Ўзбекистон: Тошкент милиция опери наркотик ташлаб қўйганини тан олган аудио тарқалди

Тошкент шаҳар ИИББ катта тезкор ходими Фатҳиддин Нурутдиновнинг тадбиркор Жаҳонгир Умаровни қамоққа олиш учун наркотик ташлаб қўйганини тан олган аудио файл тарқалди.

Тадбиркорнинг қариндошлари судга тақдим қилинган аудио файл жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида ашёвий далил сифатида тингланган.

Суҳбатнинг сўнггида Фатҳиддин Нурутдинов наркотикни гумондорлар ерга қаратиб ётқизилган вақти катта тезликда солиб қўйганини айтган.

"Ҳамма ерда ётган бўлган. Момент, секундда уриб ташлаганман. Даже улар (шериклари) кўрмаган, шунақанги тез бўлганки, ҳеч ким кўрмаган", деб эътироф этади Фатҳиддин Нурутдиновга тегишли эканлиги айтилаётган овоз соҳиби.

Қўл остида 1,5 минг ходим ишлайдиган тадбиркор Жаҳонгир Умаров Тошкент ИИББда қийноқларга тутилган.

Жаҳонгир Умаров Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасида еган калтаклар зарбидан бир қовурғаси синган. Бадани моматалоқ бўлиб кетган. Суд тиббий экспертизаси ўз хулосасида тадбиркорнинг баданига тўмтоқ жисм билан зарба берилгани ва моматалоқ бўлиб кетгани ҳақида хулоса берган.

Экспертларга кўра, Жаҳонгир Умаров ушбу моматалоқларни ўзига зарба бериш орқали ёки йиқилиб тушиш орқали олиши мумкин эмаслигини билдирган.

Тадбиркор 2018 йилнинг 22 январ куни Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармаси уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор ходим Фатҳиддин Нуритдинов бошчилигида қўлга олинган.

Тадбиркорнинг судда маълум қилишича, уни Тошкент милиция идорасида аёвсиз калтаклашган. Натижада бир қовурғаси синиб кетган.

Уни Тошкент шаҳар биринчи сон шифохонаси олиб боришади. Судга тақдим қилинган хулосада шифокорлар Умаровнинг бир қовурғаси синганини қайд қилишган.

Жаҳонгир Умаров опиум моддасини истеъмол қилишда айбланиб, 14 март куни суд қилинган. Суд унга 35 миллион сўм жарима солган ва озодликка чиқарган.

Бироқ Бош прокуратура ушбу ҳукмдан норози бўлган ва қайта тергов ўтказган.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган судда Жаҳонгир Умаров опиум моддасини истеъмол қилмаганини, балки ушбу модда Тошкент ИИББ катта техкор ходими Фатҳиддин Нуритдинов томонидан ташлаб қўйилганини билдирган.

Тадбиркорнинг айтишича, бунинг ҳаммаси унинг бизнесини тортиб олиш учун уюштирилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek