Ўзбекистон: Диний идорага "итоат этмаган" имомлар аслида кимлар эди?

Фаол намозхон болаларга велосипедлар совға қилган Самарқанд туманидаги масжид имом-хатиби Абдураҳим Пўлатов ишдан олинган. Диний идора имомнинг ишдан олиниши итоатсизлик ва топшириқларни пайсалга солиш деб изоҳлади.

Бу каби мазмун билан Ўзбекистондаги анча фаол ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлаётган бошқа баъзи имомлар ҳам ишдан олинган.

Абдураҳим Пўлатов айнан болалар масжидга фаол келгани ва совға берилгани учун кетгизилгани айтилмоқда.

11 май куни хабар.уз мухбири Каримберди Тўрамурод Самарқанд тумани Имом Аъзам масжиди томонидан ташкил қилинган мусобақа ҳақида хабар берди.

Унда ёзилишича, 40 кун бомдод намозини жамоат билан ўқиган 14 болага ҳомийлар велосипедлар тақдим қилган.

Хабар чиқиши билан масжид жамоати ва имом Абдураҳим Пўлатов атрофида қора булут айлана бошлаган.

Мақола чиққанидан сўнг масжидга Самарқанд жиноят қидирув бўлимидан ходим келган. У болаларга совға қилинган велосипедлар қаердан ва кимнинг пулига келганини суриштиришган.

Масжид қавми иш чигаллашмаслиги учун велосипедларни мақолада кўрсатилганидек ҳомийлар эмас, балки оталар ўз пулига олиб берганини айтишга мажбур бўлган.

Самарқанд вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов мақола чиққанидан сўнг дарҳол масжид имоми Абдураҳим Пўлатовни ҳузурига чақириб танбеҳ берган ва ўзбошимча ишлар қилмайман, деган мазмунда тилхат ёздириб олган.

Шундан сўнг, Би-би-сига маълум бўлишича, Зайниддин Эшонқулов Тошкентга бош муфтий Усмонхон Алимовга намозхон болаларга велосипед беришни ташкиллаштирган Абдураҳим Пўлатов устидан шикоят ёзади.

Унда Имом Аъзам масжиди имомига танбеҳ шаклида жазо беришингизни сўрайман, дейилади.

24 июль куни имом Абдураҳим Пўлатовнинг ишдан олингани маълум бўлди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ходимлар бўлими мудири Эрдон Эсоновнинг маълум қилишича, Абдураҳим Пўлатов топшириқларни пайсалга солиши, итоатсизлиги ва муомала маданияти имомликка нолойиқ бўлгани учун ишдан кетган.

Абдураҳим Пўлатов Самарқанддаги Имом Аъзам масжидини қурилишидан бери бош-қош бўлиб, ўша ерда имомлик қилиб келаётган бўлган.

Самарқанд вилоят ДХХси имом ҳақида қўлида "компромат", яъни номини қора қилувчи материал тўплаб қўйгани билан мақтанган. Имом жим юрмаса ушбу материллар ёрдамида уни қамаш мумкинлигига ишора қилишган.

Тошкент шаҳридаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов ҳақида интернетда номаълум шахс томонидан номини қораловчи мақола қўйилди.

Кўп вақт ўтмасдан Одилхон қори ишдан олинди. Диний идора раиси Усмонхон Алимов аввалига унинг ишдан олинишини соғлиғи муносабати билан деди. Бироқ кейинчалик имом "тартиб-интизомига риоя этмагани ва тасдиқланмаган хабарларни интернет орқали тарқатиш каби нуқсонлари" сабаб ишдан олингани маълум қилинди.

Одилхон қори Исмоилов маърузаларининг бирида болаларнинг масжидга қўйилишига изн берилганини айтган ва буни хушхабар деганди.

Facebookда изоҳ қолдираётган диндорлар Диний идора жамиятда фаол бўлган ва ўз фикрига эга имомларни ишдан олаётганини ёзмоқда.

Фаол имомларнинг ишдан олиниши Диний идорага режим бошлиғининг қайтишидан сўнг рўй бермоқда. Давлат Хавфсизлик Хизмати ходими Дилшод Ҳошимов шу йилнинг 12 июль куни раис ўринбосари сифатида тайинланган.

Интернетдаги фаоллар турли важлар билан ишдан олинган имомларнинг ишларини ва билдирган позицияларини, аслида диний идора гапириши ва қилиши керак бўлган ишлар эканлигини айтишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Алоқадор мавзулар