Ўзбекистон, Навоий: ДХХ ва ИИВ ходимлари прокуратура терговчисини менсимайдими?

Калтаклар зарбидан Азамат Ғайбуллаевнинг бир кўзи кўрмай қолган
Image caption Калтаклар зарбидан Азамат Ғайбуллаевнинг бир кўзи кўрмай қолган

Навоийда қийноқ қўллаганликда гумон қилинаётган ДХХ, ИИВ ходимлари устидан учинчи марта жиноий иш очилди. Қийноқлар бўйича гувоҳларнинг 34 кўрсатмаси бўлишига қарамасдан жиноят аломатлари топилмади, деган важ билан бунгача иш икки марта ёпилган.

Жабрланганлар гумондор бўлиб турган орган ходимлари юзлаштирув чоғида уларга таҳдидлар қилганини айтишмоқда. Уларга кўра, ДХХ ва ИИВ ходимлари прокуратура терговчиси олдида ўзларини хўжайиндек тутишган.

Орган ходимларига очилган жиноят ишини Навоий прокуратураси терговчиси Бекзод Ражабов олиб бормоқда.

Жабрланувчиларнинг айтишича, қийноқ қўллашда гумонланаётган орган ходимлари юзлаштирув жараёнида ҳам таҳдид қилган

Орган ходимлари 2017 йилнинг феврал май ойлари оралиғида 4 гумондор ва 1 маҳкумни даҳшатли қийноқларга солгани айтилади.

Қийноқлар натижасида Ҳасан Арзиев оёқдан қолган. Абдувоси Яхшимуродзода ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган.

Жинсий аъзоларига сув тўлдирилган баклашка осилган Санъат Салимовнинг мояклари шишиб, юролмай қолган.

Азамат Ғайбуллаев бошидан калтак ейиш натижасида бир кўзи кўрмай қолган.

Ушбу ҳолатларга гувоҳ бўлганларнинг 34 та кўрсатмаси бор. Шу вақтга қийноқ бўйича 2 марта жиноий иш очилган.

Бироқ кўрсатилган важлар ўз исботини топмади деган сабаб билан ёпилиб кетган.

Терговчи Бекзод Ражабов Би-би-сига орган ходимларига нисбатан очилган жиноий иш қонун доирасида олиб борилаётганини билдирди.

Бироқ жабрланувчиларнинг яқинлари амалдан четлаштирилмаган ДХХ ва ИИВ ходимлари юзлаштирув чоғида терговчининг кўз ўнгида таҳдид қилгани учун адолатдан умид қилмаяпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek