Каттақўрғон милицияси раҳбарларига чора кўрилди

Озодлик Фото муаллифлик ҳуқуқи Ozozdlik

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри милицияси биносида ўғриликда гумонланган аёл таҳқирлангани юзасидан хизмат текширувини якунлаган ва у ерда ишлаганларга нисбатан чоралар кўрилган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар тарқатди.

Вазирлик хабарида айтилишича, текширув натижасига кўра, "хизмат вазифаларини ижро этишда қўпол камчиликларга йўл қўйиб, ходимларнинг хизмат олиб бориш фаолиятини тегишли тартибда назорат қилмаган ҳамда шахсий таркиб билан якка тартибдаги тарбиявий ишлар олиб борилишини етарли даражада ташкил этмаганликлари учун Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров, унинг биринчи ўринбосари Иззатилло Хўджамқулов ҳамда кадрлар бўйича ўринбосари Зафар Шералиев, шаҳар ИИБ ЖҚБ бошлиғи Алишер Шукуров Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ички ишлар органлари хизматидан бўшатилди, вилоят ИИБ ва шаҳар ИИБнинг бир қатор раҳбар ходимларига нисбатан бошқа интизомий жазо чоралари қўлланилди".

Бундан ташқари, хизмат вазифаларини бажармаган Каттақўрғон шаҳар ИИБ катта инспектор навбатчиси Насим Алиев ва навбатчи ёрдамчиси Жаҳонгир Шодиевлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганлар, Профилактика инспектори Шамшод Тўхтаев ички ишлар органлари сафидан бўшатилган.

Ўғриликда гумон қилинган аёлни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бошқармасининг ходими Санъат Умаров таҳқирлаб, ўзининг мобил телефонида видеога олгани хабар қилинган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар қилишича, Санъат Умаров ички ишлар органлари сафидан бўшатилиши билан бирга, унга нисбатан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.

Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётгани айтилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, "бундай ҳолатларга қатъиян йўл қўймаслик ҳамда ички ишлар органларида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг аҳволини ҳар томонлама ўрганиш, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш ва тегишли чора-тадбирлар кўриш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма фармойиши билан ишчи гуруҳи тузилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-майор П.Бобожонов раҳбарлигидаги ушбу ишчи гуруҳи Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятини ўрганмоқда".

Шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон туман ИИБ биноси йўлагида содир бўлган ҳодиса ҳақида "Озодлик" радиоси хабар тарқатди.

"Озодлик"нинг Facebook саҳифасида чоп этилган видеотасвирда ўрта ёшлардаги аёл кадр ортидаги эркакнинг таҳдид ва ҳақоратлашлари остида кийимларини бирма-бир ечишга мажбурланади.

Видеода ходимнинг "Еч иштонингни! Еч деяпман сенга, с...й" деган ўшқиришларини эшитиш мумкин.

Қўрқувдан овози қалтираётган ва ечинишдан ҳаё қилаётган аёлнинг "акажон, мен қилмаганман", деган сўзлари ходимни аёлни таҳқирлашдан тўхтатолмайди.

Видеода тасвирга тушмаган бошқа бир аёлнинг "илтимос, ундай қилманг" дея ёлворгани ҳам эшитилган.

ИИБ биносига олиб келинган аёлларнинг бир неча киши экани айтилмоқда.

Аммо таҳқирга дучор қилинган бошқа аёллар ҳақида маълумот йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ