Ўзбекистон: "Бизнесини тортиб олиш учун ўлдиришга ҳам тайёрлар"

Тадбиркор Фото муаллифлик ҳуқуқи Yelena Urlayeva

Инсон ҳақлари ҳимоячилари судланувчи Жаҳонгир Умаров юрак хуружини бошидан кечирганига қарамасдан прокурор ва судьялар суд жараёнини давом эттираётганларидан хавотир билдирмоқдалар, бемор одамни судга олиб келиб-олиб кетиш унинг ўлими билан тугаши мумкинлигидан огоҳлантирмоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Альянсига кўра, муваффақиятли тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг бизнеси, ишлаб чиқариш корхонасини тортиб олиш мақсадини кўзлаганлар.

Бу мақсадга эришиш йўлида Тошкент шаҳар милицияси мансабдорларидан фойдаланилган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари бизнесменни жиноятчи, гиёҳвандга чиқариш мақсадида унинг устидан сохта жиноят ишини ташкиллаштирганлар.

Тошкент шаҳар ИИББ катта тезкор ходими Фатҳиддин Нурутдинов Жаҳонгир Умаровни қамоққа олиш учун наркотик ташлаб қўйган ва буни Фатҳуддиновнинг ўзи тан олган овози ёзиб олинган.

Тадбиркорнинг қариндошлари судга тақдим қилинган аудио файл жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида ашёвий далил сифатида тингланган.

Инсон ҳақлари ҳимоячилари 51 ёшли Жаҳонгир Умаровнинг ёғ ва ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бизнесини тортиб олиш мақсадида қўзғатилган сохта жиноят иши эканига ишонадиган ҳужжатларга асосланган маҳкама Тошкентнинг Олмазор туман судида давом этмоқда.

Қўл остида 1500 ходим ишлайдиган тадбиркор Жаҳонгир Умаров ёнида "наркотик топилиб", шу йилнинг 22 январь куни ҳибсга олинган ва Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош Бошқармасининг биносида қийноқларга тутилган.

Жаҳонгир Умаров Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасида еган калтаклар зарбидан бир қовурғаси синган. Бадани моматалоқ бўлиб кетган. Суд-тиббий экспертиза ўз хулосасида тадбиркорнинг баданига тўмтоқ жисм билан зарба берилгани ва моматалоқ бўлиб кетгани ҳақида хулоса берган.

Судда кўрсатма бераётган Жаҳонгир Умаровнинг саломатлиги ёмонлашган ва суд залидан шифохонага олиб кетилган.

Шифохонада судланувчи инфарктга учрагани маълум бўлган.

Шунингдек, қон текшируви Жаҳонгир Умаров 5-6 ой олдин Гепатит С вирусини юқтирганини аниқлаган.

Судда Жаҳонгир Умаров тергов пайти Фатҳиддин Нурутдинов ўзига укол қилганини айтган ва вирус ўша укол орқали юққанига ишонишини билдирган.

Биби-си Олмазор туман судидаги маҳкамани кузатаётган журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулова билан суҳбатлашди, биз дастлаб нега фаоллар судланувчининг саломатлиги хавотир билдираётгани ҳақида сўрадик.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
"Бизнесини тортиб олиш учун ўлдиришга ҳам тайёрлар"

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ