"Мирзиёевнинг чарчашини ва яна ҳаммаси эскича бўлишини кутаётганлар бор..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов давридан фарқли равишда Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни билан йўлланган табриклар яширилмади.

Бугун Ўзбекистон президенти 61 ёшга тўлар экан, уни телефон орқали хусусан Россия, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой ва Туркия раҳбарлари қутлашган.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жамоатчилик ҳам бу санадан бебаҳра қолгани йўқ.

Мирзиёев номига билдирилган табрик ва фикрларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда янграб, баъзи интернет нашрлар ва журналистлар ҳам ушбу кун муносабати билан ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Кўпчилик президентни қутлаб, уни бошлаган ишларини тўхтатмасликка чорлаган бўлса, баъзилар Мирзиёевга ислоҳотларнинг кўп жабҳаларда оқсаётганини эслатишни маъқул кўришди. Унга мурожаат қилиб, маддоҳларнинг арзон сўзларига учмасликни, ўзгаришларни қоғозда эмас амалда қилишни сўрашди.

( Табриклар таҳрирсиз эълон қилинмоқда- таҳ)

Баходирхон Элибоев, ҳуқуқ фаоли: Тугилган кунингиз билан табриклайман, жаноб Президент!

Мана икки йилча вакт утдики юртни бошкариб келяпсиз. Икки йил тарих учун хеч нарса эмас. Шунинг учун хеч нарса узгармагандек. Айримларини куриб чикайликми? Таълим 11 йилликка утказилди ва укитувчилар сарсон. Мактаблар ва укитувчилари ислохга мухтож. Шифохонамиз мустакилликдан олдин кандай булса, хозир хам шундай. Кушимча бино курилмадиям. Ахоли сони ошган, лекин шифохоналарда койка муаммо! Истасангиз хожатхонасини расмини курсатаман. Богчалар ахволини айтмай, журналистлар курсатишди.

…Порталингизга карайлик. Товук "жужаларимни еб куйяпти" деб тулкининг устидан сизга мурожаат килса, мурожаатини тулкига юборяпсиз. "Сенга экан, куриб чик," деб. Халкни масхара киляпсизми? Суровнома утказиб куринг, халк ишонмайди.

Жаноб Президент, бугун сиз учун байрам. Биз эса юкоридаги муаммолар билан хар куни "байрамдамиз". Баъзан, биринчи Президент яхширокмиди деб уйлаб хам коламан. Хар куни уйимдан кучага чикаман, хеч кандай узгаришни сезмайман. Ижтимоий тармокда эса худдики, жаннатга киргандек буламан. Хаммаси зур, хаммаси жойида.

Исмат Хушев, журналист: Президентнинг қандай одам эканини билиш учун унинг бир иш кунини шарҳлаш кифоя.

Биз олис Канададан туриб унинг ғайрати ва шиддатига ҳавас қиламиз, қойил қоламиз.

Бугун у туғилган кунини ҳам уйда кутмайди. Тонгдан то тунгача ишлайди.

Эркин Воҳидовнинг: «Бизлар ишлаяпмиз, бу меҳнат холос» дегани каби, у эртадан кечгача ишлайди ва буни халқ бахт саодати йўлидаги оддий бир раҳбарнинг оддий бир иш куни деб билади

… Шавкат Мирзиёевни мен Цингапурнинг ислоҳотчи Бош вазири Ли Куан Юга ўхшатаман.. Ўшандай қаттиққўл, тартиб интизомли ва ўшандай ислоҳотчи.

Мусанниф Адҳам, блогер: Ҳурматли президент Шавкат ака Мирзиёев! Сизни чиройли қилиб мақташ қўлимдан келади - ҳар ҳолда анча-мунча маддоҳлардан кўра сўз бойлигим кўпроқ. Лекин шу мадҳиялар таъсирида ҳақдан узоқлашиб, иллюзияга - ёлғон тасаввурга кириб бораётгандексиз, чамамда.

Амалда президент бўлганингиздан буён қарийб икки йил ўтган бўлса, Ўзбекистонда анча яхши ўзгаришлар бўлди, иқтисодда ҳам, сиёсатда ҳам бир қадар юксалдик. Энг муҳими, сўз эркинлиги, фикр эркинлиги, дин эркинлиги, ҳаракат эркинлиги каби соҳаларда олдинга қараб силжидик. Матбуотнинг кучайиши, масжидларда азоннинг баланд овозда айтилиши, вилоятлар ўртасида халқнинг оёғига тушов бўлиб келган постларнинг олиб ташланиши, Тошкент пропискаси ва ОВИРни бекор қилишга ҳаракат (ҳозирча амалий иш бошланмаган бўлса ҳам) ва бошқа ҳолатларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Аммо сўнгги бир ойда яна орқага, Ислом Каримов бошқаруви давридаги ёпиқлик, ўз қобиғига ўралиш сиёсатига қайта бошлагандекмиз. Бу аввало, ҳар доимгидек диний сиёсатда кўриняпти: фаол имомлар ишдан бўшатилди, азон овози пасайтирилди, яна эски фобия - турли хил тўқима, фақат назариядагина мавжуд оқимлар ҳақидаги ваҳима бош кўтарди.

Ўзбекистондаги баъзи интернет нашрлари ҳам Мирзиёевнинг туғлиган кунида у ҳақда фиклари билан ўртоқлашишди:

Кун.уз: Бир ярим йиллик президентлик даври давомида у туб ислҳотлар ўтқазишга мувоффақ бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ислоҳотларнинг мамлакатни 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича бешта устувор йўналиши стратегияси ҳаракатлар дастурига айланди.

Қисқа вақт давомида Шавкат Мирзиёев реформатор сифатида ном чиқарди - давлат раҳбари давлат бошқаруви ва иқтисодиёт соҳаларини либерализация қилишга бел боғлади. Ташқи иқтисодиётда президент қўшнилар билан алоқаларни тиклагани кўп йиллик қотиб қолган минтақавий муаммоларнинг ечими сари олдинга қадам бўлди.

Виртуал қабулҳонанинг ишга тушиши президентнинг энг муҳим ташаббусларидан бирига айланди. Мамлакатдаги барча фуқаролар ўз муаммолари ва таклифлари билан қабулхоналарга мурожаат қилишлари мумкин.

Мирзиёев Каримов замонида мактаб ўз ҳолига ташлаб қўйилганини тан олди

‘Шавкат Мирзиёев Ислом Каримовдек тоталитар эмас’: Ўзбекистон-Туркия алоқаларининг истиқболига назар

Мирзиёев Ўзбекистон халқини Ҳайит билан табриклади

Узметроном.cом: Амалдаги давлат раҳбарини бутун халқ севади деб айтсак бўладими?

Йўқ, аммо бутун халқ унинг амалдорлар устидан жамоат назоратини ўрнатишга ва қонун олдида барчани баробар қилишга бўлган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши бор гап.

… Олтмиш бирга чиққанига қарамай президент Шавкат Мирзиёев жуда тез юраяпди. Унга етишиб юриши лозим бўлганлар ундан очиқчасига ортда қолиб кетишмоқда. Улар кутиб туришибди - унинг чарчашини, ҳаёт яна олдингидай оворагарчиликларсиз, бир текис давом этишини ва давлат ташкилотларининг яна ёғли, ҳукуматга ҳисоб бермайдиган жойга айланишини кутиб туришибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek