Ўзбекистон: Диний идорага режим бошлиғи қайтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Дилшод Ҳошимов 2015 йилда "Жасорат" медали билан тақдирланган

Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасига янги раис ўринбосари тайинланган.

Дилшод Ҳошимов собиқ МХХ - Давлат Хавфсизлик Хизмати ходимидир.

2015 йилда марҳум президент Ислом Каримов уни "Жасорат" медали билан мукофотлаган.

Би-би-си манбаъларининг айтишича, Дилшод Ҳошимовнинг ДХХ ходими экани ва вазифаси аниқ айтилмаяпти.

Муфтий Усмонхон Алимов "диний идорада ишлар кўпайиб кетгани ва янги ноибга эҳтиёж пайдо бўлгани"ни айтган.

"Ноиб сифатида айнан қайси соҳа учун жавоб беради, билмаяпмиз. Аввалгиси халқаро алоқалар учун масъул эди", - деб айтди диний идора вакили Би-би-си билан суҳбатда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz
Image caption Айдарбек Тулепов шу йил февралида ишдан бўшатилганди

Собиқ режим бошлиғи Айдарбек Тулепов шу йил февралида ишдан олинган ва диний идора МХХдан озод бўлгани эълон қилинганди.

Диний идорадан МХХ назорати "олиб ташланди"

Ўзбек имоми Диний қўмита раҳбариятини фитначи ва порахўрликда айблади

Шавкат Мирзиёев: Ислом ва Каримов ўртасида

"Энди идорамиз МХХдан буткул халос бўлади ва мустақил фаолият олиб боради", - деб айтганди диний идора ходимлар бўлимининг бошлиғи Абдулманнон Усмонов Би-би-си билан суҳбатда.

Унинг аниқлик киритишича, Айдарбек Тулепов диний идорада расман МХХ вакили сифатида фаолият юритган.

Мусулмонлар идораси совет давридан буён хавфсизлик хизматларининг қаттиқ назоратида бўлиб келган.

Мустақиллик йилларида бу назорат янада кучайгани айтилади.

https://t.me/bbcuzbek