Футбол: Месут Ўзил "ирқчилик" сабаб Германия миллий терма жамоасини тарк этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ian Walton/Getty Images
Image caption Месут Ўзил беш маротаба Германия миллий терма жамоасининг энг яхши ўйинчиси деб топилган

Арсенал футбол клубининг ярим ҳимоячиси Месут Ўзил Германияда ўзининг келиб чиқиши турк бўлгани учун "ирқчилик ва ҳурматсизлик"ка юз тутганини айтиб, халқаро футболни тарк этти.

29 яшар футболчи май ойида Лондонда ўтган тадбирда Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан бирга суратга тушгани учун танқид остида қолганди.

У сурат ортидан нафрат тўла мактублар ва таҳдидлар олгани, ҳамда Германиянинг Жаҳон Кубогидаги ожизлиги учун айбаланаётганини айтди.

Ўз Твиттер саҳифасида чоп қилган баёнотида Месут Ўзил "Агар ютсак, мен немисман, агар ютқазсак, муҳожирман," деб ёзди.

Германия футбол раҳбарияти ҳозирча муносабат билдирмади, аммо Канцлер Ангела Меркель Ўзил миллий жамоа учун жуда кўп хизмат қилганини айтиб, унинг қарорини ҳурмат қилишини билдирди.

Германияда туғилиб ўсган Ўзил 2014 йил Жаҳон Кубогини қўлга киритган немис миллий жамоасининг муҳим аъзоси эди.

Аммо Эрдўған билан сурати ортидан Германия футбол уюшмаси ДФБ ҳам уни қоралаган.

Ўзилнинг ёзишича, у Эрдўған Туркия Президенти бўлгани учун у билан ўз илдизлари ва бу мансабга ҳурмат юзасидан учрашган.

Аммо, Эрдўған Туркия матбуотида инсон ҳуқуқларини топташ ва юз минглаб одамларни ёппасига ҳибсга олишда айбланади. Унинг Германиядаги турклар орасида ўз президентлик сайловолди кампаниясини ўтказиши ман этилган.

Месут Ўзил Олмонияда яна зўрларнинг зўри

Месут Ўзил 'Арсенал', Лондон ва қандай мусулмон экани ҳақида

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek