Ўзбекистон: Мирзиёев ислоҳотлари - хўжакўрсинми ё ҳақиқат?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amnesty International
Image caption Халқаро Амнистия йиллар давомида Ўзбекистондаги қийноқларга қарши кампания олиб борган

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш Халқаро Амнистия ташкилоти Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларга баҳо берган.

Amnesty International фикрича, Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам муҳим ислоҳотлар остонасида турибди.

Жорий йилнинг май ойида 14 йиллик танаффусдан сўнг Amnesty International ходимлари илк бор Ўзбекистонга расмий ташриф буюришган.

"Ўзбекистон расмийлари бизни илиқ кутиб олдилар ва биз турли олий мартабали амалдорлар, қатор юқори давлат ташкилотлари вакиллари билан учрашишга муваффақ бўлдик", - дейди ташкилот вакили Мари Стразерс.

Унинг сўзларига кўра, расмийлар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муҳитни яхшилаш ва мамлакат аҳолисининг турмуш шароитини ошириш йўлида ниятлари қатъий эканини таъкидлашган.

Айрим мулозимлар ҳатто ўтмишда Ўзбекистон томонидан кўп хатоларга йўл қўйилганини ҳам тан олганлар.

"Эндиги вазифа мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини яхшилаш", - деб айтишган улар.

Ўзбекистон: Маҳбусларга қўлланиладиган энг тарқалган қийноқ турлари

Нега Мирзиёев қўли остида ҳам қийноқлар тўхтамаяпти?

Amnesty вакиллари ташриф давомида умрининг 17 йилини панжара ортида ўтказган журналист Муҳаммад Бекжон ва 11 йил қамоқда ўтирган Эркин Мусаевлар билан учрашув ҳиссиётларга бой бўлганини алоҳида қайд этишган.

Кутилмаган ислоҳотлар

"Марҳум президент Ислом Каримов даврида мамлакатда қийноқлар авж олгани ҳеч кимга сир эмас. Шу йўл билан ўша вақтдаги ҳукумат ўзгача фикрловчиларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилиб келган.

Айни шу тизимнинг бир қисми бўлган Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрь ойида президент этиб сайланганида биз унинг маъмурияти инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашига жуда кам умид қилган эдик. Бироқ янги президент ҳаммани лол қолдирди. Бошқарувининг илк давридаёқ турли сиёсий айбловлар билан узоқ йиллардан бери панжара ортида ўтириб келаётган бир қанча шахслар озодликка чиқарилди.

Янги президент даврида мамлакат инсон ҳуқуқлари соҳасининг халқаро механизмлари билан алоқага киришишга иштиёқ билдирди. 2017 йилнинг май ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Олий Комиссарининг Ўзбекистонга мисли кўрилмаган ташрифи амалга оширилди.

Ўша йилнинг октябр ойида эса диний эркинлик масалалари бўйича БМТнинг махсус маърузачиси мамлакатга икки ҳафталик ташриф билан борди.

2017 йил ноябрь ойида яна бир ижобий ўзгариш юз берди: Президент Мирзиёев тергов вақтида қийноққа солишни тақиқлаш ва қийноқлар асосида олинган кўрсатмалардан судда далил сифатида фойдаланмасликка фармон берди.

2017 йил якунида Парламентга қилган мурожаатида эса Президент демократия тамойилларига амал қилиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш заруриятини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Президентнинг бу нутқини олдинроқ унинг фаолиятини танқидга тутганлар ва ислоҳотларига ишончсизлик билдирганлар ҳам эътироф этдилар. Биз Ўзбекистондаги ҳаёт ҳақиқатдан ҳам ўзгара бошлагани аломатларига ўзимиз гувоҳ бўлдик", - дейди Халқар Амнистиянинг минтақа бўйича тадқиқотчиси Светлана Воробьева.

У 3 февраль куни журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саидов (Саид) муддатидан олдин озодликка чиқарилгани ва ўзининг илк интервьюсида қамоқда руҳий ва жисмоний қийноқларга юз тутгани ҳақида сўзлаб берганини тилга олган.

Халқаро Амнистия Шавкат Мирзиёев ҳукуматини қийноқлар ҳақидаги барча даъволарни диққат билан ўрганиб чиқиш ва масъулларни жавобгарликка тортишга чақирмоқда.

Ташкилотга кўра, шундагина Ўзбекистон ҳукумати халқаро жамоатчиликни инсон ҳақларига доир халқаро қонунларни ҳимоя қилиши ва Ўзбекистонда яшаётган барчанинг ҳаётини яхшилашга қатъий бел боғлаганига ишонтира олади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek