда Ислом: кеча, бугун, эртага

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matbuot xizmati

Ислом ва мусулмонлар ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан. Ўзбекистонда ҳокимият ўзгариши ва диний сиёсатнинг бир қадар юмшаши ортидан мамлакат ичкарисида ҳам бу борадаги фикрларини қўрқмасдан изҳор қилаётганлар кўпайган. Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён минглаб диндорлар қора рўйхатдан чиқарилган, узоқ йиллар қамоқда ўтирган айрим дин уламоларининг озод этилгани ҳақида хабарлар олинган. Мамлакат бўйлаб биринчи марта барча босқичлардаги Қуръон мусобақалари ўтказилган. Соқол ва ҳижоб борасидаги тартиб бироз юмшаган ёки алоҳида ҳолатларда фуқароларнинг соқол қўйиши ё-да ҳижоб ўрашларига қаршилик кўрсатилмаган. Тошкентда илк марта Қуръони Каримнинг хусусий нашриётда чоп этилишига рухсат берилган. Аммо бир вақтнинг ўзида ҳануз ҳибсга олиш ва қийноқлар қўллаш тўхтамаган. Мусулмон зиёлилар ўзгаришлардан мамнун эканликлари, аммо айни пайтда диний эркинликларнинг аҳволи ўзлари орзу қилган даражада эмаслигини ҳам айтишади. Ижтимоий тармоқларда динийлик ва дунёвийлик ҳақидаги баҳслар одатий тус олган. Уларда кўпинча ҳар икки томон бир-бирини тоқатсизликда айблаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Би-би-си ўзбек жамиятида Исломнинг бугунги ва истиқболдаги ўрни борасида блогерлар ва сиёсатшуносларнинг фикрларини сўради.

Абу Муслим (Адҳам Атажанов), блогер: Сўнгги вақтларда диний ҳуқуқлар кенгайиши ҳақида кўп гапирилмоқда. Ҳа, бу борада баъзи ишлар қилинди ва қилинмоқда. Исломий-маърифий марказлар, янги-янги масжидлар очилиши шулар жумласидан. Аммо, ҳал этилиши муҳим бўлган яна бир қатор муаммолар турибди. Масалан, ҳижоб, болаларнинг масжидга бориши бормаслиги. Умуман олганда, яқин ўтмиш тарихимиз билан қиёс қиладиган бўлсак, бугун анча эркин, буни тан олиш керак. Олдингидек қама-қамалар йўқ, қамалганлар эса аста-секин озод қилиняпти... Қора рўйхатлар ҳам йўқ қилинди. Буларнинг ҳаммаси диний ҳуқуқларнинг кенгайиб бораётганига далолат қилади.

Конституция бўйича давлат диндан ажратилган бўлса ҳам дин жамиятдан ҳеч қачон ажратилган эмас. Ижтимоий ҳаёт, урф-одатларнинг барчасида диннинг ўз ўрни бор. Сўнгги уч йилда бу соҳада ҳам анча ўзгаришлар рўй берди. Масалан ижтимоий ҳаётимизда бўлиб ўтган энг сўнгги йирик ҳодиса Қуръон мусобақасининг бўлиб ўтиши эди. Сўнгги 25 йил ичида динни чеклаб келаётган бир жамиятдан беш мингдан ошиқ қори чиқиши нима деган гап эди? Бу дин билан репрессив сиёсат билан курашиб бўлмаслигига ёрқин бир далилдир.

Сардор Салим,блогер: Ўтган асрнинг 90-йиллари аввалида Марказий Осиёдаги янги мустақил давлатлар истиқболи ҳақида сўз борганда, мутахассислар бу юртлардаги халқлар ё миллатчи бўлади, ё исломлашади, деган фикрни айтган еди. Дарҳақиқат, Қозоғистонда, масалан, миллатчилик кайфияти кучайган бўлса, Ўзбекистон ёки Тожикистонда диндорлашиш жараёни кетяпти. Бу - муайян маънода табиий жараён эди.

Марказий Осиё, айниқса, Ўзбекистон тарихан Ислом оламининг узвий қисми бўлиб келган. ХIХ асрдан бошлаб Европанинг мустамлакасига айланиши асрлар бўйи мудраб ётган мусулмонлар учун кучли туртки ва уйғонишга чақириқ бўлди. Жамолиддин Афғоний, Муҳаммад Абдуҳ, Рашид Ридо каби ислоҳотчи мутафаккирлар ташқи кучлар тазйиқида ва модернити шароитида мусулмонлар қандай яшамоғи, тараққий этмоғи лозимлиги ҳақида кескин баҳсларни бошлаб берди. Масалан, ХХ аср бошларида жадидлар (модернистлар) ва қадимчилар (традиционалистлар) ўртасида кечган қизғин муноқашалар мана шу мунозараларнинг Марказий Осиёдаги акс садоси эди.

Шавкат Мирзиёев: Ислом ва Каримов ўртасида

Зоминдаги Мирзиёев масжидида аёллар ҳам намоз ўқийди

Бир йил ичида Каримов сиёсатидан нима қолди?

Таассуфки, бу баҳслар мантиқий якунига етмай қолди. Болшевиклар ҳам жадидларни, ҳам қадимчиларни қатағон қилди, уларни ижтимоий қатлам сифатида йўқотди. Шу билан ўзбек миллати 75 йилга "темир парда" ортига чекиниб, Ислом оламида кечаётган баҳс-мунозаралардан узилди.

Бироқ бу мазкур жараёнларнинг оқибати ўзбек жамиятига таъсир қилмайди, дегани эмасди. Ислом олами олдида турган таҳдид ва муаммолар ўзбеклар мустақил бўлиши билан жамият ҳаётига яна шиддат-ла қайтди. Барча мусулмон мамлакатлари бу таҳдидларга ўз тарихий шароит ва имконияти, интеллектуал салоҳиятидан келиб чиқиб жавоб беряпти. Табиийки, ўзбек миллатининг ҳам бу борада ўз жавоби бўлиши лозим.

на шундай муаммолардан бири "бир юртда икки жамият" зиддияти, яъни жамият дунёвийлар ва диндорлар қатламига бўлиниб қолаётганидир. Бу бўлиниш, ўз навбатида, диннинг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирча бу муаммолар нисбатан "безиён" масалалар - Наврўз ёки Янги йил байрамини нишонлаш, аёллар кийими (ҳижоби ёки мини юбкаси), эркаклар соқоли устида боряпти. Аммо шу "безиён" тортишувлар эрта бир кун жанговар қиёфа касб этмаслигига ким кафолат бера олади? Томонлар бир-бирини айблашга ўтса, муаммо янада чуқурлашмайдими? Демак, вазият таранглашишининг олдини олиш учун ўзаро тушунишга асосланган мулоқот ва муроса лозим.

Жамиятимиз учун долзарб масалага айланаётган бундай муроса ва мулоқотнинг юзага келиши икки томонга ҳам бирдек боғлиқ. Дунёвий элита бу борадаги сиёсатни секуляризмнинг янги, инклюзив (барчани қамраб олувчи, очиқ) принциплари асосида қайта кўриб чиқиши, диндорлар (хусусан, диндор зиёлилар) эса, Ислом динининг инклюзив ва плюралистик талқини устида ишлаши зарур.

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос: Ислом дини - 33 миллионлик Ўзбекистон жамиятида, давлат фуқаролигидан кейинги энг йирик ўзлик ҳисобланиб, бу ўзлик қарийб 92% аҳолини бирлаштиради. Мустақиллик даврида ўтган 27 йил давомида, Ўзбекистондаги энг асосий конфликт чизиғи - жамиятнинг исломий эҳтиёжлари ва ҳукуматнинг дунёвий қарашлари ўртасида кечди. Айнан жамият ўзининг исломий эҳтиёжлари учун кураши асносида, Ўзбекистон давлатчилиги ички сиёсатда ва ҳалқаро майдонда ўз стратегик репутациясини, легитимлигини йўқотди. Янги ҳокимият олдида турган энг асосий вазифалардан бири ҳам - жамиятнинг исломий эҳтиёжларини қондириш билан биргаликда, давлатнинг дунёвийлигини оҳиста таъминлаш ўртасида мувозанат шакллантиришдир. Дунё глобаллашувнинг анча интенсив палласига юз тута бошлаяпди. Сайёрамизда кейинги асрлардаги энг асосий конфликт чизиқларидан бири ҳам мусулмон дунёси ва Ислом дини ичида, ҳамда атрофида кечади. Бу дегани, Ўзбекистон каби мусулмон давлатлар ислом ва мусулмонлар атрофидакечаётган локал ва глобал зиддиятлардан четда бўла олмайди. Шубҳа йўқки, истиқболда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун сайёрамиз тақдирида ислом динининг роли, ўрни кардинал ошиб боради. Сабаблари кўп. Жумладан, бугун планетамиз аҳолисининг 22% исломга эътиқод қилса, аср ўртасига бориб, сал кам 30%ни ташкил қилиши айтилади. Яна, инсоният тафаккури бисотидаги энг кучли ғоялар тизими ҳам исломдадир. Ислом - бу тарихий монотаизмнинг охирги вакили ва асосий байроқдори. Қудратли Худо, охират ва биологик ўзимдан сўнгги чексиз ҳаёт ғояларини зиддиятларсиз, ниҳоятда тизимга солинган бир шаклдаги вариантлари фақат ислом динида мавжуд. Ўзбекистон эса, пост-совет ҳудудидаги энг катта мусулмон жамияти ҳисобланиб, қанчалик глобаллашувга шунғиган сайин, эркинликлар кенгайган сайин, исломнинг одамлар, жамият ва давлат ҳаётидаги ўрни фақат ошиб боради. Глобаллашган дунёда, локал ўзликлар ўз аҳамиятини йўқота боради, ислом эса дунёдаги энг кучли марказлашган, трансмиллий ўзлик сифатида босқичма-босқич кучаяди. Ҳозирча эса, Ўзбекистон янги ҳокимиятининг ислом ва мусулмонлар борасида қандай сиёсат юритиш борасида бошлари қотган. Эскича репрессив сиёсат батамом давлат легитимлигини барбод қилди, уни устига ижтимоий тармоқлар ва HD камерали смартфонлар даврида қонлар орқали бошқаришни нархи жуда юқори. Бошқа томондан, давлатда ҳали одамларга, жамиятга дунёвийлик тамойилларини, дунёвий давлатчилик моделини тушунтириш, шундай бошқарувни шакллантириш малакаси мавжуд эмас. Демакки, яқин йиллар ичида давлат ва жамиятнинг дин борасидаги қарашлари, эҳтиёжлари ўртасида тўқнашувлар бўлишини кутиш табиий бўлиб қолаверади.

Мусанниф Адҳам, блогер: Ўзбекистонда сўнгги 101 йил давомида - 1917-1991 йилларда Совет ҳукумати, 1991-2016 йилларда Ислом Каримов ҳукумати томонидан динга қарши очиқ ёки зимдан, кучли ёки кучсиз тарзда Ислом динига, унинг фаол даражасига қарши кураш олиб борилди, имкони борича уни чеклаб туришга ҳаракат қилинди. Бунинг номи турли йилларда турлича номланди: "диний реакционерлар ва контрреволюционерларга қарши кураш", "диний клерикалларга қарши кураш", "диний фундаментализм ва экстремизмга қарши кураш"… Ўрта ҳисобда ҳар 15-20 йилда фаол диндорлар қамалди, қувғин қилинди. Мана шундай шароитда унча-мунча ғоя, қараш бутунлай йўқолиб кетиши, ёки жамият ҳаётига таъсир қила олмайдиган даражада ўлик ҳолга келиши керак эди. Аммо Ислом билан бундай бўлмади ва бу табиий, кутилган ҳолат - ҳар сафар ҳукуматлар алмашиб, ёки мамлакатда фавқулодда ҳодисалар юз бериб диний эркинлик жилови бироз бўшаши билан диндорлик даражаси ўсиб кетаверди. Айни ҳолат келажакда ҳам давом этаверади.

Истаймизми, йўқми, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг бир бўлаги, шунинг учун Шимолий Корея, Куба ёки Туркманистон каби тўлиқ ёки жузъий изоляцияда (яккамохов бўлиб) яшай олмайди (бу давлатлардаги мавжуд тартиблар ҳам йилдан-йилга юмшаб борса керак, барибир). Шундай бўлганидан кейин ҳаммаёқни қамраб олган глобализация бизга ҳам борган сари кучлироқ таъсир ўтказяпти. Бу жараённинг энг афзал жиҳати - ахборотнинг эркин ва катта тезликда тарқалиши. Айнан ахборот олиш, уни етказиш кучайиши Исломнинг фойдасига хизмат қилади. Чунки Ислом тараққий этган даврларда айнан шундай - мусулмон ўлкалари орасида маълумот алмашиш тезлиги юқори эди. Кейинчалик мусулмонлар кичик-кичик ҳудудларга бўлиниб, ўз қобиғига ўралиб қолиши сабабли таназзулга юз тутди. Энди эса яна ахборот алмашиш кучайяпти. Глобализациянинг, унинг бир қисми бўлган Интернетнинг Ислом ва мусулмонлар учун фойдали томони - худди бошқаларда бўлганидек муқобил ахборот олиш йўллари кўпайишидир. Яъни, шу пайтгача дин ҳақида фақат расмий минбарлардан, қайчиланган, маълум андозага солинган гаплар айтиб келинган бўлса, энди турли сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва хабарчи дастурлар (messenger) орқали Ислом динининг асосларини тўсиқсиз ўрганиш имконияти очилди. (Бу бизнинг ҳудуд учун, албатта. Чунки дунёнинг аксар давлатларида Исломни ўргатиш, у ҳақида маълумот бериш монополияга айланмаган.) Эътироф этиш керак, бу вазиятда нотўғри талқинлар, маълумотлар ҳам кўпайиб кетади. Лекин умуман олганда маълумот олишнинг турли йўллари борлиги, барибир, яхши. Бунинг энг фойдали жиҳати эса унга (Интернетга) тўсиқ қўйиш деярли имконсиз эканлиги. Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатни ўйлаб бўлса ҳам дунёга очилиб бораверади: Туркия, Малайзия, Индонезия, араб давлатлари билан алоқалар яхшиланади, сайёҳлик (туризм) ривожланади. Бу эса ўз навбатида диний соҳага ҳам ижобий таъсир ўтказади, ҳукумат Исломга кўпроқ эркинлик беришга мажбур бўлади. Масалан, Тошкент аэропортида намозхона очилиши, меҳмонхоналарда қиблани кўрсатувчи белгилар ва жойнамозлар пайдо бўлиши, мамлакат ҳудудидаги халқаро автомобил йўллари бўйида масжидлар қуриш режаси Диний Идора эмас, тўлиғича Туризмни ривожлантириш қўмитасининг ташаббусидир. Ёки сўнгги пайтларда тарқалган хабарларга таянсак, Ўзбекистонга Ислом шариатига асосланган, замонавий банк тизимларидан кескин фарқ қилувчи - судхўрликни рад этувчи исломий банклар ҳам кириб келяпти. Мусулмон давлатлардан сайёҳлар оқимининг кучайиши ҳам юқорида урғу берилган "ахборот алмашинуви"нинг кучайишига олиб келади: биздан ўзгача маданият ва фиқҳий қарашларга эга мусулмонлар борлигига гувоҳ бўламиз, бугун биз қабул қила олмаётган меъёрларга (узун соқол, ниқоб каби) кўзимиз ўрганиб, бу оддий ҳолатга айланади.

Ҳукумат эртами-кечми, Исломни назорат қилиш ўрнига, унинг эркин фаолиятига қўйиб берилса, жамиятдаги тажовузкор (радикал) кайфият юмшашини тушуниб етади, деган умиддаман.

Давронбек Тожиалиев, блогер: Ўзбекистонни келажакда ҳақиқий демократик давлатлар қаторида кўраман. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида баён қилинганидек, "Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга" (31-модда). "Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди" (61-модда). Агар Конституциянинг шу моддаларига ТЎЛИҚ амал қилинса, бошқа динлар қатори Ислом ҳам эмин-эркин ривожланаверади, мусулмонлар динлари кўрсатган амаллар ва эътиқодларни бажаришларида муаммо бўлмайди.

Рафаэл Саттаров, сиёсатшунос: Тарихан Ўзбекистонда Ислом, шунингдек, давлатнинг диний сиёсати бир нечта эволюцион босқичлардан ўтган бўлиб, бугунги кундаги кўриниши айнан Сталин, хусусан, СССРнинг 1940-йиллардаги диний сиёсатининг натижасида юзага келган.

Маълумки, 1943 йил Сталинград жангидан сўнг СССР ичидаги ички сиёсат тамомила ўзгарди. Жумладан, халқаро майдонда фаол инқилобий кураш тамомила тўхтатилди, Коминтерн-Коммунистик Интернационал тарқатиб юборилди, рус православ черкови ўз фаолиятини қайта бошлади, Москва ва Бутун рус патриархи "сайланиб", шўро пропагандасининг муҳим бир бўғинига айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Каримов Ислом ва мусулмонларга нисбатан қаттиққўл сиёсат олиб борган

Исломга қаратилган сиёсат ҳам шунинг натижасида ўқийди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ҳам 1943 йил Сталиннинг диний сиёсати натижасида юзага келди. 1943 йил июлида Мусулмонлар диний идорасининг асосчиси ва биринчи муфтий Эшон Бобохон Кремлда Сталин билан учрашиб, Сталиннинг мусулмонлар қурултойини чақириш таклифини қабул қилди.

Шу даврдан бошлаб православ ва мусулмон диний идоралари давлат ва махсус хизматлар назоратида, режимнинг ғоявий ва ташқи сиёсатининг бир бўғини ва кўмакчисига айланди. Бугунги кундаги диний идоралардаги махсус хизматлар назоратининг туб илдизи ўша даврда юритилган сиёсатга бориб тақалади.

Ўзбекистонда Исломнинг келажаги ҳақида фикр юритганда, уни бутун Ислом дунёсида кечаётган жараёнлар билан узвий боғлиқликда кўриш керак бўлади. Маълумки, бугунги кунда Ислом дунёси чуқур турғунлик ҳолатини бошдан кечирмоқда.

Малайзия бош вазири Махатхир Муҳаммад айтганидек,Ислом дунёси илм ва технология бир четда қолиб, асосий эътиборни юзаки масалалар, ташқи либосдан тортиб, "Масжидни электр чироғи билан ёритиш жоизми?" қабилидаги майда масалаларга қаратиб, саноат инқилобидан, технологик янгиликлардан, шунингдек, инсон капиталини яратиш сиёсатидан бир четда қолиб кетди.

Бугун ҳам Ўзбекистонда кечаётган баҳсу-мунозараларга қарасангиз, уларнинг асосий қисми кўпхотинлик, соқол қўйиш-қўймаслик, қизларнинг қандай кийиниши масалалари билан ўралашиб қолишган. Мутаассиблик қайта бўй кўрсатмоқда.

Мавжуд тор дунёқараш, "ҳамма жойда фитнанинг иси келяпти" деб бонг уриш, аёлларнинг кийинишига осилишлар давом этаркан, ҳеч қандай модернизация ва технологик юксалишга, энг асосийси, билим савиясининг ошиши ва ночорликдан қутулишга умид қилмасак ҳам бўлади.

Фарҳод Абдураҳмонов, тадқиқотчи: Ўзбекистондаги диний аҳволга баҳо беришда ва аҳолининг асосий қисми эътиқод қиладиган Ислом динининг келажаги қандай бўлиши хусусида фикр юритишда мамлакатимизнинг дунёвий-секуляр давлат эканлигидан келиб чиқишимиз керак. Агар Конституциямизга асосланадиган бўлсак, дин давлатдан ажратилган, ҳар бир фуқаро хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқига эга ҳамда виждон эркинлиги таъминланиши белгилаб қўйилган. Давлат ушбу принципларни рўёбга чиқаришда бирмунча ишларни амалга оширди, лекин муаммолар ҳам юзага келди. Муаммолар бевосита диний эркинликлар, дин ва давлат муносабатлари, яъни диннинг давлат томонидан назорат этилиши билан боғлиқдир.

Дин ҳар бир кишининг шахсий иши бўлмоғи шарт, динга мажбурлаш йўқлиги принципига ҳар бир киши қатъий риоя этмоғи зарур. Иккинчидан, дин давлатдан ажратилган бўлса-да, давлат ўз вазифаларини бажариши жараёнида зарур бўлган ҳолларда дин устидан назоратни амалга оширишини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Айни бир пайтда давлат томонидан назорат мантиқли, асосли, ўринли бўлишлиги муҳимдир. Агарки амалдаги дунёвий-секуляр давлатга раҳна солувчи салбий ҳолатлар кузатиладиган бўлса, яъни, биринчидан, мамлакатда динга эътиқод қилмайдиган айрим атеист, даҳрийларга босим ўтказилса ёхуд мусулмонлар динсизлар томонидан камситилса, иккинчидан, ўзга дин вакилларига нисбатан салбий муносабатлар юзага келса, учинчидан, баъзилар томонидан мамлакатда Ислом давлати ўрнатиш ёки халифаликни жорий этиш ҳақида ёки динсизларга қарши жиҳод эълон этиш хусусида чақириқлар қилинса, тўртинчидан, экстремистик ғоялар ўртага ташланса, бешинчидан, шариат қонунларини жорий этиш баёнотлари билан чиқилса, олтинчидан, оқимлараро, мазҳаблараро жанжаллар содир этилса бундай ҳолатларда давлат томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ. Ушбу вазиятларда диний фаолиятга, диний эътиқодга нисбатан айрим чекловлар ўрнатиш зарурияти туғилади. Қолган пайтларда давлатнинг динга бўлар-бўлмасга аралашуви диний эркинликни асоссиз чеклаш бўлади. Мамлакат хавфсизлигига таҳдид қилинмаса, давлат ҳеч кимнинг диний эътиқодига, шахсий ҳаётига аралашишга ҳақли эмас. Шуни ҳам эътиборга олишимиз зарурки, мамлакатимиз аҳолисининг аксарияти мусулмонлардир. Бас шундай экан, давлат ўз навбатида ижтимоий-иқтисодий сиёсатини олиб боришда ушбу омилни ҳисобга олиши, аҳолининг диний қадриятларини ҳурмат этиши зарур бўлади. Жума намозларига боришнинг йўлини тўсиш учун сунъий равишда тушлик пайтларини ноқулай вақтга кўчириш, атайлаб ўша вақтга мўлжаллаб дарс соатларини қўйиш, рўза пайтлари мактаб ўқувчиларини масжидларга киритмаслик ва шу каби бошқа ишлар давлатнинг аҳолини эътиқодига нисбатан ҳурматсизлиги ҳисобланади. Диний эркинликларни айрим фуқаролар томонидан суистеъмол қилиш ҳолатлари мавжуд, лекин уларни рўкач қилган ҳолда назоратни ўта кучайтириш, босимлар қилиш, кўплаб чекловлар ўрнатиш ўринли эмас. Асосийси ваҳимага берилмаслик, сунъий таҳдидларни келтириб чиқармасликдир. Диний мутаассиблик, динга кўр-кўрона эргашишлар, турли оқимларга қўшилиш, динга чуқур кетишлар менимча динга илм, ақл билан ёндашмасдан ҳиссиёт, қўрқув орқали киришишдан келиб чиқади. Бошқа сабаблар ҳам бўлиши мумкин. Давлат буларни бартараф этиш учун чеклаш йўлидан эмас, балки маърифатни кучайтириш йўналишида иш олиб бориши зарур. Болаларга ёшлигидан мактабларда дин тўғрисида умумий тушунчалар баён этилса мақсадга мувофиқ иш бўлади. Шунингдек, давлатнинг барча соҳаларда адолатли сиёсат юргизиши ҳам диний радикаллашувнинг олдини олади. Шундай бир муҳит яратилиши зарурки, унда диндор ҳам, динсиз ҳам, ўзга дин вакили ҳам ўзини эркин сезсин, ўзаро бағрикенглик асосий одатга айлансин. Диний амалларни бажарувчи киши уларни адо этмайдиганларга нафрат кўзи билан қарамасин ва ўз навбатида, дин аҳкомларини тутмаганлар диндорларни ёмон кўрмасин. Ҳар бир эътиқод қилувчи инсон диний амалларни хоҳлаган жойида эмин-эркин бажариш имкониятига эга бўлсин, унинг қандай кийиниши, ташқи кўриниши давлатга ташвиш туғдирмасин. Кишининг давлат ишида каръера қилишида унинг диндорлиги, дин принципидан келиб чиқиб кийиниши ва бошқа дин билан боғлиқ жиҳатлари эътиборга олинмаслиги керак. Диний идора ва унинг таркибига кирувчи масжидлар, ўқув даргоҳлари ҳам ўз фаолиятларини амалга оширишда эркинликларга эга бўлишлари муҳимдир.

Бахтиёр Шоҳназар, журналист: Каттақўрғонда милиция яланғоч ечинтириб, сазойи қилган иккита болали бечора аёл вайронада яшаши маълум бўлди. Яқин атрофида бир неча ҳожи она-ю ҳожи оталар бордир? Улар бу ҳолатни қандай баҳолайдилар? Топган пулларини нефт миллиардери Арабистонга бериш ўрнига, маҳалласидаги бечораларга ёрдам берса, билим олаётган иқтидорли, ақлли ўқувчиларни оталиққа олса, йўл ёки кўприк қуриб берса савоби кўпроқ бўлмайдими? Мусиқа ва қўшиқни харом дейдиган экстремист тоифа шаклланди. Аллоҳ қулига ато қилган гўзалликни харом деб ҳукм чиқариш уларнинг чекига тушмаганига ақллари эрмайди. Бу тоифа инсонларнинг ҳамфикрлари насронийлар ижод қилган техника воситалари билан ижтимоий тармоқларда насронийларни ёмонлайдилар. Бу иккиюзламачилик эмасми? Энг қизиғи, улар баҳс маданиятидан жуда узоқдалар. Мантиқли савол берсангиз ҳам сизни дарров кофирга чиқариб қўйишади. Ўзлари айтган фикрни юз фоиз ҳақиқат, дейишади. Дунёда деярли ҳеч қандай фикр юз фоиз ҳақиқат бўлолмаслигини қабул қилишолмайди. Диний ҳуқуқлари камситилган мамлакатлар ватандошларига насроний давлатлари бошпана беради. Булар орасида бирорта ҳам мусулмон давлати йўқ. Масалан, Саудия Арабистони деярли юз йилдан бери яшаётган туркистонликларга ватандошлик бермайди. Улар ҳар йили бирорта арабнинг кафиллиги остида йирик миқдорда пул тўлаб, мамлакатда яшаш ҳуқуқларини узайтириб боришади. Олимлар бир неча йил давомида "дунёнинг қайси мамлакатида мусулмонлар Ислом талабларига мос равишда яшашади?" деган саволга жавоб излашибди. Қизиғи шундаки, бирорта мусулмон давлати илк ўнлик у ёқда турсин, ўттизликка ҳам киролмабди. Биринчи ўрин Ирландияга, кейингилари Скандинав ўлкаларига берилибди. Биринчи мусулмон давлати Малайзия 38 ўринни олибди. Туркия эса 102 ўринда... Юқоридагилардан келиб чиқсак, диний истиқбол ҳақида ижобий фикр билдиришдан йироқман. Одамлар ўзлари китоб ўқиш, билим олиш, фикр ва хабарларни ҳеч бўлмаганда, турли манбалардан солиштириб, кейин хулоса қилишни ўрганишмас экан, ҳали мусулмон дунёси кўп муаммоларга дуч келади.

Давоми бор

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002