Тошкент ИИББ: ҳибс пайтида Жаҳонгир Умаров баданида моматалоқ бор эди

Toshkent IIBB raddiyasi Фото муаллифлик ҳуқуқи Iibb.uz

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Олмазор туман маҳкамасидаги судда келтирилган кўрсатмаларга раддия эълон қилган. Тошкент милицияси матбуот хизмати тарқатган матнда айтилишича, 2018 йил 22 январь куни офисида қўлга олинган пайтидаёқ "Интеграл Инвест" корхонаснинги раҳбари Жаҳонгир Умаровнинг танасида "моматалоқ ва тирналган излар аниқланган".

"Интернетда Asiaterra.info сайтининг гўёки Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг Жаҳонгир Умаровга нисбатан ноқонуний амаллари ҳақида ахборот тарқалмоқда. Мақолада келтирилган фактлар ва хулосалар жуда эрта чиқарилган, деб ҳисоблаймиз", деб бошланади Тошкент ИИББ матбуот хизмати тарқатган хабар.

"Хабар қиламизки, Умаров ишлайдиган офисда ўтказилган тезкор тадбирлар чоғида унинг ёнидан умумий оғирлиги 10,22 грамм бўлган "опий" гиёҳвандлик моддаси аниқланган ва мусодара қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш очилди. Дастлабки тергов давомида Умаровнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 276-моддаси, 2-қисми, а-банди (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) бўйича белгиланган. Қўлга олиш чоғида унинг танасида гематомалар ва тирналган излар аниқланган, бу қўлга олинган шахснинг ҳужжатли тушунтириши билан тасдиқланади", дейилади ИИББ раддиясида.

"Ж.Умаровнинг барча важлари суд органлари томонидан белгиланган тартибда текширилади. Фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларининг ходимларини суд ишининг кўриб чиқилиши ниҳоясига етмагунча бевақт хулоса чиқармасликка чақирамиз", дейилади Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ўзининг iibb.uz расмий веб-сайтида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yelena Urlayeva

Ёғ ва ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва 1500 одамни иш билан таъминлаган "Интеграл Инвест" корхонасининг раҳбари 51 ёшли Жаҳонгир Умаров устидан қўзғатилган жиноят иши маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушди.

Март ойидан буён Тошкентнинг Олмазор туман судида кечаётган маҳкамада ички ишлар, прокуратура ва суд органлари томонидан Ўзбекистон қонунларига зид ҳаракатлар содир этилгани кузатувчилар томонидан таъкидланди.

Хусусан, инфарктга учраган инсонни шифохонадан судга олиб келиш ва олиб кетилгани масаласи.

Суднинг охирги мажлисларида судга аудио тақдим этилди, бу аудиода Тошкент шаҳар ИИББ катта тезкор ходими Фатҳиддин Нурутдинов Жаҳонгир Умаровни қамоққа олиш учун наркотик ташлаб қўйган ва буни Фатҳуддиновнинг ўзи тан олган овози ёзиб олинган.

Аудиода Фатҳиддин Нурутдинов наркотикни гумондорлар ерга қаратиб ётқизилган вақти катта тезликда солиб қўйганини айтган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
"Бизнесини тортиб олиш учун ўлдиришга ҳам тайёрлар"

"Ҳамма ерда ётган бўлган. Момент, секундда уриб ташлаганман. Даже улар (шериклари) кўрмаган, шунақанги тез бўлганки, ҳеч ким кўрмаган", деб эътироф этади Фатҳиддин Нурутдиновга тегишли эканлиги айтилаётган овоз соҳиби.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Альянсига кўра, муваффақиятли тадбиркор Жаҳонгир Умаровнинг бизнеси, ишлаб чиқариш корхонасини тортиб олиш мақсадини кўзлаганлар.

Бу мақсадга эришиш йўлида Тошкент шаҳар милицияси мансабдорларидан фойдаланилган.

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари бизнесменни жиноятчи, гиёҳвандга чиқариш мақсадида унинг устидан сохта жиноят ишини ташкиллаштирганлар.

Судда Жаҳонгир Умаров Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош Бошқармасининг биносининг тўртинчи қаватида қийноқларга тутилганини айтган.

Жаҳонгир Умаров Тошкент шаҳар милициясида еган калтаклар зарбидан бир қовурғаси синганини айтган.

Бадани моматалоқ бўлиб кетган.

Суд-тиббий экспертиза тадбиркорнинг баданига тўмтоқ жисм билан зарба берилгани ва моматалоқ бўлиб кетгани ҳақида хулоса берган.

Судда кўрсатма бераётган Жаҳонгир Умаровнинг саломатлиги ёмонлашган ва суд залидан шифохонага олиб кетилган.

Шифохонада судланувчи инфарктга учрагани маълум бўлди.

Шунингдек, қон текшируви Жаҳонгир Умаров 5-6 ой олдин Гепатит С вирусини юқтирганини аниқлаган.

Судда Жаҳонгир Умаров тергов пайти Фатҳиддин Нурутдинов ўзига укол қилганини айтган ва вирус ўша укол орқали юққанига ишонишини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ