Ўзбекистонда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилот борлигини билармидингиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ЎИҲҲҚЖФ
Image caption Consumers International Бош директори Аманда Лонг Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ушбу халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо бўлганини тасдиқловчи сертификатни топширди.

Ўзбекистоннинг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Халқаро истеъмолчилар ташкилоти - Consumers Internationalнинг тўлақонли аъзоси бўлди.

Ўзбекистонни ушбу нуфузли ташкилотга аъзо қилиш ҳақидаги қарор шу йил март ойида бўлиб ўтган Consumers International бошқарув раҳбарияти йиғилишида қабул қилинган эди.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов бошчилигидаги делегация Лондонга келди ва Consumers International ташкилоти раҳбарлари билан учрашди.

Consumers Internationalнинг Бош директори Аманда Лонг Жаҳонгир Саримсоқовга Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ушбу халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо бўлганини тасдиқловчи сертификатни топширди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ЎИҲҲҚЖФ Матбуот хизмати

Лондондаги мулоқотлар чоғи Ўзбекистон истеъмолчиларининг федерацияси фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видео лавҳа намойиш этилди.

Халқаро ташкилот раҳбарларига Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 14 та ҳудудий бирлашмани, 195 шаҳар ва туман жамиятларини бирлаштириши маълум қилинди.

Мамлакатда истеъмолчилар ҳуқуқлари тушунчасини кенг оммага етказиш, истеъмол маданиятини юксалтириш мақсадида салмоқли тарғибот ишлари амалга оширилаётгани қайд этилди.

Аммо кўп соҳаларда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам ҳамма ўзининг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини яхши билмайди, Consumers International билан Ўзбекистон истеъмолчилари федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик ўзбекистонликларнинг бу борадаги бохабарлигини яхшилашига умид қилинмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ