Ўзбекистон: ДХХ (МХХ) ҳамма ишни бир қўнғироқ билан битирадими?

ДХХ Қувасой ободонлаштириш бошқармасида ишлаб бир ойлик маошини ололмаган йигитнинг ойлигини бир қўнғироқ билан олиб берган. Бироқ ташкилотдаги бошқа ходимлар маошни вақтида олишда ҳамон муаммога дуч келмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Facebookдаги норасмий деб кўриладиган саҳифасида 15 июль куни Қувасойда бир ойлик маошини ололмаган йигитнинг муаммосини ҳал қилиб бергани ҳақидаги видеони қўйди. Бир муддат турган бу видео кейинчалик номаълум сабабларга кўра ўчириб ташланди.

Унда камера қаршисида турган Муроджон Мақсудов 2018 йилнинг 4 январидан Қувасой шаҳар ободонлаштириш бошқармасига ишга кириб февралнинг 21 чисигача ойлигини ололмагани айтади.

Мақсудов шундан сўнг муаммони ҳал қилиб беришни сўраб ДХХга мурожаат қилган.

"Ойлигимиз тушмаганидан кейин МХХга ариза билан мурожаат қилдик. Яхшиям шу болалар бор экан, битта телефон орқали, шу аризамизга қулоқ солиб, ҳеч қанақанги қоғоз ёзмасак ҳам ойликларимизни тушириб беришди. Ўша кундан бери бемалол ишлаб юрибмиз", дейди у.

Муроджон Мақсудов ДХХ ходимларига доим ишониш керак эканлигини таъкидлаган.

"Олдин сал ҳайиқармидик ё ўзимизни тортармидик, энди тушундик, кимга бориб шикоят қиладиган бўлсангиз ҳам эшитишяпти, гапингга қулоқ солишяпти. Мана шу болалар бор экан, бир оғиз гапи билан ишимиз юришиб кетди", дейди Муроджон Мақсудов.

Мақсудовнинг қалин кийиниб олгани видеонинг қишда ёки салқин кунларда олинганидан дарак беради.

Би-би-си Қувасой шаҳар ободонлаштириш бошқармаси билан боғланди.

Бошқарма раҳбарияти Муроджон Мақсудов ростдан ҳам маошини ололмаганини ва ДХХдан қўнғироқ бўлгач иши ҳал бўлганини тасдиқлади. Маошини олган Мақсудов ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб кетган.

Бироқ ташкилотдаги маош билан боғлиқ муаммо буткул ечилмаган.

"Ҳозир ҳам ишчиларимиз июн ойининг маошини ололгани йўқ. Тошкентдан меҳнат биржасининг ҳисобига пул туширилмаяпти. Тошкент пулни бериши билан ишчиларимизнинг ҳисоб рақамига пуллар тушади", дейди бошқарма раҳбариятидан масъул шахс.

Ўзбекистонда яқин яқингача ободонлаштириш ишлари ўқитувчи, шифокор каби бюджет ташкилоти ходимларининг зиммасига юкланиб келган.

Олий мажлис депутати Абдурашид Қодиров ободонлаштириш ишлари учун ҳар йили 800 миллиард сўм маблағ Жамоатчилик ишлари фондига ажратилишини айтган.

Депутатга кўра, бу маблағлар мақсадли сарфланмаганлиги сабаб ободонлаштириш ишлари ўқитувчи ва шифокорларга юкланиб келинган.

"Таълим ва тиббиёт ходимларига бажартирилиб келинган худдудлардаги ободонлаштириш каби ишларни эса 800 миллиард сўмга яқин жамғармага эга Жамоатчилик ишлари фонди маблағлари эвазига амалга ошириш керак", - деган депутат Абдурашид Қодиров.

Маҳаллий матбуот шундан сўнг ободонлаштириш учун ажратилган 800 миллиард сўм қаерга кетаяпти, дея савол ташлади.

Бироқ на ДХХ ва на прокуратура бу маблағлар нимага сарфланаётгани ҳақида текширув ўтказиб изоҳ берди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар